Иқтисодиёт

Коммунал соҳадаги қарзлар бўйича ишларни нотариусларга ўтказишни Сенат маъқуллади

Ижара, “квартплата” ва коммунал тўловлар, шунингдек, алоқа хизматлари бўйича низосиз қарздорлик суммаси 1000 БҲМ (412 млн сўм)дан кам бўлса, қарзни ундириш учун судга эмас, нотариусга мурожаат қилиниши белгиланмоқда. Тегишли қонунни Сенат маъқуллади.

Коммунал соҳадаги қарзлар бўйича ишларни нотариусларга ўтказиш Сенат томонидан маъқулланди

Олий Мажлис Сенати низосиз талабларни ҳал этишни енгиллаштиришга доир қонунни маъқуллади.

Қонунга кўра, қонунда белгиланган мезонларга мос, базавий ҳисоблаш миқдорининг минг баравари, яъни 440 млн сўмгача бўлган низосиз талаблар юзасидан нотариусга мурожаат қилиш имконияти яратилади.

Шу орқали бундай талабларни судга мурожаат қилмасдан, нотариус орқали расмийлаштириш ва ижрога қаратиш тартиби соддалаштирилади.

Мазкур қонуннинг қуйи палатадаги муҳокамасида қуйидагиларга оид қарздорликлар бўйича низосиз талаблар ҳақида сўз борганди: ижара тўловлари; кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларидан олинадиган мажбурий бадаллар ва тўловлар; коммунал хизматлар; алоқа хизматлари.

Санаб ўтилган тўловлар бўйича қарздорликни ундиришга доир талаблар миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваридан ошган тақдирда, амалдаги тартиб асосида — суд томонидан, буйруқ тартибида кўриб чиқилади. БҲМнинг минг бараваридан кам бўлган низосиз талаблар бўйича ишлар эса нотариуслар томонидан кўриб чиқилади.

Сенат матбуот хизмати хабарига кўра, 10-сентабр куни маъқулланган қонунга биноан нотариуслар томонидан расмийлаштириладиган ҚР-кодли ижро хатлари электрон шаклда ижро органларига тўғридан тўғри юборилади. Бу ҳужжатларни қоғоз шаклида тақдим этиш билан боғлиқ ортиқча жараёнларни қисқартиради.

Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиришлар киритилиб, қонуний кучга кирган суд ҳужжати устидан шикоят қилинганда унинг ижросини юқори инстансия судида тўхтатиб туриш механизми такомиллаштирилмоқда.

Бунда ижрони тўхтатиб туришни сўраган шахс бундай чора кўрилмаса, қайтарма ижрони қийинлаштириши ёки уни бажариб бўлмайдиган қилиб қўйиши мумкинлигини асослаши керак бўлади.

Сенаторларга кўра, бу ўзгартишлар судларнинг иш юкламасини камайтиради, фуқаролар ва тадбиркорлик субьектларининг вақти ҳамда харажатларини тежайди, низосиз талабларни тезкор расмийлаштириш ва ижро самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.