Краснодарда Озон логистика марказига дрон ҳужум қилди
Россиянинг Краснодар шаҳридаги Озон логистика маркази учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумига учради ва обьектда йирик ёнғин бошланди. Компания ходимлар эвакуация қилингани ва омбор фаолияти тўхтатилганини билдирди. Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, дронлар ҳужуми оқибатида шаҳарнинг бошқа ҳудудларида ҳам вайронагарчиликлар юз берган, икки бола ҳалок бўлган ва яна тўққиз киши жабрланган.

24-августга ўтар кечаси Краснодар шаҳрига учувчисиз учар қурилмалар ҳужум қилди, натижада Озон логистика марказида йирик ёнғин келиб чиқди.
Озон компанияси хабарига кўра, омбордаги барча ходимлар эвакуация қилинган. Дастлабки маълумотларга кўра, логистика марказининг ўзида ҳеч ким жабрланмаган. Воқеа жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда, омбор фаолияти эса вақтинча тўхтатилган.
Компания ёнғин сабабли ушбу марказда сақланаётган товарларга онлайн буюртма бериш вақтинча имконсиз бўлишини маълум қилди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан сотувчилардан янги товарларни қабул қилиш ҳам тўхтатилган. Шунингдек, ушбу омборга йўналтирилган логистика маршрутлари бекор қилиниб, юкларни қайта тақсимлаш учун компаниянинг бошқа обьектларидан фойдаланилиши айтилди.
Краснодар раҳбари Евгений Наумовнинг маълум қилишича, дрон ҳужумларини қайтариш вақтида учувчисиз аппаратлар парчалари Прикубанский округидаги бир нечта манзилга тушган. Наумовга кўра, ҳодиса оқибатида икки бола ҳалок бўлган, яна тўққиз киши – икки нафар катта ёшли шахс ва етти нафар бола жароҳатланган. Улар тиббиёт муассасаларига ётқизилган. Маҳаллий амалдорнинг версиясига кўра, дрон парчалари хусусий болалар марказига ҳам тушган.
Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратев эса учувчисиз аппаратлар парчалари турар жой бинолари ва қурилаётган кўп қаватли уйларга тушганини маълум қилди.
Шу кеча Ставропол ўлкасининг Невинномисск шаҳрида жойлашган Озонънинг яна бир йирик логистика марказида ҳам ёнғин юз бергани хабар қилинди.
АСТРА нашрининг очиқ манбалар асосидаги таҳлилига кўра, ҳужумга учраган обьектнинг майдони 93,5 минг квадрат метрдан ортиқ. Марказ озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотларни сақлаш ва саралаш, буюртмаларни жамлаш ҳамда харидорларга жўнатиш учун мўлжалланган.
Ставропол ўлкаси губернатори Владимир Владимиров ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Невинномисск саноат ҳудуди томон йўналтирилган дронлар ҳужумини қайтаришга ҳаракат қилганини билдирди.

