КХДР саккиз кун ичида иккинчи марта ракета учирди
Шимолий Корея шарқий соҳилидан Япон денгизи томон иккита қисқа масофали баллистик ракета учирди. Жанубий Корея ҳарбийларига кўра, биринчи ракета қарийб 450 километр, иккинчиси эса 600 километрдан ортиқ масофани босиб ўтган.

КХДР саккиз кун ичида иккинчи бор ракета учирди
Корея Халқ Демократик Республикаси 20-сентабр, якшанба куни қисқа масофали иккита баллистик ракетани синовдан ўтказди.
Жанубий Корея Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси берган маълумотга кўра, ракеталар Шимолий Кореянинг шарқий қирғоғидан Япон денгизи томон учирилган. Икки учириш орасида қарийб уч соат вақт ўтган.
Биринчи ракета маҳаллий вақт билан соат 15:00 лар атрофида Вонсан шаҳри яқинидан учирилган ва тахминан 450 километр масофани босиб ўтган.
Иккинчи ракета эса соат 17:50 ларда қайд этилган. У 600 километрдан ортиқ масофага учган.
Жанубий Корея ва АҚШ ҳарбийлари ракеталарнинг аниқ тури ҳамда техник хусусиятларини аниқлаш учун қўшма таҳлил олиб бормоқда.
Япония ҳукумати Шимолий Кореяга кескин норозилик билдирди ва ракета учиришларини минтақадаги тинчлик ҳамда хавфсизликка таҳдид деб атади.
Синовлар аввалги учиришлардан саккиз кун ўтиб амалга оширилди. Жанубий Корея ҳарбийлари 12-сентабр куни ҳам Вонсан ҳудудидан Япон денгизи томон бир нечта баллистик ракета учирилганини маълум қилган эди.
Янги ракета синовлари Пхенян ўзини ядро қуролига эга давлат деб яна бир бор эълон қилиб, Атом энергияси халқаро агентлигининг ядровий фаолиятни тўхтатиш ҳақидаги резолюциясини рад этганидан бир неча кун ўтиб ўтказилди.
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон мамлакатнинг ядровий давлат мақоми «мутлақ» эканини айтди. У Пхенян ядровий қуролдан воз кечишига умид қилаётганларни кескин танқид қилди.
АҚШ президенти Доналд Трамп август ойида Шимолий Кореяда 57 та «жуда кучли» ядровий жанговар каллак борлигини айтган эди.
Жанубий Корея томони эса Пхенян ихтиёридаги ядровий каллаклар сонини 80 тадан 120 тагача деб баҳоламоқда. Бу рақамлар мустақил равишда тасдиқланмаган.
Шимолий Корея қуролли кучлари 12-сентабр куни артиллерия ва ракета бўлинмалари иштирокида кенг кўламли зарба бериш машқларини ўтказган.

