“Куращи бўлиш шарт эмас”. Сурхондарё ҳокими билан тортишган мактаб директори Умида Турсунова билан суҳбат
2023-йил Сурхондарё ҳокими Улуғбек Қосимов билан тортишиб, 15 сутка қамалган, маҳалладоши томонидан калтакланган Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори Умида Турсунова Газетаъга интервю берди. У можаро қандай бошлангани, ҳокимга нега қарши чиққани, бугун нималар билан бандлиги ҳақида сўзлаб берди.

“Куращи бўлиш шарт эмас”. Сурхондарё ҳокими билан тортишган мактаб директори Умида Турсунова билан суҳбат
2023-йил 26-июл куни Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов билан шу тумандаги 28-мактаб директори Умида Турсунова ўртасида тортишув юз берган эди. Шундан сўнг директор 15 суткага қамалди. Ўша пайтда мактабгача ва мактаб таълими вазири бўлган Ҳилола Умарова вазиятни ўз назоратига олганини айтиб, мактаб директори зудлик билан маъмурий қамоқдан озод этилганини маълум қилганди. Кейин мактабдаги ишига қайтган Умида Турсунова маҳалладоши томонидан ўлимигача калтакланган.
Бу можаролар таълим тизими ҳақида гап кетганда ҳануз тилга олинади. Вилоят ҳокимига қарши чиққан ўқитувчининг бугунги тақдири кўпчиликни қизиқтирарди. Газета мухбири Сариосиёдаги 28-мактабда бўлиб, унинг директори Умида Турсунова билан суҳбатлашди.
Умида Турсунова 1982-йилда Сариосиё тумани Дўстлик маҳалласида туғилган. Ҳозир ўзи раҳбарлик қилаётган 28-мактабда 11 йил таҳсил олган. Олий таълимни тугатгач, 2008-йилдан шу мактабда она тили ва адабиёт фанларидан дарс бера бошлаган.
Газета Умида Турсунованинг ҳикоясини ўз талқинида тақдим этади.
Ўқишни битириб келиб, энди турмушга чиқиб, ҳаёт йўлларини кўрсам ҳам бўлади, деб ўйлардим. Баъзи муаммоларга аралашиб қолаверганимдан кейин директор бўлишим керак, мен тартибга келтираман, деб ўйлаганман. 2018-йилда вазирликка борганимда, менга бир имконият беринглар, бир бошқариб кўрай, деганман. Аввал ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари қилиб қўйишган экан. Икки ярим ойдан кейин директор буйруғим чиққан.
Умида Турсунова.
Директорлик ишини бошлаганимда, янги ўқитувчиларни ишга олиш учун “дипломига ёзилган мутахассислигига қараб дарс берасиз” деб менга уқтиришганди. Ўйлайманки, ўзлари билмаган ҳолда менга пухта ва тоза ишлашни ўргатиб қўйишган экан. Агар индамай қўйишганида мен ҳам дипломга мос келмайдиган дарсларни бериб юборардим.
Директор бўлганимдан бошлаб туман Мактаб ва матабгача таълим бўлими мудири Аҳмад Бобоевнинг тарафдорлари — ўқитувчиларимиз менга қарши чиқа бошлашди. Бўлмаса уларнинг 28–30 соатлаб дарслари бор эди. Мудиримизнинг кўнглидагидек директор бўлолмадимми ёки у киши яхши кўрадиган инсонларнинг жойини талаб қилиб олганимгами, шунақа қаршиликка учрадим. Кейин мени ишдан бўшатишди.
Фуқаролик судига мурожаат қилдим. Бир ой ичида кўриб чиқиб, ишга тиклаб қўйишди. Директор ишга тикланди, деб бошқарма бошлиғи олиб келиб қўйиши керак экан, лекин кўнмаган. Бошқарма бошлиғи томонидан судга яна апелляция киритишяпти, мен яна судга киряпман. Яна ўз кучида қолдиришяпти.
Мактабга келсам, “раёно” мудиримиз ўзининг ходимларидан бирини директор қилиб қўйибди. Ишга тикланган, буйруғи бошқармадан чиққан одам — мен туриб, ўрнимга ишлаб ойлигини олиб юраверган. Ўқитувчилар ҳам ҳайрон — кимга бўйсуниш керак? У одам хонамнинг калитини бермайди, печатни олиб қўйган. Шу адолацизликларни эсласам, куйиб кетаман ҳозир ҳам.
Аслида, мен Улуғбек Қосимов билан илгарироқ кўришишим керак экан. Ҳоким бўлиб келган вақтида мен судма-суд юргандим. Сариосиёдаги 12-мактабда сайёр қабул ўтказишини адвокатим айтиб, бориб вазиятингни тушунтир, деганди. Мен бунга у қадар эътибор қилмаган эканман. Агар ўшанда учрашганимда, балки бунақа воқеалар бўлмасмиди.
