Маҳаллий

Малайзияга сафар ўзбекистонликлар учун янада осонлашиши мумкин

Ўзбекистон ва Малайзия томонлари ўзбекистонликлар учун 30 кунгача визасиз тартибни янада соддалаштириш, шунингдек, узоқ муддатли виза олиш жараёнларини енгиллаштириш истиқболларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон фуқаролари учун Малайзияга саёҳат қилиш жараёни янада қулайлашиши мумкин. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар беришича, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси вакиллари Малайзия Миграция департаменти бош директори ўринбосари Аминудин бин Яҳая билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон фуқаролари учун Малайзияда 30 кунгача визасиз қолиш тартибини соддалаштириш ҳамда узоқ муддатли визаларни олиш жараёнларини енгиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон томони мамлакат фуқаролари визасиз кириши мумкин бўлган давлатлар сонини ошириш ва виза жараёнларини либераллаштириш бўйича олиб борилаётган ишларни тақдим этди. Шунингдек, хавфсиз ташқи меҳнат миграциясини ташкил этиш, чет элда ишлаётган ва таҳсил олаётган ўзбекистонликларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон дунёнинг 93 дан ортиқ мамлакати фуқаролари учун визасиз тартибни жорий этган. Бундан ташқари, 70 дан зиёд давлат фуқаролари учун электрон виза тизими йўлга қўйилган.

Томонлар Ўзбекистон ва Малайзия раҳбарларининг ўзаро ташрифлари натижасида савдо-иқтисодий, туризм, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар фаоллашиб бораётганини таъкидладилар.

Аминудин бин Яҳая сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида сайёҳлар оқими ортиб бораётганини қайд этди. Малайзия Миграция департаменти маълумотларига кўра, мамлакатда қонуний бўлиб туриш учун рухсатнома олган Ўзбекистон фуқаролари сони ҳам кўпаймоқда.

Ўзбекистонликлар Малайзияга асосан таълим олиш ва малакали мутахассис сифатида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадида бораётгани маълум қилинди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.