Кореяда иш жойини ўзгартириш учун энди Миграция агентлиги розилиги талаб этилмайди

Кореяда иш жойини алмаштириш учун энди Миграция агентлиги розилиги керак эмас
Миграция агентлиги Э-9 визаси асосида Корея Республикасига вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун бораётган фуқаролар билан тузиладиган уч томонлама шартноманинг айрим бандларини қайта кўриб чиқиб, уларни сезиларли даражада енгиллаштирди.
Маълумки, аввал амалда бўлган шартномага кўра, фуқаро иш жойини ўзгартиришдан олдин Миграция агентлигининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси розилигини олиши шарт эди. Ушбу талаб бажарилмаса, фуқароларга молиявий жарима қўлланиши назарда тутилган эди. Агентлик бу талаблар ўзбекистонликларнинг Кореяда ноқонуний мақомга ўтиб кетишининг қатъий олдини олиш, улар билан доимий алоқани сақлаш ҳамда зарур ҳолларда ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида киритилганини эслатди.
Бироқ амалиётда мазкур бандлар фуқароларнинг эркин ҳаракатланиши ва иш жойини ўзгартириш жараёнида маъмурий қийинчиликлар ҳамда ортиқча эътирозларга сабаб бўлаётган эди.
Корея Республикасидаги иш берувчилар ва нуфузли нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўтказилган музокаралар, шунингдек, фуқаролардан келиб тушган кўплаб мурожаатлар таҳлили асосида ушбу масалалар чуқур ўрганилди.
Натижада уч томонлама шартномадан қуйидаги икки муҳим чеклов олиб ташланди:
- Иш жойини ўзгартириш учун агентлик ваколатхонасининг олдиндан розилигини олиш талаби бекор қилинди;
- Мазкур талаб бажарилмаган тақдирда қўлланиладиган жарима санксиялари олиб ташланди.
Эндиликда Э-9 визаси эгалари иш жойини ўзгартириш жараёнида Миграция агентлигидан алоҳида рухсат ёки розилик олиши шарт эмас. Улар Кореянинг амалдаги тартиблари ва қонунчилиги доирасида жорий иш берувчи билан меҳнат шартномасини ўз вақтида бекор қилиши ҳамда янги иш берувчи билан қонуний асосда янги меҳнат муносабатларига киришиши мумкин.
Миграция агентлиги ушбу ўзгаришлар Корея Республикасининг Э-9 визаси бўйича белгиланган умумий давлат қонунчилиги талабларини юмшатмаслигини қатъий таъкидлади. Хусусан, шартномада Кореяда ноқонуний мақомда қолганлик учун жарима қўллаш ўз кучида қолди.
Шунга кўра, Э-9 визаси билан ишлаётган фуқаро иш берувчи билан шартномани тўхтатгач, қуйидаги муддатларга сўзсиз амал қилиши шарт:
- Шартнома бекор қилинган кундан бошлаб 1 ой ичида расман иш изловчи сифатида давлат рўйхатидан ўтиши шарт;
- Белгиланган 90 кун ичида янги иш жойини топиб, расмийлаштириши лозим (касаллик, ишлаб чиқаришдаги жароҳат, ҳомиладорлик ва туғруқ каби истиснолар ҳам назарда тутилган).
Шартнома шартларига кўра, фуқаро белгиланган талабларни бажармаса ёки лозим даражада бажармаса, Корея Республикасининг ваколатли органлари томонидан Ўзбекистонга депортация қилинади ва уни қайтариш билан боғлиқ харажатларни қоплаш мажбурияти фуқаро ёхуд унинг кафили зиммасига юкланади. Бундан ташқари, шартноманинг тегишли бандлари бажарилиши кечиктирилган ҳар бир ой учун 2000 АҚШ доллари миқдорида жарима қўлланилиши белгиланган.
Агентлик хизмат кўрсатиш шартномаси фуқаролар фойдасига соддалаштирилганига қарамай, ҳар бир юртдошимиздан иш жойини ўзгартириш жараёнида Корея Республикаси қонунчилигида белгиланган қатъий тартиб ва муддатларга ўта масъулият билан ёндашишни сўради.
Корея Республикасининг “Хорижий ищиларни ишга қабул қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддаси Э-9 тоифасидаги хорижлик ходим қайси ҳолатларда бошқа корхона ёки иш жойига ўтиш учун мурожаат қилиши мумкинлигини белгилайди.
Жумладан, ходим иш жойини ўзгартиришни сўраши мумкин, агар: иш берувчи меҳнат шартномасини асосли сабаб билан муддатидан олдин бекор қилмоқчи бўлса ёки шартнома тугагач уни узайтиришдан бош торца; корхона фаолияти вақтинча тўхтатилса ёки бутунлай ёпилса; иш берувчининг хорижликларни ишга олиш рухсати бекор қилинса ёки чекланса; меҳнат шартлари бузилса; ищига нисбатан адолациз муносабат қилинса; ётоқхонага оид қонун талаблари бузилса; ходимнинг айбига боғлиқ бўлмаган бошқа белгиланган сабаблар туфайли ушбу корхонада ишлашни давом эттириш обьектив равишда имконсиз бўлса.
Иш жойини ўзгартириш учун ариза Кореянинг ваколатли бандлик органига берилади. Қонуннинг 25-моддасида Ўзбекистон Миграция агентлиги ёки унинг Кореядаги ваколатхонасидан рухсат олиш иш жойини ўзгартиришнинг шарти сифатида кўрсатилмаган.
Кореянинг расмий ЭПС тизимида ҳам Э-9 ищилари учун бевосита иш жойини ўзгартириш учун ариза қолдириш мумкин.
Қонунга мувофиқ, асосий меҳнат фаолияти даврида иш жойини ўзгартириш, қоида тариқасида, уч мартадан ошмаслиги керак. Узайтирилган ишлаш даврида эса яна икки мартагача ўзгартиришга йўл қўйилади. Иш жойи ходимнинг айбига боғлиқ бўлмаган қонунда назарда тутилган сабаблар туфайли ўзгартирилса, бундай ҳолатлар мазкур лимитга киритилмайди.

