Сиёсат

Колонка: Ўзбекистон дипломатияси нигоҳида дунё харитаси қандай кўриниши мумкин эди

Ўзбекистоннинг дипломатик манфаатлари нуқтаи назаридан дунё харитаси қандай кўринишда бўлиши керак? Халқаро муносабатлар соҳаси мутахассиси Юрий Саруханян одатий географик минтақаларга бўлинишдан воз кечишни ва ташқи сиёсий устуворликларнинг шахсий тизимини яратишни таклиф қилмоқда.

**Колонка: Ўзбекистон дипломатияси нигоҳида дунё харитаси қандай кўриниши мумкин эди**

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсий риторикасида 35 йил давомида Марказий Осиё ҳақидаги тасаввурини бир неча бор ўзгартирди. Аввалига Марказий Осиё давлатларининг интеграция иттифоқини яратишга ҳаракат қилинди, кейин бу жараёнга Россия жалб этилди, шундан сўнг у тўхтаб қолди. Сўнгги бир неча йил ичида Тошкент Афғонистон ҳам минтақанинг бир қисми экани ҳақида гапирмоқда, ўтган йили эса Озарбайжоннинг Марказий Осиё мулоқот платформасига киритилишини қўллаб-қувватлади.

Ташқи сиёсий фаолиятнинг 2012 йилдаги Концепциясида (унинг матни очиқ манбаларда мавжуд эмас ва фақат кўчирмалар маълум) минтақа устувор йўналиш сифатида белгиланган. Шу билан бирга, минтақанинг ўзига нисбатан таъриф у ерда берилмаган.

Айнан «Марказий Осиё нима?» деган саволга аниқ жавобнинг йўқлигидан кўплаб мутахассислар мулоқот форматини янги иштирокчилар ҳисобига кенгайтириш фойдасига далил сифатида фойдаланадилар. «Бу фақат бешта республикадан иборат минтақа экани ҳеч қаерда муҳрлаб қўйилмаган-ку. Нима учун яна кимнидир қўшмаслик керак?»

Бу ҳақда мулоҳаза юритиб, мен ўйланиб қолдим: умуман Ўзбекистон атрофдаги дунёни қандай кўради? Гап умумқабул қилинган географик тушунчалар ҳақида эмас, балки қўшни минтақаларни ўз мавқеи ва миллий манфаатлари призмаси орқали англаш ҳақида бормоқда. Шу тариқа, Ўзбекистон дипломатияси нигоҳида дунё харитаси қандай кўриниши кераклиги ҳақида фикр юритиш ғояси туғилди.

Халқаро муносабатларда география мактаб дарсликлари билан мос келмайди. Унга сиёсий ва иқтисодий чегараларнинг ўзгариши, интеграция зоналари ва альянсларнинг пайдо бўлиши, логистика ва инфратузилма лойиҳалари таъсир кўрсатади.

Буни ТИВлар тузилмасидан ҳам яққол кўриш мумкин. Марказий Осиёни олайлик. Россия ТИВда Марказий Осиё бешлиги МДҲнинг учинчи департаментига киради. АҚШ Давлат департаменти бизни «Марказий ва Жанубий Осиё» деб номланувчи катта минтақанинг бир қисми сифатида кўради. Хитой ТИВда Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари департаменти мавжуд. Франция ТИВ эса бизни Континентал Европа департаментининг Кавказ ва Марказий Осиё бўлимига киритган. Ушбу тўртта мисол турли мамлакатлар бизнинг минтақамизни қанчалик турлича қабул қилишини кўрсатади. Ва худди шу тарзда улар дунёнинг қолган қисмини ҳам ўзларича «кўришади».

Энди Ўзбекистонга ўтамиз. ТИВмиз тузилмасида қуйидаги «географик бўлимлар» мавжуд: Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бошқармаси, МДҲ мамлакатлари билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик бошқармаси, Жанубий Осиё, Яқин, Ўрта Шарқ ва Африка мамлакатлари билан ҳамкорлик бошқармаси, Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари билан ҳамкорлик бошқармаси, Европа мамлакатлари ва ИИ институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси, Америка мамлакатлари билан ҳамкорлик бошқармаси.

Бу ташқи сиёсат идорамиз хаёлида қандай дунё харитасини ушлаб турганини кўрсатади. Аввал у Марказий Осиё маконини, кейин МДҲ маконини, сўнгра эса дастлабки иккитасидан ташқаридаги катта маконларни кўради.

