Киевга тунги ракета ҳужумида камида 12 киши жароҳатланди
Россия 17-сентабрга ўтар кечаси Киев ва Одессага ҳужум қилди. Украина расмийларига кўра, Киевда камида 12 киши, жумладан 10 ва 12 ёшли икки бола жароҳатланган. Одессада эса уч киши, улар орасида тўрт ёшли бола яраланган. Бир кун аввал Сумига берилган зарбалар оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, тўққиз киши жароҳатланган.

Киевга тунги ракета зарбасида камида 12 киши жароҳат олди
Россия қўшинлари 17-сентабр, пайшанбага ўтар кечаси Украина пойтахти Киевга кенг кўламли ракета ҳужумини уюштирди.
Киев мери Виталий Кличко берган маълумотга кўра, ҳужум оқибатида камида 12 киши жароҳатланган. Улар орасида 10 ва 12 ёшли икки бола ҳам бор. Жабрланганларнинг тўққиз нафари шифохонага ётқизилган.
Кейинроқ Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти жароҳат олган 10 ёшли бола қиз эканини маълум қилди.
Ҳужум сабаб Украина пойтахтининг бир нечта туманида бинолар зарар кўрди. Шаҳар ҳарбий маъмуриятига кўра, Соломенский ва Днипро туманларида омборхоналар шикастланган. Днипро туманида турар жой биноси ҳам зарар кўрган.
Кличко маълумотларига кўра, шу тумандаги уч қаватли офис биносининг фасади ва ойналари шикастланган. Бир нечта турар жой биносининг деразалари синган. Святошинский туманида эса нотурар жой биноси зарар кўрган.
Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати Голосеевский туманидаги тўрт қаватли олий таълим муассасаси биносининг фасади ва ойналари ҳам шикастланганини билдирди. Қайси олийгоҳ экани очиқланмаган. Ушбу ҳодисада ҳалок бўлган ёки жароҳатланганлар қайд этилмаган.
Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари 17-сентабрга ўтар кечаси Киев томон ракеталар ҳаракатланаётгани ҳақида огоҳлантирган эди.
Ўша кечаси Россия Одессага ҳам ҳужум қилди. Одесса шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисакнинг айтишича, зарба оқибатида камида уч киши жароҳатланган.
Жабрланганлар орасида тўрт ёшли бола ҳам бор. Лисакнинг билдиришича, уларнинг барчасига зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари ҳужум натижасида Одессада кўп қаватли бино ҳам шикастланганини маълум қилди.
Бундан ташқари, 16-сентабр куни кечқурун Россиянинг Суми шаҳрига авиаҳужумлари оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна тўққиз киши жароҳатланган. Жароҳатланганлар орасида икки нафар бола бор.

