Марғилонда «Марғилон атласи ва адраси» фестивали бўлиб ўтади
2026 йил 17–19 сентябрь кунлари Марғилон шаҳрида миллий ҳунармандчилик ҳамда анъанавий атлас ва адрас матоларининг бетакрор гўзаллигига бағишланган «Марғилон атласи ва адраси» фестивали бўлиб ўтади.

Тадбир «Фарғона водийси дурдонаси» — «Бурҳониддин Марғиноний» илмий-маърифий ва туристик мажмуаси ҳудудида ташкил этилади.
Уч кун давомида ташриф буюрувчилар Марғилоннинг бой маданий мероси, миллий ҳунармандчилик анъаналари ҳамда ипакчилик ва тўқимачилик соҳасида шаклланган кўп асрлик тажриба билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўладилар.
Фестивал дастуридан миллий атлас ва адрас матолари намуналари намойиши, миллий либослар кўргазмаси, анъанавий ҳунармандчиликка бағишланган тақдимотлар, шунингдек, Марғилоннинг ноёб маданий меросини оммалаштиришга қаратилган тадбирлар ўрин олади.
Марғилон атласи ва адраси нафақат миллий тўқимачилик санъатининг муҳим таркибий қисми, балки ўзбек халқининг анъаналари ва бой маданий меросини акс эттирувчи ноёб ҳунармандчилик намунасидир.
«Марғилон атласи ва адраси» фестивали миллий қадриятларни асраб-авайлаш, анъанавий ҳунармандчиликни оммалаштириш ва Марғилоннинг туристик салоҳиятини янада ривожлантиришга хизмат қилишга қаратилган.
Ташкилотчилар миллий санъат ва ҳунармандчиликни, атлас ва адраснинг ёрқин намуналарини ҳамда Марғилоннинг бой маданий муҳитини ўзида бирлаштирадиган ушбу фестивалга барча хоҳловчиларни таклиф этадилар.