Марказий Осиёнинг алоҳида йўналиш сифатида белгиланиши — яхши. Фақат бу минтақа айнан нимани англатиши ҳанузгача мустаҳкамлаб қўйилмаганини инобатга олган ҳолда. МДҲни алоҳида макон сифатида кўриш, менинг фикримча, аллақачон эскирган ёндашувдир. Биринчидан, бу тузилма кўпроқ инерция туфайли — ЕОИИ пайдо бўлиши ва иштирокчилар сонининг қисқариши сабабли мавжуд. Иккинчидан, бундай ёндашув минтақани собиқ иттифоқ маконининг бир қисми сифатида ташқи қабул қилишни қайта ишлаб чиқаради. Қолган минтақаларга келсак, уларнинг таснифи кўпроқ анъанавий географик ёндашувга асосланган.

Яъни, Ўзбекистон дипломатияси дунёга кўпроқ девордаги дунё харитаси қаршисида тургандек қарайди. Мен эса умумқабул қилинган географик таърифлардан чекинган ҳолда, дунёга Ўзбекистон нигоҳи билан 3D режимида қарашга ҳаракат қилмоқчиман.

Шундай қилиб, Ўзбекистон девордаги харитадан узоқлашиб, географик 3D-реалликка шўнғиди. У биринчи навбатда нимага эътибор қаратиши керак? Бошланишига — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонга. Бу мамлакатлар Ўзбекистонга нафақат географик, балки ментал, маданий, ижтимоий-сиёсий, цивилизацион жиҳатдан ҳам яқиндир. Ўзбекистон Марказий Осиёни изчил равишда дипломатиянинг устувор йўналиши сифатида белгилаб келган. Аммо бир нечта тузатишлар киритиш вақти келди.

Биринчидан, «Марказий Осиё» номини бизнинг марказий осиёлик бешлигимиз учун мустаҳкамлаб қўйиш керак. Бунинг учун қолган тўртта давлат билан консенсус топиш ва минтақага ташқаридан кимнидир қўшишга бўлган уринишларни тўхтатиш зарур. Расмий равишда мустаҳкамлаш учун кўплаб воситалар мавжуд. Масалан, бешта давлатнинг ўзларини «Марказий Осиё» деб номланувчи минтақа билан идентификация қилишлари тўғрисида декларация қабул қилиш ва халқаро ташкилотлар ҳамда мамлакатларга бошқа номлардан фойдаланмаслик ва минтақа таркибида бошқа ҳеч қандай мамлакатни кўрмаслик чақириғи билан мурожаат қилиш мумкин.

Иккинчидан, биз ҳанузгача Марказий Осиёга ташқи сиёсатимизнинг объекти сифатида қараймиз. Минтақа ҳақиқатан ҳам устувор йўналиш бўлиб қолиши керак. Шу билан бирга, Ўзбекистон, маълумки, дунёдаги иккита doubly land-locked states (денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар билан ўралган давлат) дан биридир. Минтақамизда ресурсларнинг тақсимланиши шундай тузилганки, бир мамлакат қўшниларига дахл қилмасдан уларни бир томонлама тасарруф эта олмайди. Масалан, Ўзбекистон сув ресурсларининг қарийб 80 фоизи мамлакат ташқарисида шаклланади, бу эса қўшнилар билан мувофиқлаштирмасдан самарали сувдан фойдаланишни деярли имконсиз қилади. Шу боис Тошкент бутун минтақани ўзининг табиий яшаш муҳити сифатида қабул қилиши керак. Бошқача айтганда, ўз дипломатиясининг базавий созламаларида Ўзбекистон аллақачон ўз географик чегараларидан кенгроқ фикрлаши лозим.

Марказий Осиё музликлари.

