Литвада россияликларга уй сотиб олиш чекланиши мумкин
Литва ҳукумати Россия ва Беларус фуқароларига стратегик аҳамиятга эга обьектлар яқинида кўчмас мулк сотиб олишни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Чеклов мамлакатда яшаш рухсатномаси бор шахсларга ҳам татбиқ этилиши кўзда тутилган.

Литвада россияликларнинг уй харид қилишига чеклов қўйилиши мумкин
ДВ нашри Литва миллий радио ва телевидениеси — ЛРТга таяниб хабар беришича, ҳукумат бу лойиҳани 30-сентабр куни маъқуллаган.
Ҳужжат разведка фаолияти ҳамда «гибрид операциялар», жумладан, ҳарбий машғулотларни кузатиш ва қўшинлар ҳаракатини назорат қилиш имкониятларини камайтиришга қаратилган.
Лойиҳага мувофиқ, Россия ва Беларус фуқаролари стратегик обьектларга яқин ҳудудларда кўчмас мулк харид қила олмайди. Уларнинг вақтинчалик ёки доимий яшаш рухсатномасига эгалиги истисно учун асос бўлмайди. Бироқ мулк мерос орқали олинган ҳолатларга тақиқ татбиқ этилмайди.
Агар қонун лойиҳаси парламент — Сейм томонидан ҳам маъқулланса, ўзгартишлар 2027-йил 1-январдан кучга киради.
Литва Марказий реестрининг жорий йил май ойидаги маълумотларига кўра, мамлакатда яшаш рухсатномасига эга 5 104 нафар Россия ва 2 781 нафар Беларус фуқароси кўчмас мулк сотиб олган. Бу мулкларнинг айримлари стратегик аҳамиятга эга обьектлар яқинида жойлашган.
Хабарда қайд этилишича, Латвия ва Финландияда шунга ўхшаш чекловлар амал қилмоқда. Эстония ҳам бундай тақиқни жорий этишни режалаштирмоқда.
Литва парламенти апрел охирида Россия ва Беларус фуқароларига нисбатан санксиялар тўғрисидаги қонун амал қилиш муддатини 2027-йил 31-декабргача узайтирган эди. Янги лойиҳа кўчмас мулк харидига доир чекловларни яшаш рухсатномаси бор шахсларга ҳам кенгайтиришни назарда тутмоқда.

