Технология

Маълумот алмашиш, молиявий саводхонлик, эскирган ёндашувлардан воз кечиш. Экспертлар — МОда кибертаҳдидлардан ҳимояланиш ҳақида

Тошкентда ўтган ФинТеч форумда экспертлар Марказий Осиё мамлакатларига киберхавфсизлик соҳасида ўзаро ҳамкорлик асосида доимий маълумот алмашиш ва молиявий саводхонликни оширишга устувор аҳамият беришни, шунингдек, ҳимояда ъескирган ёндашувларданъ воз кечишни тавсия қилди.

Маълумот алмашиш, молиявий саводхонлик, эскирган ёндашувлардан воз кечиш. Экспертлар — МОда кибертаҳдидлардан ҳимояланиш ҳақида

Марказий Осиё давлатлари киберхавфсизликда ўзаро ҳамкорликка таянган ҳолда мунтазам маълумот алмашишга ва фуқароларнинг молиявий саводхонлигини оширишга устувор эътибор қаратиши, шунингдек, ҳимоя механизмларини ишлаб чиқишда “эскирган ёндашувлардан” воз кечиб, “бугунги кун воқелигидан келиб чиқиб” иш юритиши мақсадга мувофиқ. 24−26-август кунлари Тошкентда ўтган Силк Роад Финансе & Течнологй Форум доирасидаги “СИ тезлиги даражасидаги ишонч: тўлов тизимлари хавфсизлигини таъминлаш ва фирибгарликдан ҳимояланиш” панелида экспертлар шу фикрларни билдирди.

КПМГ Узбекистан киберхавфсизлик бўйича раҳбари Артём Саидовнинг айтишича, бугун Марказий Осиё рақамли трансформациянинг энг фаол босқичида турибди. Пул маблағларининг мамлакат ичида ва трансчегаравий ҳаракати тезлашгани кибержиноятчилик ва фирибгарликдан ҳимояланиш усулларини сезиларли даражада ўзгартирди. Ҳозир сунъий интеллект фирибгарлар ва молия институтларининг имкониятларини бирдек кенгайтирмоқда.

Хусусан, молиявий фирибгарлар автоматлаштирилган разведка ва кенг кўламли мураккаб ижтимоий муҳандисликдан фойдаланса, молия институтлари муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш учун скоринг, хулқ-атвор таҳлили, рискларни башорат қилувчи моделлаштириш ва автоматлаштирилган жавоб чораларига таянмоқда. Эндиликда ишонч статик мувофиқликка эмас, фаол ва динамик барқарорликка асосланади.

Ўзбекистон Марказий банки департамент бошлиғи Мирзабек Бобожоновга кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда рақамли тўловлардан фойдаланиш ҳажми тез суръатларда ошмоқда. Хусусан, мамлакатда рақамли тўловлардан фойдаланиш даражаси 2021-йилда 39 фоиз бўлган бўлса, 2025-йилга келиб бу кўрсаткич 72 фоизга етди. МБ вакили бу ҳолатни янги технологиялар ва янги лойиҳаларни синаб кўришга тайёр ёш аҳоли билан изоҳлади. Рақамли тўловлардан фойдаланиш ошгани сари хавфсизлик масаласи ҳам янада долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис хавфсизлик рақамлаштириш кенгайиши билан бир вақтда кучайтириб борилиши керак.

“Сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг жадал ривожланиши, афсуски, мамлакатимизда айрим хатарларни ҳам юзага келтирмоқда. Шу боис, хавфсизлик масаласи рақамлаштириш билан бирга кучайтирилиши керак деб ҳисоблайман. МБ сифатида биз киберхавфсизликни илғор тажрибалар асосида, энг сўнгги халқаро стандартлар ва сиёсатлар билан тартибга солишга ҳаракат қиляпмиз”, — дейди Бобожонов.