Тошкент минтақавий кун тартибини шакллантиришда етакчилик амбицияларини яширмайди. Аммо халқаро муносабатлардаги етакчилик — бу имтиёз эмас, балки кўпроқ масъулиятдир. Марказий Осиёга табиий яшаш муҳити сифатида ёндашиш Ўзбекистон учун минтақавий масалаларда фаолроқ иштирок этишни, қўшнилар ўртасидаги низоларни ҳал қилишга кўмаклашишни, икки томонлама баҳсларда муросага келишга ва зарур бўлганда ёрдам кўрсатишга тайёрликни англатиши керак. Биз ушбу элементларнинг баъзиларини аллақачон кузатганмиз. Масалан, Тошкент 2022 йил сентябрь ойида Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги можарони ҳал қилишга ёрдам берганида. Ёки Қирғизистон билан ҳудудий масалалар ва чегараолди сув ресурсларидан фойдаланишни муҳокама қилиш жараёнида муросага борганида.

Ўзбекистоннинг янги ёндашуви айнан шуниси билан аввалгисидан фарқ қилиши керак, ўшанда у қўшнилардан иҳоталанишга ҳаракат қилиб, чегара постлари қанчалик кўп ва миллий чегара назорати қанчалик қаттиқ бўлса, шунчалик хавфсиз бўлади деб ҳисоблар эди. Бизнинг ҳолатимизда бу ундай эмас. Ўзбекистоннинг хавфсизлиги ва иқтисодий ривожланиши ташқи чегараларнинг хавфсизлиги ва бутун минтақанинг барқарор ривожланишига боғлиқ.

Аммо яна бир нарсани таъкидлаш муҳим. Табиий яшаш муҳити минтақада устунлик қилишга, қўшниларни назорат қилишга бўлган даъволарни ёки бирор-бир экспансионистик амбицияларни англатмайди. Шунинг учун қўшнилар билан коммуникация улар хавф сезмайдиган тарзда қурилиши керак. Бундай ёндашув Ўзбекистоннинг алоҳида географик мақоми ва минтақанинг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқлигини тушунтириш зарур. Шунингдек, биз билан умумий тарихий тажрибага, умумий меросга эга бўлган ва биз «бир тилда» гаплашадиган тўртта қўшни давлатсиз барқарор иқтисодий ривожланиш ва хавфсизликни таъминлашимиз қийинлигини ҳам.

Шундай қилиб, Ўзбекистон учун Марказий Осиё — бу унинг ҳаётий муҳим манфаатлари жамланган табиий яшаш муҳитидир. Ва бу макон минтақавий сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий жараёнларда фаол иштирок этишни талаб қилади. Бу йўналишда Ўзбекистон дипломатияси энг кенг воситалар тўпламидан фойдаланиши лозим.

Шундай қилиб, Ўзбекистон атрофга назар ташлаб, табиий яшаш муҳити масаласини ҳал қилди. Энди Марказий Осиё чегараларидан ташқарига қараш керак. Минтақамиз land-locked region (денгизга чиқиш имконияти бўлмаган минтақа) ҳисобланади. Бу эса Ўзбекистон дипломатияси географиясининг кейинги шаклланиши у ва унинг табиий яшаш муҳити самарали ривожланиши учун қайси минтақалар зарурлигидан келиб чиқиши кераклигини англатади.

Бу мен стратегик манфаатлар доираси деб атайдиган дипломатиянинг биринчи ташқи даражасидир. Бу Марказий Осиё атрофидаги жаҳон океанига чиқиш, глобал бозорларга чиқиш йўлларини диверсификация қилиш, логистика ва инфратузилма лойиҳаларини ривожлантириш учун зарур бўлган катта макондир. Бундан ташқари, ушбу макон давлатларининг хавфсизлиги ва барқарорлиги муҳим, чунки уларнинг беқарорлашуви Ўзбекистонга тўғридан-тўғри таъсир қилади.

Стратегик манфаатлар доирасини мен 3 та субрегионга бўламан. Ўқувчиларни чалкаштирмаслик учун номларни атайлаб ўйлаб топмаяпман. Ушбу колонка учун улар муҳим эмас — уларнинг функциялари муҳимроқ.

Биринчи субрегион Эрон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонни бирлаштиради.

Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари нуқтаи назаридан у энг муҳимларидан бири — агар энг муҳими бўлмаса.

Тошкент улар билан аллақачон алоҳида муносабатлар ўрнатмоқда — ҳеч бўлмаганда баёнотлар даражасида. Ўзбекистон транспорт ва логистика лойиҳаларини амалга оширишни муҳокама қилмоқда, улар орасида Трансафғон темир йўли, Эрондаги Чобаҳор ва Бандар-Аббос, Покистондаги Карачи ва Гвадар портларига чиқиш имкониятини қўлга киритиш, Ҳиндистонга, шунингдек, Хитой орқали Покистонга мултимодал савдо йўлакларини қуриш бор.

