Маҳаллий

Кузбассда оғир жароҳат олган ўзбекистонлик Тошкентга олиб келинади

Россиянинг Кузбасс ҳудудида баландликдан йиқилиб, оғир жароҳат олган Ўзбекистон фуқаросини даволанишни давом эттириш учун авиарейс орқали Тошкентга олиб келиш чоралари кўрилмоқда. Айни пайтда унинг аҳволи барқарор, ҳаёти учун хавф йўқ.

Кузбассда жиддий жароҳат олган ўзбекистонлик фуқаро Тошкентга олиб келинади.

"Дунё" ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консули Аслам Акбаров Кузбасс клиник кончилар саломатлигини муҳофаза қилиш марказининг нейрохирургия бўлимида даволанаётган Ўзбекистон фуқароси Б.T.ning аҳволидан хабар олди.

Бош консул тиббиёт муассасасида беморнинг ҳолати билан танишиб, уни даволаётган шифокор билан суҳбатлашди. Шифокорнинг маълумотига кўра, Ўзбекистон фуқароси баландликдан йиқилиш натижасида тўртта умуртқаси, қовурғалари, оёқ панжаси ва тиззасидан жароҳат олган.

Унга зудлик билан умуртқа ва тизза бўғимида иккита жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Шунингдек, беморнинг ҳаракатланишини барқарорлаштириш мақсадида зарур махсус тиббий мосламалар ўрнатилган.

Ҳозирда беморнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда ва шифокорларнинг таъкидлашича, унинг ҳаёти учун хавф йўқ.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлигининг Новосибирскдаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ватандошнинг даволанишини Ўзбекистонда давом эттириш масаласи ҳал қилинмоқда. Хусусан, уни авиарейс орқали Тошкентга етказиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.