Регулятор вакилининг таъкидлашича, назорат қилишда мувофиқликка асосланган ёндашувдан рискларни бошқаришга асосланган ёндашувга ўтиш — ҳозир МБ амалга ошираётган энг муҳим ўзгаришдир. Кибертаҳдидлар табиати кундан-кунга ўзгариб бораётганини ҳисобга олиб, МБ бу борада киберхавфларга таяниб иш кўрмоқда. Бобожонов МБ яқинда рақамлаштириш бўйича лойиҳани якунлаб, унинг доирасида бир нечта ҳужжатлар ишлаб чиққанини маълум қилди.

“Шулардан бири — банк сектори учун киберхавфсизлик стратегияси. Иккинчиси — тижорат банклари ва тўлов ташкилотларининг етуклик даражасига асосланган рискларни баҳолаш методологияси. Асосий эътиборни кибертаҳдидлар ва фирибгарликка учраши хавфи юқори бўлган муассасаларга қаратишни режалаштиряпмиз. Чунки барча ташкилотларни қамраб ололмаймиз, ҳар бирини бориб текширишнинг имкони йўқ. Шунинг учун риск даражаси (юқори, ўрта ёки паст) ва ташкилотнинг етуклик даражаси диққат марказимизда бўлади”, — дея тушунтирди у.

Бобожоновнинг сўзларига кўра, МБ янги киберхавфсизлик тизимини ишлаб чиққан ва уни келгуси йилдан ишга туширишни режалаштирмоқда. Унинг айтишича, янги тизим бутунлай бошқача назорат талабларини ўз ичига олади.

“Биз ҳар бир ташкилотнинг етуклик ва риск даражасини назорат қиламиз, асосий эътиборни шуларга қаратамиз. Унда етукликнинг тўртта даражаси бўлади. Масалан, тизимли аҳамиятга эга банклар энг қатъий қоидаларга амал қилиши керак бўлади. Мижозлари унчалик кўп бўлмаган, рақамлаштириш даражаси паст банклар эса биз белгилаган энг минимал талабларни бажаради”, — деди у.

Мирзабек Бобожоновнинг айтишича, соҳада “таҳдидлар ландшафти ҳам ўзгариб бормоқда”. Эндиликда нафақат банк инфратузилмасига ҳужумлар, балки ижтимоий муҳандислик, фишинг ҳужумлари ва аккаунтларни эгаллаб олиш ҳолатлари ҳам тобора кўпаймоқда.

Жорий йил бошидан бери тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари томонидан 18 миллионга яқин шубҳали транзаксия тўхтатиб қолинган. Бобожоновнинг таъкидлашича, бу молия ташкилотларига нисбатан сунъий интеллектга асосланган фирибгарликка қарши курашиш тизимига эга бўлиш талаби қўйилгани билан боғлиқ.

“Шунга қарамай, фуқароларнинг молиявий саводхонлиги пастлиги сабаб бу фирибгарларга қарши 100 фоизлик ҳимояни таъминлайди дегани эмас. Шу сабабли, ҳар бир киши янада эҳтиёткор бўлиши керак, чунки таҳдидлар, ҳужумчилар ёки фирибгарлар қўллайдиган усуллар кундан-кунга ўзгариб бормоқда. Шунинг учун биз янги ҳужумлар ёки фирибгарлик ҳолатларига доим тайёр туришимиз керак”, — дея қайд этди у.

Виса компаниясининг Консалтинг ва таҳлил бўйича катта директори Николай Бернштейн фирибгарликларнинг олдини олишда рискларни тўғри бошқариш ва инсон омили марказий ўрин тутишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, киберҳужумлар занжиридаги энг заиф бўғин — инсон. Фирибгарлар одамлар ишончидан фойдаланади. Қолаверса, рақамли тўловлар ҳажми ошгани сайин киберхавфлар майдони ва рисклар ҳам кенгайиб боради.

“Асосий муаммо ҳам айнан шунда. Яъни, гап ишончда эмас, балки биз — барча хизмат кўрсатувчилар, эмитентлар, тармоқлар ва бошқалар — ўз зиммамизга олишимиз керак бўлган рискларда. Ва биз бу рискларни тўғри бошқаришимиз лозим, — деди Бернштейн. — Бугунги кунда экотизим дуч келаётган асосий муаммо ва қийинчиликлар тўлов тизимлари ёки экотизимнинг ўзига боғлиқ эмас. Бу кўпроқ энг заиф бўғинга, яъни шу ерда ўтирган биз — инсонларга боғлиқ. Бундан келиб чиқадиган асосий хулоса шуки, биз мижозларимизнинг молиявий саводхонлиги ва хабардорлигини оширишга жиддий эътибор қаратишимиз керак”.