Трансафғон темир йўли техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича келишувнинг имзоланиши. Фото: Афғонистон ТИВ

Ўтган йили Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон Трансафғон темир йўлининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича ҳадли битимни имзоладилар, аллақачон ишлаб турган Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон мултимодал йўлаги бўйича ташиш ҳажми эса бир неча йил ичида беш бараварга ошди. Чобаҳорни эса Тошкент Ҳиндистон билан транспорт боғлиқлигининг асосий бўғинларидан бири сифатида кўрмоқда. Бундан ташқари, у ўз имкониятлари доирасида Афғонистондаги вазиятни нормаллаштириш жараёнида иштирок этишга ҳаракат қилмоқда.

Шу билан бирга, айни пайтда Ўзбекистон стратегияси икки томонлама алоқаларга асосланган. Ушбу субрегиондаги вазият жуда тез ўзгармоқда, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар беқарор, чегараларда эса вақти-вақти билан можаролар эскалацияси юз бермоқда. Тошкентга фақат икки томонлама даражада барқарор бирор нарсани амалга ошириш қийин бўлади. Шу муносабат билан Ўзбекистон дипломатиясига ушбу субрегион бўйича алоҳида стратегия зарур бўлиб, унинг ичида аллақачон алоҳида мамлакат стратегиялари мавжуд бўлиши мумкин. Бу режалаштирилаётган лойиҳаларнинг реаллигини, мавжуд тўсиқларни ва уларни бартараф этиш йўлларини яхшироқ баҳолаш имконини беради.

Иккинчи субрегион Озарбайжон, Арманистон, Грузия ва Туркияни бирлаштиради.

Озарбайжон билан муносабатларнинг жадаллашиши — тўғри йўналишдаги қадам. Бироқ, менинг назаримда, Тошкент Боку ва Марказий Осиё ўртасидаги мулоқотни илгари суриш ўрнига, Бокуни Марказий Осиё мулоқот форматига киритиб, жиддий хатога йўл қўймоқда. Икки минтақанинг бундай мулоқотига Туркияни ҳам таклиф қилиш мумкин, чунки Анқарасиз ташқи сиёсатимизнинг бу йўналиши тўлақонли ишлай олмайди.

Ўзбекистон айнан шундай конфигурацияда Марказий Осиёнинг ғарбий чегараларини «кўриши» керак. Жанубий Кавказ — Ўзбекистон учун Европа билан савдо қилишда асосий транзит зонаси, Туркия эса Ўрта ер денгизи ва Европа бозорларига чиқиш учун асосий боғловчи бўғиндир. Бу йўналишнинг муҳимлиги Ўрта йўлакка бўлган юқори қизиқиш билан тасдиқланади. Тошкент ўзбек юкларини фақат Боку порти орқали ташиш ҳажми 26 фоизга ошганини ва 2024 йилда йиллик ҳажм 1 млн тоннадан ошганини қайд этди, 2026 йилга келиб эса бу кўрсаткич 1,5 миллион тоннагача ўсиши прогноз қилинмоқда.

Озарбайжондаги Алят порти. Фото: president.az

Ушбу субрегионнинг асосий, аммо критик бўлмаган муаммоси ҳозирча Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатлар бўлиб қолмоқда. Шу боис мамлакатлар ўртасидаги тинчлик мулоқотини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тезроқ тинчлик шартномаси имзоланишига, эски транспорт-коммуникация инфратузилмасининг очилишига ва янгисининг ишга туширилишига чақириш Ўзбекистон манфаатларига мос келади.

Учинчи субрегион Хитой, Россия ва Монголиядан иборат.

Дарҳол таъкидлаб ўтаман, Монголия бу ерда жойлашганининг боиси у ушбу ҳудуднинг табиий қисмидир — у Хитой ва Россия билан ўралган. Бундан ташқари, ушбу камгап қўшнининг имкониятларини камситмаслик керак. Шунга кўра, Монголия у ёки бу тарзда Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг йўналишларидан бири бўлади.

