Комил Алламжонов “Дўстлик” ордени билан тақдирланди
Комил Алламжонов Президент администрацияси раҳбарининг шартнома асосидаги маслаҳатчиси ҳамда Администрациянинг АҚШдаги вакили сифатида сўнгги вақтларда Ўзбекистон–АҚШ муносабатларини янги босқичга олиб чиқишга катта ҳисса қўшиб келмоқда.

Комил Алламжонов "Дўстлик" ордени билан тақдирланди. Президент администрацияси раҳбарининг шартнома асосидаги маслаҳатчиси Комил Алламжонов Президент фармонига биноан "Дўстлик" ордени билан мукофотланди.
Маълумки, сўнгги пайтларда Алламжонов Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтаришга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Бу даврда расмий Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари сезиларли даражада фаоллашди. Икки давлат президентлари охирги бир йил ичида тўрт марта юзма-юз учрашдилар ва бир неча бор телефон орқали мулоқот қилдилар.
АҚШ-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилиб, иқтисодий ҳамкорликнинг институционал асоси мустаҳкамланди. Ўтган йили Вашингтонда бир неча бор, жорий йилда эса Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ етакчи компаниялари делегациялари билан учрашувлари ташкил этилди.
АҚШ сармоядорлари Ўзбекистонга фаол жалб этилиши билан бирга, ўзбекистонлик ишбилармонларнинг АҚШда бизнес юритиши ҳам осонлаштирилди. Хусусан, 2026-йил 1-январдан бошлаб Ўзбекистон резидентлари учун АҚШда компания ташкил этиш ёки Америка компаниялари аксияларини сотиб олиш мақсадида АҚШга пул юборишда ҳукумат рухсатини олиш талаби бекор қилинди.
Бу эркинлик ортидан, Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон резидентлари хорижий активларга 153 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритди. Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 33 баробарга кўпдир.
Шуни таъкидлаш лозимки, Комил Алламжонов Жорж Вашингтон университетининг Марказий Осиё дастури бўйича махсус маслаҳатчиси ҳам ҳисобланади.

