Когонда гиёҳванд моддалар сабаб икки шахсга ҳукм ўқилди
Қайд этилишича, Когон шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган. Унда назорат остидаги харид учун 5 миллион сўм

Когонда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят иши бўйича икки шахсга ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти суди ахборот хизмати раҳбари Феруз Шаропов «Xabar.uz»га маълум қилди. Унинг таъкидлашича, судланганларнинг иккаласи ҳам илгари судланмаган.
Суд ҳужжатларига кўра, жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди 31 ёшли Суннат Ярашев ва 21 ёшли Вали Самиевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиққан.
Қайд этилишича, Когон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида назорат остидаги харид учун 5 миллион сўм пул берилган. Юқорида исми-шарифи (ўзгартирилган) келтирилган шахслар олдиндан тил бириктириб, ушбу пул эвазига 14,40 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситасини сотишга уринган.
Самиевнинг суддаги кўрсатмасига кўра, у Ярашевдан олган 5 миллион сўм қарзи эвазига гиёҳвандлик воситасини гаров сифатида қолдирган. Кейинчалик қарзининг бир қисмини қайтариб, ушбу моддани олиб кетган. У назорат остидаги харид жараёнида «Амир» тахаллусли шахсдан 5 миллион сўм олган ва яна Ярашевнинг уйига борган.
Ярашев эса ўз айбига иқрор бўлмаган. У Самиевдан қарз олгани, гиёҳвандлик воситасини гаров сифатида қолдиргани ва кейинчалик қарзини қайтариб, уни олиб кетганини айтган. Суд эса бу важларни жавобгарликдан қутилиш мақсадида билдирилган, деб баҳолаган.
Судда сўроқ қилинган гувоҳлар ва иш ҳужжатларига кўра, Самиевдан гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда ҳамда назорат тадбирида ишлатилган пулларнинг бир қисми олинган. Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Ярашевнинг Бухоро шаҳридаги яшаш манзилини кўздан кечирган.
Кўздан кечириш жараёнида уйдан гиёҳвандлик воситасига ўхшаш моддалар, 4,3 миллион сўм пул, махсус идишлар ва тўрт дона гултувак топилган. Экспертиза хулосаларига кўра, иш бўйича олинган моддалар «гашиш» экани ва уларнинг тегишли миқдорлари тасдиқланган.
Когон шаҳар суди раиси Акрам Раҳимовнинг сўзларига кўра, «Суд Ярашевга қўйилган Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича айбловни исботланмаган, деб топди. Терговда гултуваклардаги ўсимликлар тақиқланган каннабис экани ҳақида экспертиза ўтказилмагани ва ўсимлик тури аниқланмагани суд томонидан инобатга олинди. Суд Конституция ва Жиноят-процессуал талабларига таянади. Айбдорликка оид барча шубҳалар судланувчи фойдасига ҳал қилиниши лозимлигини инобатга олди. Шу асосда Ярашев мазкур ҳолат бўйича айбсиз, деб топилди ва ишнинг шу қисми тугатилди».
Бироқ, суд Ярашевни гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадида сақлаш билан боғлиқ жиноятларда айбдор, деб топган. Унга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазоларни қисман қўшиш орқали унга узил-кесил 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Самиевга эса унинг ёши ва айбига тўлиқ иқрорлиги инобатга олиниб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Ҳар икки судланувчи жазони умумий тартибли колонияда ўтайдиган бўлди.