Хитой ва Россияга келсак, бу ерда ҳамма нарса жуда оддий. Бу Марказий Осиёнинг энг катта ва амбицияли икки қўшниси бўлиб, Тошкент ҳам, қолган пойтахтлар ҳам улар билан ўз ташқи сиёсий кун тартибини мунтазам равишда мувофиқлаштириб туради. Пекин ва Москвада минтақамизга дахлдор фаол геосиёсий, интеграция ва инфратузилма лойиҳалари мавжуд — ШҲТ, «Бир макон, бир йўл», ЕОИИ, КХШТ.

ШҲТ саммити, 2026 йил сентябрь. Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон учун Хитой ва Россия икки асосий савдо шериги ҳисобланади. Хитой «Бир макон, бир йўл» ёки Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли каби транспорт-логистика лойиҳаларида муҳим рол ўйнайди. Бундай лойиҳалар Марказий Осиё орқали ўтади ва минтақанинг ўз ташаббусларини тўлдириши мумкин. Россия эса ҳам маҳсулот сотиш бозори, ҳам меҳнат миграцияси йўналиши, ҳам Европа билан савдо қилиш учун транзит давлат сифатида муҳимдир, гарчи бу компонент ҳозирда Украинадаги уруш ва Кремлга қарши халқаро санкциялар туфайли беқарор бўлса-да.

Шундай қилиб, Марказий Осиёдан фарқли ўлароқ, стратегик манфаатлар доирасида дипломатиянинг асосий эътибори савдо-иқтисодий ҳамкорликка, инфратузилма ва логистика лойиҳаларига қаратилиши керак. Бу маконда содир бўлаётган жараёнлар мамлакатимизга тўғридан-тўғри — турли даражада бўлса-да — таъсир кўрсатгани боис, Тошкентдан жиддий сиёсий жалб этилганлик ҳам талаб қилинади. Бундан ташқари, бу фаоллик прагматик бўлиши ва фақат мамлакат бирор-бир таъсир кўрсатиш учун ресурсларга эга бўлган соҳаларга йўналтирилиши лозим.

Бундан ташқари, Ўзбекистон дипломатияси ушбу маконга нисбатан тегишли кадрлар сиёсатини юритиши керак. Дипломатлар, таҳлилчилар ва тадқиқотчиларни тайёрлаш сезиларли даражада айнан шу йўналишга мўлжалланиши лозим. Ушбу макондаги дипломатик ваколатхоналаримиз устувор аҳамиятга эга бўлиши керак ва айнан ўша ерда — дунёнинг ривожланган мамлакатларида эмас — энг яхши кадрлар ишлаши лозим.

Стратегик манфаатлар маконини белгилаб олгач, Ўзбекистон янада узоқроққа — уфқ ортига қараши керак. Бу Ўзбекистон у ёки бу сабабларга кўра кузатиб бориши лозим бўлган ҳудудлардир. У ерда бизнинг стратегик ёки ҳаётий муҳим манфаатларимиз йўқ. У ерда содир бўлаётган воқеалар эса бизга замонавий жаҳон иқтисодиётининг ўзига хос хусусиятлари, етказиб бериш занжирлари, ўзаро боғлиқлик ва ҳоказолар орқали таъсир қилади.

Бу макон биз учун инвестицияларни жалб қилиш, маҳсулот сотиш бозорлари, замонавий юқори технологияли соҳаларда ҳамкорлик қилиш, маҳаллий кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш нуқтаи назаридан, шунингдек, фуқароларимизнинг меҳнат миграцияси йўналиши сифатида ҳам қизиқарлидир. Стратегик манфаатлар доирасидан фарқли ўлароқ, у биз учун географик жиҳатдан муқаррар эмас, алоҳида мамлакатларнинг функциялари эса муқобилга эга бўлиши мумкин.

Бу ерда субрегионлар бир хил эмас ва уларнинг ҳар бири Ўзбекистон дипломатияси учун бир хил даражада муҳим аҳамиятга эга эмас.

Европа, АҚШ, Канада субрегиони.

Эҳтимол, бу ушбу колонканинг энг баҳсли қарорларидан биридир. Шунинг учун бундай танловни батафсилроқ тушунтириш лозим.