2023-йил 26-июлда Сариосиёдаги 12-мактабда янги ўқув йилига тайёргарлик бўйича вилоят ҳокими бощилигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда мен ҳам қатнашдим. Ўша ерда турган мутасаддилар Улуғбек Қосимовга мен ҳақимда нотўғри маълумот беришди.
Ўшанда фақат ҳақ-ҳуқуқимни талаб қилганман. Сиз ҳам шуларнинг гапига ишондингизми, деган маънода Улуғбек Қосимов билан тортишганман. Кейин бунча хўрликлардан кўра ўлиб кетганим яхши деган хаёл келган, хўрлигим келиб, отиб ташланг яхшиси деганман. Тўйдим деганман-да.
Бобом раҳматли ҳам шу мактабда ишлаганлар. Менга сен она тили ўқитувчиси бўласан дердилар. Яна айтардиларки, “қонунлар ишлайди, давлат бор” деб. Бу гап одамнинг миясига сингиб қолса, юрагида ўзига ўзи далда берар экан-да. Ниҳоят бунинг оқибати Улуғбек Қосимовгача етиб борди.
Кейин ИИБга, у ердан судга олиб боришди. Йиғилишда ўтирган ҳамкасбларимни ҳам олиб келишган экан, гувоҳлик бериш учун. Судда ҳокимиятда ишлайдиган Икром Жумаев исмли одам менга қарши айблов беряпти. “Бу кишига нима дахлим бор, мен ҳоким билан гаплашдим-ку” десам ҳам, эътиборга олинмади. Судя ҳам мажбур эканини ҳис қилиб турдим ўшанда. Менга 15 сутка қамоқ жазоси берилди.
Ҳоким билан тортишганим видеосини ҳам ўзлари тасвирга олган экан. Бунақаларнинг охири мана шундай бўлади, дегандек. Лекин бу видео аксинча менга кўпроқ фойда келтирди. Халқ ҳимоя қилган экан ўшанда. Блогерлар, Кобул Дусов, Расул Кушербоев, Ҳилола Умаровалардан жуда миннатдорман. Мен ичкарида эдим, кейин бу нарсалардан хабардор бўляпман.
Кейин қамоқдан чиқаришди, яна иш бошлашим керак, мактабга боряпман. Лекин шунча ишдан кейин ҳам мени калтаклаш даражасига боришади деб сира ўйламаган эдим. Дарс тақсимоти куни тарих ўқитувчисига 21 соат дарс берилганди. Тарих ўқитувчилари тарбия дарсларини ҳам ўтишади, лекин унга ҳақ тўланмайди. Шу 21 соатнинг 16 соати тарих эди. Шу сабабдан ўша ўқитувчининг эрини мактабга чақиртиришган.
Шунчалик қаттиқ калтак еганманки, у ерда нима бўлганини эслолмайман ҳам. Қон тўкилган, бошқа муаллимларга ҳам мушт туширган. Кейин кўчадан икки йигит келиб, мени қутқариб қолган экан.
Умида Турсунова ва Улуғбек Қосимов.
Айтадиган гапим балки кимгадир ёқмас, лекин мен ҳеч қайси аёлга бунчалик курашиб, куращи бўлиб, соғлигини йўқотишни маслаҳат бермасдим. Ўзларига қулай бўлган жойда, йўл берадиган одамлар ичида ишлашлари тарафдориман.
Ўша хотираларимни ҳозир ҳам эсласам, хафа бўлиб кетаман. Аввалроқ шу ишдан воз кечиб кетишим керак экан-да. Барибир ёлғиз ўзим ҳеч нарса қилолмас эканман.
Мана, ҳозир ҳам 28-мактабнинг директори бўлиб ишлаб келяпман. 1200 га яқин ўқувчиларимиз бор, 76 нафар ўқитувчиларимиз. Баҳоли қудрат ҳамма шароитларни қилдик. Тўгаракларимиз ишлаяпти. Бу йил етти нафар ўқувчимиз давлат олий ўқув юртларига, яна шунча ўқувчимиз хусусий олий ўқув юртларига ҳужжат топширишди. Ўқишга киришди ҳам. Яна медтехникумга ўқишга кирган ўқувчиларимиз бор.
1-октабр куни муносабати билан барча ўқитувчиларни, мураббийларни табриклайман. Қўллаб-қувватлаганларга ҳам миннатдорлик билдираман, катта раҳмат. Бутун дунё ўқитувчиларининг олдида Ўзбекистонимиз ўқитувчилари энг бахтли ўқитувчилар бўлиб, ишлайверишсин, яшайверишсин. Доимо соғ-саломат бўлишсин!

