Дунё

Литва Россия билан урушга тайёргарлик кўрмоқда: эвакуация режаси тузилди

Литва Россия билан уруш эҳтимолига ҳозирлик кўрмоқда: эвакуация режаси ишлаб чиқилди

Литва ҳарбий тўқнашув ёки катта инқироз юзага келган тақдирда пойтахт Вилнюс аҳолисини эвакуация қилиш бўйича режа тайёрлади. Пойтахтни эвакуация қилишнинг учта асосий йўналишидан бири Полша чегараси томон олиб боради.

Полшанинг Подляс ваеводлиги ҳукумати ушбу ҳудудни Болтиқбўйи мамлакатлари аҳолиси учун транзит коридори сифатида тайёрламоқда. Режага кўра, эвакуация тартиби хавфнинг қаерда жойлашгани ва унинг кўламига қараб белгиланади. Полшадан ташқари, Литванинг шимоли ва ғарбига олиб борувчи йўллар ҳам назарда тутилган.

Вилнюс шаҳар муниципалитетининг Фуқаро муҳофазаси департаменти вакили Жигимантас Соловёвас ҳокимият янгиланган эвакуация режасини бир йил аввал тақдим этганини маълум қилди.

“Пойтахтдан чиқувчи эвакуация йўлларидан бири Полшага олиб бориши керак”, деди у.

Шу билан бирга, эвакуация бевосита хавф юзага келишидан олдин бошланиши керак. Вилнюс аҳолисига ҳужум вақтида шаҳардан чиқиб кетишга умид қилмаслик тавсия этилади.

“Вилнюсликлар ҳужум пайтида эвакуация йўналишларидан бири орқали шаҳарни тарк эта оламиз деб ўйламаслиги керак”, деди Соловёвас.

Тинч аҳоли тўғридан тўғри ҳужум пайтида бошпаналарга яширинишлари лозим. Шаҳар маъмурияти вакилига кўра, режанинг мақсадларидан бири аҳолини эвакуация уюшган ва назорат қилинадиган жараён бўлиши кераклигига тайёрлашдир.

Полшанинг Подляс ваеводлиги Болтиқбўйи давлатлари учун минтақавий эвакуацияни режалаштириш тизимига киритилган. Маҳаллий ҳокимият органлари фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш режаларини тайёрлашда иштирок этмоқда.

“Полские Радио” нашрининг ёзишича, бу қарор Полшанинг шарқий чегараси яқинидаги уруш ва вазият янада кескинлашиб кетиши хавфи билан боғлиқ. Шу сабабли, бу Вилнюс аҳолисини ҳозирнинг ўзида эвакуация қилишни англатмайди. Бу фақат ҳарбий хавф ёки йирик инқироз учун олдиндан тайёрланган ссенарийдир.

Россия 2025-йилда НАТО мамлакатларидан бирига ҳужум қилиши мумкинлиги тахмин қилинган эди. Украинадаги уруш давом этаётган бўлса-да, Европада “тажовузкор” мамлакатнинг бостириб кириши ҳақидаги хавотирлар сўнгги пайтларда кучаймоқда. Москва эса ҳеч кимга ҳужум қилиш нияти йўқлигини таъкидлаб келади.

Аввалроқ Германия шифохоналарини Россия билан эҳтимолий урушга тайёрлаётгани ҳақида хабар берилганди. Таъкидланишича, Берлин расмийси мамлакат соғлиқни сақлаш тизими ҳарбий тўқнашувга тайёр эмаслигини тан олган. Ҳукумат ҳарбийлар учун махсус бункерни қайта ишга туширишни буюрган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.