“Ипак Йўли Банк” Бош ижрочи директори Умид Ҳакимов Ички ишлар вазирлигининг расмий статистикасига таяниб, сўнгги беш йил ичида кибержиноятлар сони 4800 тадан 62 000 дан зиёдгача ошганини маълум қилди. Шу даврда жисмоний шахслар ва компанияларнинг тан олинган умумий йўқотишлари 3,8 трлн сўмдан ошган. Умид Ҳакимов буни “жуда катта рақам” деб атаб, ушбу сумманинг тахминан ярми 2025-йилга тўғри келганини айтди.

Умид Ҳакимов шу ўринда икки жиҳатга эътибор қаратди.

“Биринчидан, молиявий саводхонлик, яъни одамларни ўқитиш, хабардорлигини ошириш керак. Чунки [рақамли тўловлардан] фойдаланиш даражаси 39 фоиздан 72 фоизга ошгани шуни англатадики, [рақамли] тўлов тизимидан биринчи марта фойдаланаётган янги фойдаланувчилар сони жуда кўп. Демак, улар хавфсизлик, маълумотларни ҳимоя қилиш ва ҳоказолар бўйича бошланғич билимларга эга эмас”, — дея тушунтирди у.

Иккинчи жиҳат, Ҳакимовга кўра, Ўзбекистон иқтисодиётининг энг катта қисмини ташкил этувчи кичик ва ўрта бизнеснинг кибертаҳдидлар олдида заифлигидир.

“Кўпинча кичик ва ўрта бизнес компанияларининг штатида ахборот технологиялари ёки киберхавфсизлик бўйича мутахассислар бўлмайди. Бу эса бутун масъулиятни номутаносиб равишда тижорат банклари зиммасига юклайди. Банклар кичик ва ўрта бизнес мижозлари томонидан келаётган маълумотларни ҳимоя қилиш ва уларнинг хатоларини тузатиш учун ўз киберхавфсизлик тизимларида тегишли чораларни жорий этиш орқали бу масалага эътибор қаратмоқда”, — деди Умид Ҳакимов.

Марказий Осиё давлатлари учун қимматга тушиши мумкин бўлган хатоларга тўхталар экан, Виса компанияси вакили Николай Бернштейн фирибгарларга киберҳужумларнинг янги усулларини ўйлаб топиш ва яратиш учун дақиқалар етарли эканини, уларга қарши ҳимоя механизмларини ишлаб чиқиш эса ҳали ҳам “эскирган ёндашувлар” асосидаги ташкилий ва бюрократик жараёнлар сабаб вақт олаётганини қайд этди.

“Ҳозирги кунда ижтимоий муҳандислик жуда осонлашиб кетган. Фойдаланувчиларни фишинг орқали алдаш учун сохта электрон хатлар яратишга бир неча дақиқа кифоя қилади. Якуний фойдаланувчилар ва мижозларга ҳужум қилиш учун маълум бир зарарли дастурларни яратишга ҳам дақиқалар, сониялар етарли, шундай эмасми? Ёки дипфейклар — ҳозир уларни яратиш ва нусхалаш ҳам жуда осон. Бу унчалик катта маҳорат талаб қилмайди”, — дея таъкидлади Бернштейн.

Унинг сўзларига кўра, ижтимоий муҳандислик орқали киберҳужумлар усулларини бироз вақт сарфлаб, сунъий интеллектнинг ўзидан фойдаланиб ўрганиш мумкин. Саволлар тўғри берилса, мавжуд моделларнинг ўзи таълим мақсадларида буни қандай яратишни тушунтириб беради. Айни пайтда, ҳимоя томони, Бернштейннинг қайд этишича, бугунги кун воқелигига қараб эмас, эскирган ёндашув асосида иш кўришда давом этмоқда.

