Лайфстайл

“Мақсадим фақат пул топиш бўлганида рози бўлардим”: “Севишганлар” филми юлдузи Прити Жангиани нега тўсатдан кинони тарк этган?

“Мақсадим фақат пул топиш бўлганида рози бўлардим”: “Севишганлар” филми юлдузи Прити Жангиани нега бирдан кинони тарк этган?

Прити Жангиани Болливудга Ҳиндистон жанубидан келган ва ҳанузгача ўз ижодий салоҳиятини турли филмларда намойиш этиб келмоқда. “Севишганлар” мелодрамасида ёш бева аёл образини жуда яхши гавдалантирган актрисанинг саккизта филмда суратга тушгани кўпчиликка маълум бўлмаса керак.

Прити Жангиани 1980-йил 18-августда Мумбайда туғилган. У оиланинг кенжа қизи эди. Катта опаси Дипа билан бирга Прити 10 ёшигача малика бўлишни орзу қилади, шу сабаб ота-онаси унга чиройли тож совға қилади.

“Ўшанда ойнага қараб, саҳнага чиқишимни ва одамлар гўзаллигимга қойил қолишларини тасаввур қилгандим”, деб эслайди актриса табассум билан.

Бир неча йил ўтгач, реклама агентлари ёш Притига эътибор қаратишади ва шундан сўнг у шоу-бизнеснинг жўшқин оламига кириб келади. Суратга олиш, шартномалар тузиш, рекламаларда қатнашиш ва клипларда кўриниш бериш қизга кино оламига йўл очади.

Жуда банд бўлгани сабабли у ҳатто мактабни ташлашга мажбур бўлади, ўқишини якунлай олмайди. 1999-йилда Прити учта филмда дебют қилади. Булар: бош ролни Паван Калян ижро этган телугу тилидаги “Кичик биродар”, Кунчаско Бобан иштирокидаги “Камалак” малаялам романтик триллери ва Прашантҳ қатнашган тамил тилидаги “Салом” романтик драмаси.

Шу тариқа, “Севишганлар” мелодрамаси орқали Болливудда илк бор кўринганида, Прити Жангиани кинога эндигина кириб келганлардан эмас эди. “Севишганлар” танқидчилар эътирофига сазовор бўлади ва кассада ҳам юқори даромад келтиради.

Муваффақият тўлқинида Приити “Севги бебаҳо” ва “Кутилмаган бурилиш” комедияларида, шунингдек, “Чизиқ бўйлаб” ва “Бўри” жанговар филмларида иштирок этади. Улардан кейин “Назорат чизиғи” ва “Мағрурлик” драмаларида рол ўйнайди, бироқ Прити кино саноатида бошқалардан ажралиб туришга эриша олмайди.

У бир нечта тилдаги филмларда суратга тушишга муваффақ бўлади, ҳатто Покистон киносида ҳам қатнашади, аммо роллари оддий бўлиб, актрисани бошқалардан фарқлаб турмасди. Буни ўзи ҳам англагач, Болливудни тарк этади.

“Мен хоҳлаган карьерамга эриша олмадим. Менга таклиф қилинган роллардан норози эдим. Фақат бош ролларни орзу қилганман демайман, лекин улар филмда ҳеч бўлмаганда сужетга таъсир кўрсатувчи маънога эга бўлиши керак эди. Бу мен учун муҳим эди. Болливуд менга бундай нарсани таклиф қилмади. Шунинг учун ўзимнинг ёки мухлисларимнинг ҳафсаласини пир қилгандан кўра кетганим маъқул, деб ўйладим”, деб тан олади Прити.

“Менга кўплаб телекўрсатувлар, ҳатто реалити-шоулардан таклиф тушганди, лекин ўзим хоҳламадим. Мақсадим фақат пул топиш бўлганида, рози бўлардим. Аммо актёрлик ўзга нарса. Телевидениени ёмонламоқчи эмасман, бироқ бу узоқ муддатли мажбурият. Рафиқа ва икки фарзанднинг онаси сифатида буни уддалолмасдим”, дея қўшимча қилади у.

2000-йиллар ўрталарида Прити режиссор Фироз Надиадваланинг укаси Муштақ Хон билан унаштирилади. Бироқ жуфтлик номаълум сабабларга кўра унаштирувни бекор қилади.

2006-йилда “Севги билан” филмининг суратга олиш майдончасида Прити актёр Парвин Дабас билан танишади. Улар 2008-йил 23-мартда турмуш қуришади ва уч йилдан сўнг ўғилли бўлишади. 2016-йилда Прити Дев исмли яна бир ўғлини дунёга келтиради.

Кейинчалик Прити ва Парвин ўзларининг продюсерлик компаниясини ташкил этишади, эри компания продюсери бўлади. Шунча йилдан сўнг Прити Болливудга 23-июн куни СонйЛИ да премьераси бўлган “Кафас” драмаси билан экранларга қайтди. Бу Британиянинг 2019-йилги “Ифлос пуллар” мини-сериалининг ҳиндча варианти. Филмда бош ролларни Шарман Жоши ва Мона Сингх ижро этган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.