Бошланишига таъкидлаб ўтаман, «Европа»га мен ҳам ИИ аъзоларини, ҳам қитъанинг бошқа мамлакатларини, жумладан Украина, Молдова ва Беларусьни киритаман. ИИга аъзоликка номзод бўлган ёки бундай имкониятни кўриб чиқаётган мамлакатлар, жумладан Киев ва Кишинёв давлат бошқарувининг институционал-ҳуқуқий базасини ИИ стандартларига мослаб фаол ислоҳ қилмоқда. Ва Брюссель билан юзага келаётган қарама-қаршиликларга қарамай, Европа институтлари ва уларнинг стандартлари билан яқинлашишда давом этмоқда. Минск ҳолатида эса айнан географик омилни ҳисобга олиш керак. Стратегик манфаатлар зонасида бу мамлакат бўла олмайди, чунки у биз учун стратегик жиҳатдан алмаштириб бўлмайдиган эмас, унинг географик жойлашуви эса уни айнан шу ерга киритишга ундайди.

ИИ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши, 2025 йил октябрь.

Ушбу субрегионнинг кун тартибини белгиловчи асосий иштирокчилари ўхшаш ижтимоий-сиёсий воқеликда ҳаракат қиладилар, ўхшаш сиёсий тилда гаплашадилар ва ўхшаш базавий сиёсий қадриятлар тўпламини баҳам кўрадилар. Бундан ташқари, улар учун Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатлари устувор ташқи сиёсий йўналишларга кирмайди — кимдир бунинг аксини исботлашга қанчалик ҳаракат қилмасин — демак, улар таққосланадиган ҳамкорлик воситаларидан фойдаланадилар.

АҚШ, Канада ва аксарият Европа мамлакатлари иттифоқчилар бўлиб, улар ўртасида юзага келадиган келишмовчиликларга қарамай, биргаликда ишлашда давом этмоқдалар. Масалан, мамлакатимиз билан муносабатларни ўрнатишда улар бир хил халқаро ННТларнинг баҳоларига ва халқаро рейтингларга таянадилар, шунингдек, кўпинча иқтисодий кун тартибига инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, матбуот эркинлиги ва демократиялаштириш кўринишидаги сиёсий талабларни боғлайдилар.

Ҳозирги вақтда критик минералларга бўлган қизиқиш, Хитой билан рақобат, шунингдек, Россия билан муносабатларнинг ёмонлашиши ва Яқин Шарқдаги уруш туфайли муқобил транспорт-логистика йўналишларини излаш фонида Марказий Осиё минтақаси ва ушбу субрегион мамлакатлари ўртасидаги алоқалар жадаллиги кучайди. Бу томонларнинг бир-бирларига нисбатан намойишкорона илтифотларидан кўриниб турибди. Ва менинг фикримча, бу тенденция вақтинчалик бўлса-да, у муайян шароитларда ва халқаро муносабатлар ривожланишининг муайян босқичида ўзаро қизиқиш ортиши мумкинлигини кўрсатади.

Иккинчи субрегионга мен Арабистон ярим ороли монархиялари, Яман, Сурия, Ироқ, Ливан, Иордания, Исроил, Фаластин ва Мисрни киритаман.

Ўзбекистон ушбу субрегиондаги воқеалар ривожини бир неча сабабларга кўра эътибор марказида тутиши керак. Биринчидан, у стратегик манфаатлар маконининг жанубий ва ғарбий субрегионлари билан қўшни бўлиб, қўшимча бозорларга чиқиш ва глобал савдога жалб этилиш учун муҳимдир. Иккинчидан, Исроил-Фаластин можароси зонасидаги қарама-қаршилик, шунингдек, минтақанинг бошқа мамлакатларидаги беқарорлик вақти-вақти билан Эрон, Туркия ва Жанубий Кавказга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган кескин эскалацияга айланиб кетади. Учинчидан, баъзи мамлакатлар, масалан, Саудия Арабистони ва БАА Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳаларида фаол иштирок этмоқда. 2025 йил октябрь ҳолатига кўра, қўшма ўзбек-саудия лойиҳаларининг расмий портфели 27 млрд долларга етди, БАА компаниялари билан лойиҳалар портфели эса 2025 йил охирига келиб 20 млрд долларни ташкил этади.

Бухоро вилоятида Саудиянинг ACWA компанияси шамол электр станцияси.

Ниҳоят, ушбу маконнинг учинчи субрегиони Япония, Жанубий Корея ва АСЕАН зонасини бирлаштиради.

