Макрон инсониятни СИ борасида «даҳшатли хато»га йўл қўймасликка чақирди
Эммануел Макрон инсоният сунъий интеллект билан боғлиқ даҳшатли хатога қандай қилиб йўл қўймаслиги мумкинлигини сўзлаб берди.

Макрон инсониятни СИ бўйича «даҳшатли хато»дан огоҳлантирди
Франсия президенти Эммануел Макрон бепул платформалар ҳамда генератив сунъий интеллектнинг (СИ) кинематографияга таҳдиди ҳақида гапирар экан, агар СИ ижодкорлар ўрнини эгаллашга даъво қилса, бу жуда катта хато бўлишини айтди.
У жанубий кореялик ҳамкасби Ли Чже Мён билан бирга «Люмер саммити»нинг очилишида нутқ сўзлади.
«Агар ҳисоблаш қудрати ижодий қудратга айланиши мумкин деб ўйласак, даҳшатли хатога йўл қўйган бўламиз. У ижод деб аталадиган нарсага тақлид қилиши мумкин. Аммо у ҳеч қачон инсон ижодининг мутлақ ўзига хослигини алмаштира олмайди. Унда фақат унинг кўриниши бор, холос», – деди Макрон.
Франсия президентининг айтишича, сунъий интеллект «бизга хос бўлган ҳиссиётни маълум маънода тақлид қилади, холос». У «ушбу сунъий интеллектни ижодкорлик хизматига қўйиш» вазифасини замонамизнинг яна бир чақириғи деб атади ва СИ технологиялари устидан «назоратни қайтаришга» чақирди, бироқ аниқ чораларни таклиф этмади.
«Биз сунъий интеллект янада масъулиятли ва инсон манфаатларига кўпроқ урғу берган ҳолда ривожланадиган даврни бошлашимиз керак», – деди ўз навбатида Ли Чже Мён.
Феврал ойида Макрон видеоўйинлар ва сунъий интеллект сабаб ёшларнинг руҳий саломатлигига оид хавфларни ўрганишни таклиф қилган ва чекловлар бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаган эди. Президентнинг сўзларига кўра, чат-ботлар инсон хулқ-атвори ва ҳамдардлигига тақлид қилади, «дўстлардек мулоқот қилади» ва бу «салбий оқибатларга олиб келиши» ҳамда ёшларнинг «яккаланиб қолишини» кучайтириши мумкин.
Шунингдек, Франсия етакчиси сунъий интеллект ёрдамида яратилган контентни «СИ томонидан яратилган» деган мажбурий белги билан тамғалашни таклиф қилган. «Буни амалга оширишга имкон берадиган Европа меёрий ҳужжатлари бизда бор. Мен Еврокомиссиядан бу талабни қатъий сўрайман ва ундан чекинмайман», – деган эди у ўшанда.

