Кипр полицияси Роман Абрамовичнинг молиявий ишлари бўйича суриштирув бошлади
Шу ойнинг бошида Абрамовичнинг айрим профессионал маслаҳатчиларининг ҳалоллигига оид саволлар ўртага ташланди.

Кипр полицияси Роман Абрамовичнинг молиявий ишлари бўйича суриштирув бошлади, бунга BBC Panorama кўрсатувида Deloitte аудиторлик компанияси унинг бойлигини яшириш ва солиқдан қочиш мақсадида ҳужжатларни сохталаштиришга ёрдам бергани ошкор қилингани сабаб бўлди.
Абрамовичнинг баъзи профессионал маслаҳатчиларининг хатти-ҳаракатлари бўйича саволлар шу ой бошида BBC ва Тергов журналистикаси бюроси (TBIJ) томонидан ўтказилган қўшма суриштирувда илк бор олиб чиқилган эди.
Кипр Адлия вазирлиги расмийси шу ҳафта депутатларга маълум қилишича, хулосалар полициянинг Молиявий қидирув бўлими томонидан ўтказиладиган янги текширув доирасида ўрганиб чиқилади.
Абрамовичнинг адвокатлари унинг солиқдан бўйин тобганини ёки бойлигини яширганини инкор этмоқда. Deloitte Cyprus компанияси эса «амалдаги қонунларга мувофиқ» фаолият юритишини билдирди.
Суриштирув Кипр пойтахти Никосияда пулни ўзлаштиришга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган парламент қўмитаси йиғилишида ошкор қилинди.
Адлия вазирлиги мулозими депутатларга полиция бирор бир жиноят содир этилган-этилмаганини аниқлашга ҳаракат қилишини айтди.
Ўтган ҳафта BBC ва TBIJ Кипрдаги Deloitte томонидан 2006 йилда тасдиқланган ҳисоботлар сабаб Абрамович компаниясининг ҳисобларидан 672 миллион долларлик (508 миллион фунт стерлинг) суперяхталар, ҳашаматли ҳовлилар ва шахсий самолётлар каби активлар йўқ бўлиб қолгани ҳақида хабар берган эди.
Дунёдаги энг йирик аудиторлик фирмаси бўлмиш Deloitte, шунингдек, сохталаштирилган ҳужжатлар орқали олигархнинг бойлигидан олинадиган жуда катта солиқ тўловидан қочиш режаси бўйича маслаҳат берганга ўхшайди.
Кипрдаги Deloitte Абрамовичнинг компаниясига солиқдан бўйин тоблаш схемаси бўйича маслаҳат берган кўринади.
Далиллар сизиб чиққан файллардан, жумладан, Абрамовичнинг молияси ва 1995 йилдан 2022 йилгача Кипрдан бошқарилган оффшор компаниялар тармоғининг фаолиятига оид минглаб ҳужжатлардан олинган.
BBC ва унинг медиа ҳамкорлари, жумладан TBIJ, Guardian, Paper Trail Media, Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ўрганиш лойиҳаси (OCCRP) ҳамда Кипр суриштирув журналистикаси тармоғи Халқаро суриштирув журналистлари консорциуми доирасида 2023 йилдан бери сизиб чиққан файллар бўйича хабар бериб келмоқда.
Кипр полицияси вакили Андреас Анастасиадес депутатларга Молиявий жиноятлар бўлими аллақачон далилларни тўплашни бошлаганини ва суриштирув бир неча ой давом этиши кутилаётганини айтди.
BBC’нинг суриштирув давомида Deloitte’нинг роли ўрганиладими, деган саволига Андреас Анастасиадес шундай жавоб берди: «Биз алоқадор бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай компания ёки шахсни ўрганамиз».
У шундай қўшимча қилди: «Фирибгарлик содир этилгани ёки баъзи ҳужжатлар сохталаштирилганини кўриб чиқамиз».
Абрамовичнинг адвокатлари Панорама миллиардернинг бирор-бир ҳужжатни сохталаштиришдан хабардор бўлгани, уни тасдиқлагани ёки унга кўрсатма бергани ҳақида ҳеч қандай далил келтирмаганини айтмоқда. улар, шунингдек, унинг компаниялари профессионал маслаҳатларга таянишга ҳақли эканини билдирди.
Deloitte Cyprus ҳужжатлар 20 йилдан кўпроқ вақт олдинга тегишли экани ва улардан фойдаланиш имкони бўлмагани учун изоҳ бера олмаслигини айтди.
BBC ва TBIJ илгари Абрамовичга ўз яхталарини сақлаш харажатлари бўйича миллионлаб солиқларни тўлашдан қочиш имконини берган солиқ келишуви ҳақида хабар берган эди.
Ушбу хабардан сўнг, компаниянинг икки собиқ директори айбланди ва келаси ой Кипрда тўланмаган 25 миллион евро миқдоридаги ҚҚС бўйича суд олдида жавоб беришлари кутилмоқда.
Жаноб Абрамовичнинг адвокатлари аввалроқ BBC’га у «ҳар доим мустақил экспертларнинг профессионал солиқ ва ҳуқуқий маслаҳатларини олганини» ва уларга «мувофиқ иш тутганини» айтган эди.

