“Манчестер Сити” ЖЧда порлаган футболчи билан келишувга эришди

“Манчестер Сити” ЖЧда порлаган футболчи билан келишувга эришди
“Манчестер Сити” клуби Франсиянинг “Лилл” жамоаси ярим ҳимоячиси Айюб Буадди билан келишувга эришгани ҳақида Гоал нашри хабар берди.
Буадди “Лилл” сафидаги муваффақиятли мавсумдан сўнг, шунингдек, 2026-йил ёзида Марокаш терма жамоаси таркибида Жаҳон чемпионатидаги ажойиб иштирокидан кейин Европанинг етакчи клублари эътиборини тортган эди.
Аввалроқ Буаддига “Арсенал”, “Манчестер Юнайтед”, “ПСЖ” ва “Бавария” каби клублар қизиқиш билдиргани айтилган эди, бироқ 18 ёшли ярим ҳимоячи учун курашда “Ман Сити” устунлик қилмоқда.
“Шаҳарликлар” Буадди билан оғзаки келишувга эришган ва ҳозирда “Лилл” билан Айюб учун тўланадиган товон пули миқдорини муҳокама қилмоқда. “Манчестер Сити” Родрининг келажаги қандай бўлишидан қатъи назар, Буаддини сотиб олиш ниятида.
Футболчининг трансфери 100 миллион евродан юқори суммага амалга ошиши мумкинми, деган саволга “Лилл” президенти Оливье Летанг қатъий жавоб берди:
“Бугунги кунда ягона ҳақиқат шуки, Айюб 100 фоиз ъЛиллъ футболчиси. Ҳа, бизга расмий таклифлар келиб тушди, аммо улар мутлақо қониқарли эмас. Чунки Айюб биз учун ҳам, клубнинг спорт лойиҳаси учун ҳам ниҳоятда муҳим ва таянч футболчи ҳисобланади”, деди Летанг.
Шунга қарамай, икки клуб ўртасидаги музокаралар жадал давом этмоқда. “Лилл” марокашлик иқтидор эгасини қўйиб юбориш учун жуда юқори миқдордаги трансфер пули талаб қилмоқда. Клуб футболчини нафақат спорт, балки тижорий нуқтаи назардан ҳам энг қиммат активларидан бири сифатида баҳоламоқда.
Журналист Флориан Плеттенбергнинг маълум қилишича, Айюб Буадди вазиятини Европанинг бир қатор топ-клублари диққат билан кузатиб бормоқда. Шунга қарамай, музокаралардаги сезиларли силжиш ва молиявий имкониятлари туфайли айнан “Манчестер Сити” трансферни якунлаш учун энг яқин номзод бўлиб турибди.

