«Лукойл»нинг Россиядаги тўртта йирик нефт заводидан учтаси ишини тўхтатди
Россиянинг «Лукойл» нефт компаниясига қарашли тўртта нефтни қайта ишлаш заводидан учтаси Украина Қуролли кучларининг дрон ҳужумларидан сўнг фаолиятини тўхтатди. Айни пайтда компаниянинг Россиядаги заводлари орасида фақат Ухтадаги корхона ишлашда давом этмоқда.

«Лукойл»нинг Россиядаги тўртта йирик нефтни қайта ишлаш заводидан учтаси фаолиятини тўхтатди.
Реутерс агентлигининг 26-августдаги хабарига кўра, Россиянинг «Лукойл» компаниясига тегишли тўртта нефтни қайта ишлаш заводидан учтаси дрон ҳужумлари натижасида ишламай қолган. Бу маълумот учта манбага таяниб берилган.
Нижний Новгород вилоятининг Кстово шаҳридаги «Лукойл-Нижегороднефтеоргсинтез» заводи тунги ҳужумдан сўнг фаолиятини тўхтатган. Бу завод Россияда нефтни қайта ишлаш ҳажми бўйича тўртинчи, бензин ишлаб чиқариш бўйича эса иккинчи йирик корхона ҳисобланади. У йилига қарийб 15 миллион тонна нефтни қайта ишлаш ва тахминан 5 миллион тонна бензин ишлаб чиқариш қувватига эга.
Реутерс манбасининг таъкидлашича, дрон ҳужуми натижасида заводдаги бир нечта технологик қурилмалар, сехлараро коммуникациялар ва умумзавод обьектлари шикастланган. Шу сабабли корхона вақтинча ишини тўхтатган. Заводни таъмирлаш ва ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўйиш учун қанча вақт кетиши ҳозирча номаълум.
Кстоводаги заводдан ташқари, «Лукойл»нинг Волгограддаги нефтни қайта ишлаш корхонаси ҳам 31-июлга ўтар кечаси содир бўлган ҳужумдан кейин ишини тўхтатишга мажбур бўлган эди. Компаниянинг Пермдаги НҚЗ эса 21-августга ўтар кечаси амалга оширилган ҳужумдан сўнг фаолиятини тўхтатган.
Шу тариқа, ҳозирда «Лукойл»нинг Россиядаги тўртта нефтни қайта ишлаш заводидан фақат биттаси – «Лукойл-Ухтанефтепереработка» ишламоқда.
Украина Қуролли кучлари Россиянинг турли ҳудудларидаги нефтни қайта ишлаш обьектларига мунтазам равишда дронлар билан зарба бермоқда. Хусусан, 25-августга ўтар кечаси Ростов вилоятидаги обьектларга қилинган ҳужумлардан сўнг, маҳаллий ҳокимият Новошахтинск шаҳридаги нефтни қайта ишлаш корхонасига зарар етганини маълум қилди. Натижада бу завод ҳам ишини тўхтатишга мажбур бўлган.
Бундан ташқари, июл ойи охиридаги ҳужумдан кейин Тюмендаги нефтни қайта ишлаш заводи ҳам вақтинча фаолиятини тўхтатган эди. Реутерс манбаларига кўра, зарба натижасида корхонада дизел ёнилғисини гидротозалаш қурилмасида ёнғин чиққан. Шунингдек, юқори октанли бензин ишлаб чиқаришга мўлжалланган комплекс қурилма ҳам ишдан чиққан бўлиши мумкинлиги хабар қилинган.

