“Кунига 40 га яқин чақирув бўлади” – қулф очишни касбга айлантирган йигит
Тошкент шаҳрида кекса аёлнинг уйда устидан қулфланган ҳолда қаровсиз қолдирилиши воқеаси жамоатчиликда турли баҳс ва фикрларни келтириб чиқарди. Kun.uz ушбу ҳолатда манзилга бориб, уй эшигини очган Исмоил Баҳодировнинг фаолияти билан қизиқди. Қулфланиб қолган эшикларни очиш хизмати билан шуғулланадиган йигитнинг айтишича, кунлик чақирувларнинг камида 5 таси болалар билан боғлиқ.

“Кунига 40 га яқин чақирув бўлади” – қулф очишни касбга айлантирган йигит
Тошкент шаҳрида бир кекса аёлнинг уйда қулфланиб, қаровсиз қолдирилиши воқеаси жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Kun.uz ушбу ҳолатда уй эшигини очган Исмоил Баҳодировнинг фаолияти билан қизиқди. Қулфланган эшикларни очиш хизмати билан шуғулланувчи йигитнинг сўзларига кўра, кунлик чақирувларнинг камида 5 таси болалар билан боғлиқ.
Тошкентлик Исмоил Баҳодиров ва унинг ўн нафарга яқин жамоадоши шаҳар бўйлаб кунига 30-40 тагача чақирувга бориб, қулфланиб қолган машина ёки уй эшикларини очиб беради. Баъзи ҳолатлар қамалиб қолган болалар ёки ёлғиз қариялар билан боғлиқ бўлади. Kun.uz мухбири яқинда Мирзо Улуғбек туманида уйда устидан қулфланган ҳолда қаровсиз қолдирилган кекса аёлни қутқарган Исмоил Баҳодиров билан суҳбатлашди.
“Ўзимнинг машинам ҳам қулфланиб қолган”
Исмоил тиббиёт коллежини тамомлаган. Бироқ, машинаси қулфланиб қолиши билан боғлиқ ўзи бошидан кечирган қийин вазият унинг тақдирини бутунлай ўзгартириб юборганини таъкидлади:
“Ўзимнинг ҳам машинам қулфланиб қолган пайтда чўнтагимда бир тийин пулим йўқ эди. Устага берадиган маблағим бўлмагани учун нима қилишни билмай турганимда бегона бир инсон келиб, ҳеч қандай ҳақ олмасдан очиб берган. Ўшанда ичимдан ўтган миннатдорликни таърифлаб беролмайман. Худо хоҳласа, одамларга жуда катта ёрдам берадиган бу ишни ўрганаман, деганман ва бошлаганман”, дейди у.
“Шубҳали ҳолатда бош тортаман”
Ҳозирда Исмоил ўз яқинларидан иборат 10 кишилик жамоа билан фаолият юритмоқда. Улар чақирувга тез етиб боришлари учун ҳар куни эрталаб Тошкент шаҳрининг турли туманларига бориб ўтиришади.
Исмоил Баҳодиров нотаниш шахслар машина очишни сўраб мурожаат қилганида унинг ҳақиқатан ўз эгасига тегишли экани ёки ўғирлик эмаслигини қандай текшириш ҳақидаги саволга бу борада жуда эҳтиёткор эканини маълум қилди.
«Бу борада жуда эҳтиёткормиз. Масалан, кеча бир чақирувга бордим, чақирган инсон маст экан, дарров сездим. Йўқ, ака, бугун очмайман, эртага ҳайдаб чиқиб кецангиз оғир оқибатга олиб келиши мумкин, деб очиб бермадим. Шубҳали ҳолатларда хизмат кўрсатишдан қатъий бош тортамиз. Қолаверса, видеоларни монтаж қилганда ҳам ёмон ниятдагилар ўрганиб олмаслиги учун барча сирли ва хавфли усулларни кадрдан ташқарида қолдираман”, дея тушунтирди у.
Шунингдек, суҳбат давомида кундалик иш жараёнидаги қувноқ ва эсда қоларли воқеалар ҳам тилга олинди.
“Бир куни Юнусободдан “заказ” тушди. Борсам - тўйхонадан чиқиб машинага ўтирмоқчи бўлган келин-куёвнинг машинаси қулфланиб қолган экан. Тўй куни эшик ёпилиб қолган. 12 дақиқада етиб бориб, машина эшигини очиб бердим. Яхшиликка бўлсин, хавотир олманглар, дедим. Куёвжўралар, келин-куёв ҳаммаси хурсанд бўлиб қолди”, дейди уста.
“Гоҳида пул, гоҳида дуо оламиз”
Исмоил бу касбни махсус ўқув марказларида ўрганмаганини, балки ҳаёт мажбур қилганини айтади. Дастлаб қийинчиликлар бўлган, турли машиналар устида изланиб, ҳатто автосалонларга мижоз сифатида кириб, қулфларнинг тузилишини кузатиб ўрганган.
“Бизда белгиланган қатъий нарх йўқ, вазиятга қараб, гаплашиб, келишиб кетаверамиз. Лекин машина ёки уй ичида бола қолиб кеца, текин. Имконияти чекланган ёки ёши катта қарияларга ҳам доим ёрдам берамиз. Шароитидан билинадиган одамлардан пулни кечиб юбориб, фақат дуо оламиз. Чунки инсоннинг тақдирини чин дилдан қилинган дуо ўзгартиради”, дея таъкидлайди у.
Кекса аёл воқеаси
Исмоилга нотаниш шахс Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида ёлғиз яшовчи кекса аёлнинг уйи эшиги қулфланиб қолгани ҳақида хабар беришган. У манзилга бориб, эшикни очган. Шунда хонадонда яшовчи кекса аёл унинг устидан қулфлаб кетишганини, бир неча кундан бери овқатланмаганини айтган.
Видеолавҳада аёлнинг уйи бошқа шахслар номига ўтказиб олингани ҳақида ҳам гап борган. Шундан сўнг Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳолат зудлик билан алоҳида назоратга олинганини, Бош прокуратура эса Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилганини маълум қилди.
Аниқланишича, 1940-йилда туғилган Л.Журавлёва тумандаги хонадонда ёлғиз истиқомат қилиб келган. У соғлиғи билан боғлиқ бир қатор касалликлар сабабли диспансер ҳисобида турган.
Аёлга тегишли бўлган хонадон 2025-йил 25-сентябр куни нотариал тартибда расмийлаштирилган олди-сотди шартномаси асосида бошқа шахс номига ўтказилган. Уй-жойни бегоналаштириш вақтида аёл ўз ҳаракатлари аҳамиятини англаш ва уларни бошқариш қобилиятига оид ҳолатлар ҳамда унинг фирибгарлик жинояти қурбони бўлган бўлиши мумкинлигини текшириш зарурати мавжудлиги инобатга олиниб, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

