Лайфстайл

Кўк чой, бўтқа, қора нон: кўпчилик “соғлом” деб ўйлаган маҳсулотлар чиндан ҳам фойдалими?

Кўк чой, бўтқа, қора нон: кўпчилик “соғлом” деб биладиган маҳсулотлар ростдан ҳам фойдалими?

Биз қадоқларда ёзилган “шакарсиз”, “ёғсиз”, “табиий”, “витаминлар манбаи” деган ибораларга ишонишга кўникиб қолганмиз. Маркетологлар баландпарвоз сўзлар ёрдамида саломатлик, хушқоматлик ва узоқ умрни ваъда қилиб, оддий озиқ-овқатларни “суперфуд”ларга айлантиришни яхши ўзлаштириб олишган. Аммо таркибига синчиклаб қаралса, соғлом овқатланишнинг кўплаб идеаллаштирилган маҳсулотлари ўз жозибасини йўқотади.

**Бўтқалар**

Азалдан нонуштада бўтқа ейиш ҳам фойдали, ҳам мазали деб ҳисобланади. Бироқ бу гап қадоқланган тайёр бўтқа ҳақида эмас, балки анъанавий тарзда пишириладиган бўтқа ҳақида кетмоқда. Чунки деярли барча тез тайёрланадиган бўтқаларга кўп миқдорда шакар қўшилади, ёрманинг ўзи эса шунчаки қайта ишланган дондир. Уларни истеъмол қилиш организмга ҳеч қандай фойда бермайди.

Уларнинг айримларида учрайдиган мева ва қуритилган резаворлар бўлакларини деярли эътиборга олмаса ҳам бўлади — уларнинг миқдори шу қадар озки, бундай “тўйимли” қўшимчаларнинг борлиги деярли сезилмайди. Кучли ҳидни ҳам улар эмас, балки қўшилган сунъий ароматизаторлар беради. Шунинг учун агар нонуштадаги бўтқадан воз кечмоқчи бўлмасангиз, эринмай уни ўзингиз пиширинг. Бунда ҳам имкон қадар сутда эмас, сувда пиширган маъқул. Шунда у фойдалироқ бўлади.

**Мюсли**

Тез тайёрланадиган бўтқалардаги каби, мюсли таркибида ҳам кўпинча қайта ишланган донлар ва шакар, шунингдек, унча фойдали бўлмаган бошқа ёғлар бўлади. Бундан ташқари, мюсли калорияли егулик ҳисобланади: 100 грамм маҳсулотда тахминан 300 калория бор. Демак, унинг калорияси юқори, аммо озуқавий моддалар унчалик кўп эмас.

Бу айниқса дўконда сотиладиган, шоколад, турли хушбўйлантиргичлар ва консервантлар қўшилган ширин мюслиларга тегишли. Шунинг учун агар эрталаб ростдан ҳам тўйимли, қирсиллаб турадиган нарса егингиз келса, яхшиси бир ҳовуч ёнғоқ енг ёки уй шароитида турли масаллиқлардан мюслини ўзингиз тайёрланг. Кейин уни ёғсиз ёгурт, кам ёғли сут ёки маъданли сув билан аралаштириб истеъмол қилинг.

**Смузи**

Қуюқ консистенсияли бу ичимлик, унга нима солганингизга қараб, организмингизга жуда фойдали ёки мутлақо фойдасиз таъсир кўрсатиши мумкин. Яхши коктейллар таркибига мева ва сабзавотлар киради. Уларга шоколад ва музқаймоқ қўшилмайди. Шунинг учун мазали ва тўйимли ичимлигингиз фақат фойдали маҳсулотлардан иборат эканига ишонч ҳосил қилинг.

**Кўк чой**

Ҳозир урф бўлган кўк чой жуда фойдали маҳсулот саналади. Бироқ у фолат кислотасининг ўзлаштирилишига тўсқинлик қилади, ҳомиладорлик даврида истеъмол қилинса, чақалоқда туғма нуқсонлар хавфини оширади. Кунига атиги 2-3 пиёла чой ичилганда ҳам хавф юзага келади.

Шунингдек, кўк чойни ҳаддан ташқари кўп ичиш жигар ва буйрак касалликларини келтириб чиқариши мумкин. Қолаверса, кўк чойни истеъмол қилиш хавфли бўладиган доза кунига атиги 2 оддий пиёлани ташкил этади. Бундан ташқари, унинг таркибидаги кофеин асаб тизимини қўзғатади, шу сабабли уйқу бузилиши ва ҳолсизлик кузатилиши мумкин. Ичимлик уйқусизлик, тахикардия, юқори қўзғалувчанликдан азият чекувчиларга ҳам тавсия этилмайди.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, нафақат маҳсулотларнинг ўзи, балки уларнинг нотўғри комбинацияси ҳам зиён келтириши мумкин. Масалан, агар сиз ёғсиз творогга мураббо ёки жем қўшсангиз, организм учун фойда ўрнига ичакларда бижғиш жараёнини юзага келтирасиз. Бу эса ҳеч қандай яхшиликка олиб келмайди: ушбу жараён давомида токсинлар ишлаб чиқарилади, бу эса уларни зарарсизлантиришга уринадиган жигар ва буйракларга қўшимча зўриқиш беради.

**Қора нон**

Қора нонда оқ нонга қараганда калория камроқ эканини ҳамма билади. Аммо шу билан бирга, қора нонда Б витамини кўпроқ бўлиб, у углеводларни ёғга айлантиради ва организмда ортиқча ёғ сифатида тўпланади, бу эса ортиқча вазн пайдо бўлишига олиб келади. Шунинг учун нонни янада фойдалироқ ва калорияси ундан ҳам кам бўлган қарсилдоқ нонларга алмаштирган маъқул.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.