Дунё

КХДР ҳарбийлари Россияга юбориш учун сараланмоқда - Зеленский

Украина президенти Володимир Зеленский разведка маълумотларига таяниб, Шимолий Корея Россияга яна қарийб 10 минг нафар ҳарбий хизматчини юборишга тайёрланаётганини билдирди. Унинг айтишича, ҳозир Россия ҳудудида 8 мингдан ортиқ шимолий кореялик ҳарбий бор.

КХДР ҳарбийлари Россияга жўнатиш учун сараланмоқда — Зеленский

ДВ хабарига кўра, Зеленский бу ҳақда 28-сентабр, душанба куни кечки мурожаатида айтган. У Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси ҳисоботидаги «янги маълумотлар»га таянган.

Украина президентининг сўзларига кўра, ҳозирда КХДР ҳарбийлари тайёргарликдан ўтказиш ва кейин Россияга юбориш учун танлаб олинмоқда.

Зеленский, шунингдек, Россия расмийлари Украинага қарши урушда қатнашиш учун хорижликларни ёллаш ҳажмини оширишни режалаштираётганини ҳам билдирган.

«Россия ўз армиясига одамларни жалб қилаётган мамлакатлар ҳукуматлари бунга қарши чора кўриши муҳим. Биз ҳар бир ҳукуматни хабардор қиламиз», - деган у.

Жанубий Корея разведкаси ҳисоб-китобига кўра, Шимолий Корея Россияни урушда қўллаб-қувватлаш учун жами 15 мингга яқин ҳарбий хизматчи юборган. Тахмин қилинишича, Пхенян бунинг эвазига Москвадан пул, ҳарбий технологиялар ва хавфсизлик кафолатларини олмоқда.

Зеленский август ойида КХДР Россия ҳудудига 30 мингдан 50 минг нафаргача ҳарбий жойлаштириш ниятида эканини айтган эди.

Зеленскийнинг янги баёноти Украина ва Жанубий Корея ўртасида бир неча кун аввал юзага келган келишмовчилик фонида янгради.

Жанубий Корея президенти Ли Чже Мён Зеленскийни махфийлик ҳақидаги келишувни бузганликда айблаб, Украина расмийларини кескин танқид қилган. Бунга Зеленскийнинг Курск вилоятидаги жангларда Украина Қуролли кучлари томонидан асир олинган икки нафар шимолий кореялик аскарнинг Сеулга топширилгани ҳақида очиқ айтиб бергани сабаб бўлган.

Зеленский офиси эса икки давлат ўртасида бу маълумотни ошкор қилмаслик бўйича келишув бўлмаганини маълум қилган. Сеул бу жавобни ёлғон деб атаган.

Ёнҳап агентлиги хабарига кўра, 28-сентабр куни Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги Украина элчиси вазифасини бажарувчини чақиртирган. Вазир ўринбосари украиналик дипломатга ушбу масала бўйича Сеулнинг қатъий позициясини етказган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.