Коммунал хизматлар учун аҳолидан асоссиз тўловлар олингани аниқланди
Рақобат қўмитаси ўрганишлари Жиззах, Самарқанд, Фарғона, Наманган ва Сирдарёда электр, газ ва сув хизматларида қонунбузилишларни

Коммунал хизматлар бўйича аҳолига асоссиз тўловлар ҳисоблангани маълум бўлди
Рақобат қўмитасининг ҳудудий органлари коммунал хизматлар соҳасида ўтказган ўрганишлар якунига кўра, истеъмолчиларга асоссиз ҳисобланган маблағларни қайта ҳисоблаш, жарима қўллаш ҳамда мажбурий кўрсатмалар бериш чоралари кўрилди.
Жиззах вилоятида электр таъминоти корхоналари томонидан маиший истеъмолчиларга расмийлаштирилган қоидабузарлик далолатномалари таҳлил қилинди. Арнасой, Бахмал, Шароф Рашидов ва Жиззах шаҳар электр таъминоти корхоналарида 8 та ҳолатда қонунчилик талаблари бузилгани аниқланиб, далолатномалар бекор қилинди. Натижада истеъмолчилар фойдасига 5,4 млн сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Шунингдек, Ғаллаорол туманидаги «Бахт» ва «Самарқанд» МФЙларида 10 та нуқтада ичимлик сувининг умумий қаттиқлиги белгиланган меъёрдан юқори экани маълум бўлди. 2026-йил 17-апрелдан 5-майгача етказилган 1238 м³ сув учун ҳисобланган 4,9 млн сўм 276 нафар истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Самарқанд шаҳрида фуқаро Ф. Ражабованинг мурожаати асосида ўтказилган ўрганишда «Ҳудудгаз Самарқанд» филиали томонидан хонадонга 1,3 млн сўм асоссиз қарздорлик ёзилгани аниқланди. Ушбу сумма қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Фарғона вилоятида эса суюлтирилган углеводород газини истеъмолчиларга тақсимлаш жараёни ўрганилди. Туман ва шаҳар газ бўлимлари ажратилган газни тенг тақсимламагани, шартнома талаблари ҳамда режа-жадвалларга риоя қилмагани аниқланди.
Ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва унинг филиалига молиявий жарима белгилаб, қонунбузилишни бартараф этиш юзасидан мажбурий кўрсатма берди.
Наманган вилоятида «Наманган сув таъминоти» АЖ фаолияти текширилди. Ичимлик ва оқова сув тарифларини шакллантиришда хом ашё материаллари бўйича белгиланган меъёрларга амал қилинмагани сабаб 252,7 млн сўм, амалда бажарилмаган харажатларни нархга қўшиш ҳисобига эса 1,18 млрд сўм асоссиз даромад олингани аниқланди.
Жами 1,4 млрд сўмдан ортиқ асоссиз даромад бўйича иш қўзғатилиб, «Наманган сув таъминоти» АЖга мажбурий кўрсатма берилди.
Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги 2 та маҳаллада 537 нафар истеъмолчига сифациз ичимлик суви етказиб берилгани ва қарийб 6,2 млн сўм асоссиз маблағ олингани аниқланди. «Сирдарё сув таъминоти» АЖга нисбатан иш қўзғатилиб, ушбу маблағни 537 нафар истеъмолчига қайта ҳисоблаш бўйича мажбурий кўрсатма берилди.

