Кучли Эл-Нино: дунёни рекорд иссиқлик кутяптими?
Кучайиб бораётган Эл-Нино ҳодисаси 2026–2027-йилларда янги ҳарорат рекордлари, айрим ҳудудларда кучли ёғингарчилик, бошқаларида эса қурғоқчиликка олиб келиши мумкин. Иқлимшунос Дениел Суейн бу галги ҳодисанинг кўлами аввал кузатилганлардан жиддий фарқ қилишини айтмоқда.

Кучли Эл-Нино: дунёни рекорд даражадаги иссиқлик кутяптими?
Рекорд даражадаги ёнғинлар, тошқинлар, қурғоқчилик, жазирама ва бўронларни тадқиқ қилувчи Дениел Суейн Инсиде Слимате Невс нашрига берган интервюсида ҳозирги Эл-Нино борасидаги хавотирларини билдирди.
Материалда тилга олинган тадқиқотга кўра, бу сафарги Эл-Нино минг йил ичидаги энг кучлиси бўлиши мумкин.
Тропик океанлар қуёш иссиқлигининг катта қисмини ютади. Оқимлар эса унинг бир қисмини сувнинг чуқур қатламларига олиб киради.
Суейн бу жараённи қувват йиғадиган батареяга қиёслаган. Унинг изоҳига кўра, океанда тўпланган иссиқликнинг бир қисми Эл-Нино даврида атмосферага чиқиб, бутун дунё бўйлаб тарқалади. Бундай ҳодиса одатда ҳар икки–етти йилда бир марта юз беради.
Олимнинг айтишича, муаммо фақат битта Эл-Нино билан чекланмайди: Тинч океанида тобора кўпроқ иссиқлик жамланмоқда. Шу боис кейинги ҳодиса глобал ҳароратнинг яна ошишига туртки бериши мумкин.
Суейннинг тушунтиришича, авваллари олимлар Тинч океанининг тропик қисмидаги маълум ҳудудда сув ҳарорати ўртача кўрсаткичдан қанчага юқори эканини ўлчашган. Аммо океанларнинг умумий исиши сабаб таққослаш учун олинадиган ўртача ҳарорат ҳам ўзгариб бормоқда.
Буни ҳисобга олиш учун АҚШ Миллий океан ва атмосфера тадқиқотлари бошқармаси — НОАА нисбий океаник Нино индекси — РОНИ кўрсаткичидан фойдаланмоқда.
У тропик Тинч океанининг шарқий қисми бошқа тропик океан ҳудудларига нисбатан қанчалик кўпроқ исиганини баҳолашга ёрдам беради. Ҳароратлар ўртасидаги фарқ атмосферадаги кучли ҳаво оқимлари ва бўронлар йўналишининг ўзгаришини тушунишда муҳим аҳамиятга эга.
Бу, масалан, Калифорнияда қишда қанча ёғингарчилик бўлиши ёки Индонезияда қурғоқчилик юз бериши эҳтимолини баҳолашда қўл келади.
Материалда қайд этилишича, 24-август ҳолатига РОНИ кўрсаткичи 1997–1998-йиллардаги даражага тенглашган ва август охири учун кузатувлар тарихидаги энг юқори қийматга чиққан.

