Лавровнинг Эронга ташрифи, Саудияга келаётган Британия қирувчилари – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Лавровнинг Эронга сафари, Саудияга йўл олаётган Британия қирувчилари — кун дайжести
Украина президенти Володимир Зеленский 20-октабр куни Ослода АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф билан урушни якунлаш бўйича музокара ўтказди. Учрашувда Европа Иттифоқи ва НАТО вакиллари ҳам қатнашган. «Тинчлик олиб келишга ёрдам берадиган барча алоқаларни сақлаб қоляпмиз», деди Зеленский Ослога келгач.
Ахиосъга кўра, Уиткофф бугун Санкт-Петербургга бориб, Владимир Путин билан учрашади. У Ослода муҳокама қилинган урушни тугатиш бўйича янгиланган режани унга тақдим этади.
Мумбайда бўлиб турган АҚШ давлат котиби Марко Рубио Украина учун европаликлар маблағи ҳисобидан тўланган ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталарининг бир партияси етказилмаган бўлиши мумкинлигини тан олди. Бироқ у бунинг ортида сиёсий мақсад йўқлигини таъкидлади.
Киев ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар 9-октабрда АҚШ ва Россия ўртасида дизел ёқилғиси бўйича келишув эълон қилинганидан кейин кескинлашиб бормоқда.
АҚШ президенти Доналд Трамп эса келаси ой Осиёга сафари чоғида Хитой раиси Си Жинпинг ва Россия президенти Владимир Путин билан уч томонлама учрашув ўтказишга тайёрлигини айтди. Трамп журналистларга учрашувда ядро қуроли ва қуролсизланиш масаласи кўрилишини, агар Си буни хоҳласа, ўзи рози эканини билдирди.
Олдинроқ расмий Москва уч етакчи Хитойдаги саммит доирасида учрашиши мумкинлигини маълум қилганди. ВСЖъга кўра, Путин бундай учрашувдан Зеленскийсиз, Москва учун фойдали тинчлик келишувига эришиш учун фойдаланмоқчи.
Буюк Британия Саудия Арабистони шаҳарлари ва муҳим инфратузилмасини ҳусийларнинг ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун «Тйпҳоон» қирувчи самолётларини юборади.
Британия мудофаа вазирлигига кўра, Қироллик ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчилари фақат мудофаа вазифасини бажаради ва ҳусийларга қарши ҳужумларда қатнашмайди. Лондон ҳусийларнинг ҳужумлари минтақа барқарорлигига таҳдид солаётганини, энергия таъминоти ва савдо йўлларини издан чиқариш хавфини туғдираётганини таъкидламоқда.
«Ҳусийларнинг иттифоқчимиз Саудия Арабистонига давом этаётган ҳужумлари мутлақо жирканч», деди Буюк Британия мудофаа вазири.
Реутерсънинг ёзишича, ёрдам Саудия ҳукумати сўровига жавобан кўрсатилмоқда. Лондон, шунингдек, Саудияга А400М «Атлас» транспорт самолёти ва ҳарбий маслаҳатчилар юборади. Сентабрда эълон қилинган ёрдам доирасида Британия ҳавода ёқилғи қуядиган «Воягер» самолётини юборганди, аммо қирувчилар ҳақида гап бўлмаган.