“Дунё миқёсидаги асосий муаммо шундаки, кўплаб банклар, компаниялар ва ҳатто назорат қилувчи органлар ҳам ҳимояни бугунги кун воқелигига қараб эмас, эскирган ёндашув асосида қурмоқда. Албатта, назорат қилувчи органларга янгиликларни жорий қилиш учун вақт керак, чунки қоидаларни ўрнатиш учун битта тугмани босиш кифоя эмас. Бу маълум бир тасдиқлаш занжиридан ўтиши ва ҳоказолар талаб этади. Лекин биз тезроқ жавоб қайтара олишимиз, яъни эмитентлар, банклар бунга фақат тартибга солувчи талаб сифатида қарамасдан, киберхавфсизликка тўғри сармоя киритиши учун юқори раҳбариятнинг қўллаб-қувватлаши зарур”, — дея тушунтирди мутахассис.

Унинг сўзларига кўра, фирибгарликни сунъий интеллект ёрдамида осонлик билан бартараф этиш мумкин.

“Инсон катта ҳажмдаги маълумотларни назорат қилиши жисмонан имконсиз бўлган ҳолатлар бор, сунъий интеллект эса буни миллисониялар ичида бажаради. Масалан, биз — Виса — миллиардлаб тўловларни қайта ишлаймиз. Ва ўз кўникмаларимизга, сунъий интеллект борасидаги билимларимизга таяниб, бу қонуний тўловми ёки йўқми, хавфсиз тўловми ёки йўқми, деган қарорни реал вақт режимида қабул қилишимиз керак. Жавоб беришимиз учун эса атиги миллисониялар бор”, — деди Бернштейн.

Шунга қарамай, мутахассис “сунъий интеллект ҳамма дардга даво эмаслигини” эслатди. Унга сармоя киритиш, ўрганиш, кейин уни ташкилотнинг ички жараёнларига мослаштириш учун вақт талаб этилади. Умуман, кибертаҳдидларга қарши курашда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ва молия ташкилотларининг самарали ҳимоя механизмларини ишлаб чиқиши бирдек муҳим.

“Асака Банк” Ахборот хавфсизлиги департаменти директори Зоҳир Мирзаев ҳам бугунги кунда киберҳужумларга тезкор жавоб қайтариш муҳимлигини тасдиқлади.

“Ҳужумларни аниқлаш учун илгари 6 соатдан 12 соатгача вақт талаб этиларди. Афсуски, ҳозирга келиб бу вақт кескин қисқарди ва қисқаришда давом этмоқда. Бугун агар сиз ҳужумни бир ярим ёки ярим соат ичида аниқлай олмасангиз, тажовузкор тизимингизни бузиб кириши мумкин… Бугунги кунда шунчаки бузиб киришни аниқлаш эмас, балки ўша заифликларни ўз вақтида хавфсиз тарзда аниқлаш ва бартараф этиш муҳим”, — дея таъкидлади у.

Шу сабабли, Мирзаевнинг айтишича, ҳозирда сунъий интеллект ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида катта ёрдамчига айланган. Сунъий интеллект ресурс ва вақт борасидаги тўсиқларни сезиларли даражада камайтириш, шу билан бирга иловани тестдан ўтказиш, заифликларни топиш ва буларнинг барчасини ўз вақтида бартараф этишга катта ёрдам беради.

Муҳокамалар якунида Марказий Осиё молия сектори келгуси бир йилда тўловларга нисбатан ишончни сақлаб қолиш учун қайси йўналишни ривожлантириши керак — қобилият, технология, бошқарув ёки ҳамкорлик, деган савол қўйилди. Мутахассислар бир овоздан ўзаро ҳамкорлик устувор аҳамиятга эга эканини таъкидлашди.

“Агар биттасини танлаш керак бўлса, мен ҳамкорликни танлаган бўлардим. Чунки фирибгарлик ва кибержиноят ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларни реал вақт режимида улашиш молиявий ташкилотларга жуда катта ёрдам беради. Ҳеч бир банк, тартибга солувчи орган ёки бошқа провайдер реал вақт режимида содир бўлаётган ҳужумлар ёки фирибгарликларга ёлғиз ўзи қарши тура олмайди. Шу сабабли, ҳозирги кунда тажриба ва маълумот алмашиш жуда муҳим”, — деди МБ вакили Мирзабек Бобожонов.

