Конгода тўй базми азага айланди: ёнғин чиқиши оқибатида 22 киши ҳалок бўлди (видео)

Конгода тўй базми фожиа билан якунланди: ёнғин сабаб 22 киши ҳалок бўлди (видео)
Конго Демократик Республикасининг пойтахти Киншаса шаҳрида тўй маросими бўлаётган тантаналар зали ёниб кетди. Ушбу фожиада камида 22 киши ҳаётдан кўз юмди. Яна кўплаб одамлар жароҳат олди.
Ҳодиса 5-сентябр куни пойтахтнинг Лингвала коммунасидаги тадбирлар залида юз берган. Коммуна мери Норберт Мушинга Нзиндуланинг айтишича, жароҳатланганлар пойтахтдаги шифохоналарга етказилган.
Ёнғин нимадан келиб чиққани ҳозирча номаълум. Расмийлар бир нечта эҳтимолий сабабларни текширмоқда. Дастлабки тахминлар орасида электр тизимидаги носозлик ва зал ичидаги безакларнинг алангаланиши бор.
Қурбонлар сонининг бунчалик кўплигига бинодан чиқиш имконияти чеклангани сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Мернинг сўзларига кўра, залда меҳмонларни эвакуация қилиш учун фақат битта чиқиш эшиги бўлган. У ҳам нисбатан тор бўлгани, устига-устак бинони тутун босиб кетгани сабаб ваҳимага тушган одамлар ташқарига чиқа олмаган.
Воқеа жойига Конго Демократик Республикаси бош вазирининг ўринбосари ҳам келган. У ҳодисани фожиали деб баҳолади. Киншасада, айниқса шаҳарнинг аҳоли зич яшайдиган ҳудудларида ёнғинлар тез-тез юз беради. Расмийлар пойтахтда ёнғин хавфсизлиги инфратузилмаси етарли эмаслиги сабаб бундай фожеалар янада оғир оқибатларга олиб келаётганини таъкидлаган.
Ҳозирча ёнғиннинг якуний сабаби аниқланмаган. Расмийлар қурбонлар сони яна ортиши мумкинлигини билдирган.

