Конституциявий суд суд қарорисиз 10 суткагача ушлаб туриш тўғрисидаги нормани бекор қилди
Ўзбекистон Конституциявий суди чегара режимини бузганларни суд қарорисиз уч суткагача ва прокурор санкцияси билан 10 суткагача ушлаб туришга йўл қўювчи нормани конституцияга зид деб топди. Суд суд қарорисиз шахсни 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмаслигини кўрсатди.

Конституциявий суд суд қарорисиз 10 суткагача ушлаб туриш тўғрисидаги нормани бекор қилди
Ўзбекистон Конституциявий суди Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг чегара режимини бузганларни суд қарорисиз уч суткагача, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган тақдирда эса прокурор санкцияси билан 10 суткагача ушлаб туришга йўл қўювчи нормасини Конституцияга номувофиқ деб топди.
Қарор 22 сентябрда қабул қилинди ва 25 сентябрдан — расмий эълон қилинган кундан кучга кирди. У қатъий ва унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 288-моддаси иккинчи қисмининг конституциявийлиги масаласида Конституциявий судга Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова мурожаат қилган эди.
Суд қарорида кўрсатилишича, омбудсманга келиб тушган мурожаатларни ўрганиш жараёнида 2025−2026 йилларда олти нафар фуқаро суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддатга ноқонуний маъмурий ушлаб турилгани устидан шикоят қилгани аниқланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс чегара режимини ёки давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги тартибни бузган шахсларни баённома тузиш учун уч соатгача бўлган муддатга ушлаб туришга йўл қўяр эди.
Агар ҳуқуқбузарнинг шахсини ёки ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш талаб этилса, ушлаб турилган пайтдан бошлаб 24 соат ичида прокурорга ёзма равишда хабар берган ҳолда бу муддат уч суткагача узайтирилиши мумкин эди. Шахснинг ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган тақдирда, уни прокурор санкцияси билан 10 суткагача ушлаб туриш мумкин эди.
Омбудсман ушбу қоидалар Конституциянинг 27-моддаси учинчи қисмига зид эканини кўрсатди. Унга кўра, ҳибсга олиш, қамоққа олиш ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади, бундай қарорсиз шахс 48 соатдан ортиқ муддатга ушлаб турилиши мумкин эмас.
Конституциявий суд мурожаатдаги далилларга қўшилди. Қарорда таъкидланишича, Конституцияда белгиланган 48 соатлик муддат суд назоратисиз инсон эркинлигини чеклашнинг энг юқори муддати ҳисобланади. Бу кафолат ушлаб туришнинг ҳар қандай шаклларига, жумладан, маъмурий ушлаб туришга ҳам татбиқ этилади.
Суд, шунингдек, «Хабеас корпус» принципига ҳам таянди.
Суд баҳосига кўра, шахсни суд қарорисиз уч ёки ўн сутка давомида ушлаб туриш имконияти Конституцияда белгиланган максимал муддат доирасидан чиқиб кетади.
«Шахсни 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш фақат суд қарори асосида амалга оширилиши мумкин», — дейилади Конституциявий суд қарорида.
Суд низолашилаётган нормада маъмурий ушлаб туриш муддатини 48 соатдан ортиққа узайтириш талаб этилган ҳолларда ҳам судга мурожаат қилиш назарда тутилмаганини қайд этди.
Натижада Конституциявий суд чегара режимини бузганларни суд қарорисиз 3 суткагача ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган тақдирда прокурор санкцияси билан 10 суткагача ушлаб туришга йўл қўювчи нормани Конституциянинг 27-моддаси учинчи қисмига номувофиқ деб топди.
288-модданинг ноконституциявий деб топилган қоидалари Конституциявий суд қарори кучга кирган пайтдан бошлаб ўз кучини йўқотди. Бу шуни англатадики, эндиликда ушбу нормалар асосида чегара режимини бузганларни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддатга ушлаб туриш мумкин эмас.
«Конституциявий суд тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган давлат органи бир ой муддатда уни Конституцияга мувофиқлаштириши, яъни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиши шарт.
Шу билан бирга, Конституциявий суд модданинг янги таҳрири айнан қандай бўлиши кераклигини белгиламади.
Ишни кўриб чиқишда омбудсман хорижий қонунчиликнинг қиёсий таҳлилини ҳам тақдим этди. Қарорда кўрсатилишича, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистонда бундай ҳолларда маъмурий ушлаб туриш муддати уч соатгачани ташкил этади.
Тожикистонда ушлаб туриш муддати фақат суд қарори билан уч суткагача узайтирилиши мумкин, Францияда максимал муддат тўрт соатни ташкил этади. Германияда ушлаб турилган шахс кечиктирмасдан судья ҳузурига олиб борилиши керак, бунда суд қарорисиз уни кейинги куннинг охиридан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмас.
Конституциявий суд, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси позициясига ҳам таянди, унга кўра, 48 соат масала суд назоратига топширилгунга қадар шахсни қамоқда сақлашнинг мақбул максимал муддати сифатида қаралади.
Конституциявий суд қарори ижро этиш учун тегишли ташкилотларга юборилди.