Виса вакили Николай Бернштейн киберхавфсизлик соҳасида тажриба алмашиш шарт эканини таъкидлади. Унинг фирибгарларни мисол келтириб, улар ўз экотизимларини, ўз тизимларида нима иш бериши, нима иш бермаслигини, умуман тажрибаларини ўзаро бўлишишини айтди.

“Киберхавфсизликда биз ҳам шундай қилишимиз керак. Бу „керак“ эмас, балки „шарт“. Акс ҳолда, муваффақиятга эриша олмаймиз. Шундай ҳолатлар борки, кўплаб банклар, эмитентлар ёки ҳатто назорат қилувчи органлар ҳам маълумот улашишни хоҳламайди. Буни тушунаман. Лекин, айни пайтда, тасаввур қилинг, мен Х банкининг ахборот хавфсизлиги бўйича бошлиғиман ва Й банкига ҳужум бўлаётганини биламан. Демак, мен тайёр тураман. У ерда нима бўлаётганидан хабардор бўламан”, — дея тушунтирди у.

Бернштейн Скандинавия мамлакатлари мисолида орттирган тажрибасига таяниб айтишича, бир банк ҳужумга учраса, бир неча соат ёки бир неча кун ичида бошқа бир банкка ҳам ҳужум қилинади. Бунда биринчи ҳужум бошқа банкларни эҳтимолий ҳужумга тайёр туришга ундайди.

“Шундай экан, маълумот алмашиш жамият учун, айниқса, ёпиқ доираларда жуда муҳим. Ҳатто баъзан маълумотни ошкор қилмаслик тўғрисидаги қатъий келишув асосида бўлса ҳам. Яъни, агар мен маълумот улашсам, бу, ҳатто назорат қилувчи орган томонидан ҳам, менга қарши ишлатилмайди дегани. Шу билан бирга, агар мен ҳимояланиш учун қандай йўл тутганимни бошқалар билан бўлишсам, бошқа банклар ҳам ўз манфаатлари йўлида худди шундай йўл тутиши мумкин”, — деди мутахассис.

“Асака Банк” вакили Зоҳир Мирзаев маълумот ва тажриба алмашишнинг аҳамияти ҳақидаги фикрларни қўллаб-қувватлаб, бу жараён аллақачон бошланганини, келгусида эса янада такомиллашиб, банклар ўртасидаги барча ахборот алмашинуви автоматик тарзда йўлга қўйилишига ишонч билдирди.

Шу билан бирга, банклар фаолиятида шаффофлик ва фойдаланувчилар орасидаги кибергигиена ҳам муҳим эканини қайд этди.

“Банклар ўз мижозлари учун шаффоф бўлиши, кибергигиена ҳақида кўпроқ маълумот бериб бориши лозим. Буни мактаблардан, институтлардан бошлаш керак. Одамлар ўз иловаларидан қандай тўғри фойдаланишни, шахсий маълумотлари бирор жойга чиқиб кетмаслиги учун уларни қандай тасарруф этишни ва ҳар хил бегона дастурларни ўрнатмаслик кераклигини тушунишлари зарур”, — деди Зоҳир Мирзаев. — “90 фоиз ҳимоя — бу дастурий иловадан тўғри фойдаланиш, қолган 10 фоизини эса банк таъминлайди. Шу боис, энг асосийси — ўз мижозлари учун очиқлик ва шаффофликдир”.

Муҳокамаларга якун ясар экан, Артём Саидов ҳамкасбларининг мулоҳазаларини тасдиқлаб, маълумот алмашиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини қайд этди.

“Барқарорликка асосланмаган тезлик бу — тизимли заифлик демак. Маълумот алмашиш устувор аҳамиятга эга. Ишонч — рақамли иқтисодиётнинг „валютаси“ ва сунъий интеллект даврида бу ишончни мустаҳкамлаш Марказий Осиё молия соҳасининг келажагини белгилаб беради”, — дея хулоса қилди у.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.