Мажбурий ижро тизимида 36,3 триллион сўм ундирилди
Жорий йилнинг ўтган даврида Мажбурий ижро бюроси томонидан амалга оширилган ундирувлар ўтган йилга нисбатан 10,7

Мажбурий ижро тизимида 36,3 триллион сўм ундирилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) органлари томонидан 2026-йилнинг ўтган даврида жами 36,3 триллион сўмлик ундирув таъминланди. Бу ҳақда Бюро Ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов иштирокидаги брифингда маълум қилинди.
Қайд этилишича, ундирилган маблағлар миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,7 триллион сўмга кўпайган. Маблағларнинг 25,6 триллион сўми давлат фойдасига, 9,7 триллион сўми тадбиркорлик субьектлари ва бошқа ташкилотлар фойдасига ундирилган. Фуқаролар манфаати учун эса 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.
Шунингдек, 1,3 миллионта ижро ҳужжати ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида соддалаштирилган тартибда ижро этилган.
Хусусан, ҳисобот даврида 2 триллион сўмлик алимент маблағлари ундирилган. Алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан 346 нафар фуқарога жами 18,6 миллиард сўм тўлаб берилган.
Манзилли ишлар натижасида алимент тўлаши лозим бўлган ва ишсиз юрган 13,4 минг нафар фуқаронинг ишга жойлашишига кўмаклашилган. Шунингдек, 7,1 мингдан ортиқ оила яраштирилган.
Ноқонуний равишда ишдан бўшатилган 344 нафар фуқаро аввалги иш жойига тикланган. Улар фойдасига 15,2 миллиард сўмлик иш ҳақи ва бошқа тўловлар ундириб берилган.