Географик жиҳатдан узоқлигига қарамай, Токио ва Сеул Ўзбекистон учун муҳим шериклар ҳисобланади — айниқса инвестицияларни жалб қилиш соҳасида. Масалан, 2025 йил охирига келиб ўзбек-япон лойиҳалари портфели 20 млрд доллардан ошди, Корея компанияларининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми эса 8 млрд доллардан зиёдни ташкил этади. Бундан ташқари, ҳар икки мамлакат ўзларининг халқаро ҳамкорлик агентликлари — JICA ва KOICA орқали Тошкент билан ривожланишга кўмаклашиш лойиҳаларини амалга оширишда фаол ҳамкорлик қилмоқда.

JICA томонидан тақдим этилган мобил томография кабинетлари.

АСЕАН мамлакатлари билан Тошкент ҳозирча бир текис алоқа ўрнатмаган. Сўнгги бир неча йил ичида бир қатор мамлакатлар билан алоқалар фаоллашди. Масалан, Индонезия билан эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокаралар бошланди, Сингапур билан эса стратегик ва инновацион шериклик дастурини ишлаб чиқиш эълон қилинди. Ўзаро ҳамкорлик жадаллиги ҳозирча мўътадил бўлиб қолмоқда, музокаралар мазмуни эса кўп жиҳатдан ниятлар тўғрисидаги баёнотлар билан чекланмоқда. Аммо мен буни қизиқишнинг йўқлигига эмас, балки ҳозирча фойдаланилмаган салоҳиятга кўпроқ боғлайман.

Умуман олганда, Ўзбекистон ушбу макондаги воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бориши ва вақти-вақти билан пайдо бўладиган имкониятлардан фойдаланиши керак. Ва ушбу маконга кирувчи мамлакатлар Ўзбекистон учун биринчи навбатда инвестицияларни жалб қилиш, бозорларга чиқиш, технологиялар ва билимлар, инсон капиталини ривожлантириш нуқтаи назаридан қизиқарли бўлгани боис, ташқи сиёсий фаолиятнинг эътибори айнан шу компонентларга қаратилиши лозим. Бу ерда сиёсий жалб этилганлик юқорида тилга олинган икки макондагидек муҳим эмас. Шу боис ушбу макон мамлакатлари билан ҳамкорликнинг «сиёсий таркибий қисми» биринчи навбатда аниқ лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиши керак.

Учинчи ташқи даража Ўзбекистоннинг доимий эътибор марказида бўлмаган маконни ифодалайди. Дарҳол аниқлик киритаман: «периферия» унга кирувчи минтақалар аҳамиятсиз эканини англатмайди. Шунчаки, географик узоқлик ва ҳамкорликнинг нисбатан паст жадаллигидан ташқари, бу йўналишлар мамлакат хавфсизлиги ва иқтисодий ривожланиши учун алмаштириб бўлмайдиган ҳисобланмайди. У ерда содир бўлаётган воқеалар эса мамлакатга билвосита таъсир кўрсатади.

Дипломатик периферия маконига мен учта субрегионни киритаман.

Булар Африка (Мағриб ва Саҳрои Кабирдан жанубдаги мамлакатлар), Кариб ҳавзаси ва Лотин Америкаси, Австралия ва Океания.

Буни Ўзбекистон дипломатиясининг периферияси деб атаганим мамлакат бу йўналишларни ривожлантирмаслиги кераклигини англатмайди. Уларни кузатиб бориш ва бирор-бир фойда келтириши мумкин бўлган вазиятларда фаолликни ошириш лозим. Аммо улар аввалги маконлар каби бундай доимий эътиборни ва бунчалик катта ҳажмдаги дипломатик ресурсларни талаб қилмайди.

Мана шундай Ўзбекистон дипломатияси географияси ҳосил бўлди. Менинг маконлар, субрегионлар ва бошқа жиҳатлар ҳақидаги қарашларим билан баҳслашиш мумкин. Аммо, менинг назаримда, Ўзбекистон томонидан ўз ташқи сиёсий фаоллиги географиясининг ташқаридан мерос бўлиб қолмаган ва ўзлаштирилмаган ўз қарашини ишлаб чиқиш жараёнининг ўзи муҳимдир. Чунки бусиз биз ҳақиқий геосиёсий ўзликни англай олмаймиз ва самарали ташқи сиёсатни қура олмаймиз.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.