Колумбия зилзила сабаб қаҳва экспортини тўхтатди

Колумбияда рўй берган кучли зилзила оқибатида мамлакатнинг қаҳва экспорти деярли тўхтаб қолди. Бу ҳақда Блоомберг нашри Қаҳва экспортчилари миллий ассоциацияси (Асоехпорт) раҳбари Густаво Гомесга таяниб хабар берди.
Гомеснинг сўзларига кўра, ер силкиниши Колумбиянинг асосий порти бўлган Буенавентура фаолиятини издан чиқарган. Шунингдек, магистрал йўллар, хусусан, Тинч океани соҳилига олиб борувчи асосий йўналиш ёпилган.
"Ҳозирда қаҳва операциялари тўхтатилган. Алоҳида операциялар бўлиши мумкин, аммо ҳозир қаҳва экспорти тўхтаб қолган. Йўл қачон тўлиқ очилиши ҳақида аниқ расмий маълумот йўқ", — деди Гомес.
Бошқа портларнинг ишида жиддий узилишлар кузатилмаган бўлса-да, қаҳвани шимолга йўналтириш юк машиналарининг кескин танқислиги туфайли қийинлашмоқда. Ҳозирда ҳосил йиғим-терими асосан мамлакатнинг жанубий ҳудудлари (Каука, Нарино, Валле дел Каука ва Уила)да тўпланган. Бу қаҳванинг катта қисми одатда Буенавентура порти орқали экспорт қилинарди. Гомес ҳатто йўл очилиб, иш қайта тикланган тақдирда ҳам, ҳозирги узилишлар жўнатмаларнинг кечикишига олиб келишидан огоҳлантирди.
Маълумот учун, Колумбияда 10-август куни сўнгги ўн йилликлардаги энг кучлилардан бири бўлган 7,4 магнитудали зилзила содир бўлди. Ҳалок бўлганлар сони 250 кишидан ошди. Зилзила Кали, шунингдек, Перейра, Кибдо ва Манисалес шаҳарларига ҳам жиддий талафот етказди. Ушбу шаҳарлар Колумбия қаҳвасининг катта қисми етиштириладиган “қаҳва учбурчаги” ҳудудига киради.
2025-йилда Колумбияда қаҳва ишлаб чиқариш ҳажми 13,4 миллион 60 килограммлик қопга етган. Мамлакат ойига тахминан 1 миллион 60 килограммлик қоп қаҳва экспорт қиларди.

