Латвия Россия билан алоқаларни узиш учун Евроиттифоқдан 7 млрд евро сўради

Латвия Бош вазири Андрис Кулбергс Евроиттифоқдан Россия билан алоқаларни узиш ва мудофаа харажатларини қоплаш учун 7 миллиард евро миқдорида қўшимча маблағ ажратишни сўради. Бу маблағ Евроиттифоқнинг келгуси етти йиллик бюджетидан ажратилиши кутилмоқда. Бу ҳақда “РБК” Политисо нашрига таяниб хабар берди.
Ушбу сумма Латвиянинг етти йиллик мудофаа бюджетининг қарийб ярмини ташкил этади, чунки мамлакат бу даврда мудофаага 15,12 миллиард евро сарфлашни режалаштирган. Кулбергснинг таъкидлашича, Латвия Ғарб мамлакатлари хавфсизлигини таъминламоқда.
“Биз бюджет дефицитини ошириб, бутун Европа мудофааси учун тўлов қиляпмиз”, деди бош вазир.
Унинг қўшимча қилишича, ажратилган маблағнинг катта қисми Германия, Франсия, Испания, Швеция ва Нидерландиядан қурол сотиб олиш орқали Европанинг ўзига қайтади. “Прогрессивлар” партиясидан бош вазирликка номзод Андрис Шуваевс эса Риганинг Москвага нисбатан сиёсати вақт ўтиши билан ўзгаришини билдирди.
“Мен Латвиянинг Россияга нисбатан ташқи сиёсати вақт ўтиши билан юмшашига 100 фоиз аминман”, деди Шуваевс.
Унинг фикрича, баъзи россиялик тадбиркорларнинг санксиялардан озод қилиниши бунинг белгиси бўлиб, айрим вазирлар Россия ҳақида дўстона оҳангда гапира бошлайди.
Июн ойида Латвия бош вазири Россия билан савдо алоқаларини тўхтатиш ниятида эканини маълум қилган эди. У бу алоқаларни кераксиз қарамлик деб баҳолаган. Шунингдек, у савдо алоқаларини узиш Евроиттифоқ билан келишилган ҳолда амалга оширилиши кераклигини таъкидлади, чунки Латвия ЙИ ягона савдо ҳудудига киради.
Кулбергснинг сўзларига кўра, мамлакат фармацевтика саноати бошқа бозорга тезда мослаша олмайди. Ҳукумат бу масалани фармацевтика компаниялари раҳбарлари билан муҳокама қилмоқчи. Бош вазир фармацевтика ишлаб чиқариш қувватлари Латвия мудофааси учун муҳим бўлиши мумкинлигини айтди.
“Бу имкониятларни сақлаб қолиш керак”, деб таъкидлади у.
Кулбергс Латвия ҳукумати раҳбарлигига 28-май куни келган эди. У парламентдаги нутқида хавфсизлик, иқтисодиёт ва давлат бошқарувини ҳукуматнинг устувор йўналишлари деб атаган. Бош вазир Латвия энди қарздор бўлиб яшай олмаслигини ва давлат маблағларидан оқилона фойдаланиш кераклигини билдирган.
Аввалроқ Латвияда рус тилини ОАВдан бутунлай олиб ташлаш талаб қилингани ҳақида хабар берилганди. Мамлакат маданият вазири Наурис Пунтулисга кўра, ҳозирги ҳарбий-сиёсий вазиятда унинг мавжуд бўлиши учун ҳеч қандай асос йўқ.

