«Курьерлар одам эмасми?» - ресторандаги можаро ва 5 суткалик қамоқ
Тошкентдаги Брассерие Парк ресторани ходими пиёдалар йўлагидан ўтган курьерга дўқ қилиб, ҳақоратлагани учун 5 суткага маъмурий қамоққа олинди. Можародан кейин ҳокимлик текширув ўтказиб, рестораннинг йўлакдаги ёзги майдончасини олиб ташлади. Kun.uz воқеа тафсилотларини ўрганди.

«Курьерлар одам эмасми?» - ресторандаги можаро ва 5 суткалик қамоқ
17-октабр куни Тошкентдаги Брассерие Парк ресторани ходимининг курьерга нисбатан қўпол муомаласи жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Курьер шу ерда пиёдалар йўлагидан ўтган эди. Мазкур йўлак эса ресторан томонидан ноқонуний равишда эгаллаб олинган.
«Хоҳласанг битта шапалоқ ҳам қўйиб юбораман. Хоҳлайсанми? Телефон билан қўрқитаман деб ўйлаяпсанми? Фаросатни ишлат, мияни ишлацанг бўлади-ку, бу ерда одамлар овқатланиб ўтиришибди. Сен эса скутерда келяпсан. Сенга ғалати бўлмайдими? Саволимга жавоб бер, мен тилимга жавоб бераман сўкканимга.
Тушиб келиш керак, қанақа қилиб рестораннинг ўртасидан ўтиб келасан-у, кўрмайсан! Кўр бўлиш керак бу учун! Ҳа, психман! Яна саволинг борми? Бўлди, яхшиликча кет, мен сени «спокойно» қўйиб юбораётганимда, ҳозир бутунлигингча кетаётганингда. … ейсан! Тушундингми?» — деган ходим курьерга қарата.
Атрофдагилар воқеани тасвирга олаётган курьерни жим кетишга чақиришган. Видеони ижтимоий тармоққа тарқатиш «терпилалик» эканини айтишган.
Пиёдалар йўлагидан фойдаланиш талабларининг бузилиши ва ҳолат юзасидан Брассерие маъмурияти изоҳ беришни истамади. Воқеа иштирокчиси бўлган курьер Мунир Якубов эса гувоҳлар ҳам унинг тарафини олмаганини айтди:
«Ресторандан буюртмани олиб ярим йўлга етганимда мени тўхтатишди. У ердан ўтиш мумкин экан, кетаётгандим, бир киши сўкиб кетди. Агар хушмуомалалик билан тушунтирганда индамасдан кетган бўлардим.
Кейин бирор ёнимни оладиган одам келармикин десам, курьерлар одам эмас экан-да. Ёнимизда турган одамлар ҳам унинг ёнини олишди. Мени сўкаётган одамга ҳеч ким «бу ёш бола, унақа сўкиб ташлама. Сениям боланг бор», демади. Одамлардан хафа бўлиб кетдим. Ҳеч ким ёнимни олмади.
Биз одамлар юрадиган жойдан юришга мажбурмиз. Чунки йўлга чиқиш учун права керак. Биз электр велосипедда юрамиз 25 тезликда. Одамлар курьерларни одамдай ҳис қилишмаяпти», — дейди у.
Бу воқеадан кейин Тошкент шаҳар ҳокимлиги текширув ўтказди. Унда ҳудуддан фойдаланиш талаблари, жумладан пиёдаларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш қоидалари бузилгани аниқланган. Шундан сўнг рестораннинг ёзги майдончаси олиб ташланиб, йўлак қонунчилик талабларига мувофиқлаштирилган.
Айтиш керакки, йўлак пиёдалар учун ерости ўтиш йўлига уланиб кетган.

