Кипр ҳукумати солиқ тўламаган футбол клубларига “уруш очди”

Кипр ҳукумати солиқ қарзини тўламаган футбол клубларига қарши кескин чоралар кўришга киришди. Мамлакатнинг тўртта машҳур футбол клуби – “Апоел”, “Анортосис”, “Аполлон” ва “АЕЛ” – яқин саккиз кун ичида солиқ қарзларини тўламаса, уларнинг банк ҳисоблари музлатилиши билан таҳдид қилинди.
Кипр Республикаси солиқ масалалари бўйича комиссари Сотирис Маркидиснинг талабига кўра, ушбу клублар 20-августга қадар ҳар бири қўшимча қиймат солиғи ва даромад солиғи бўйича 1 миллион евродан қарзини тўлаши шарт. Маркидис орол солиқ хизмати клубларга ҳеч қандай муддат узайтирмаслигини қатъий таъкидлади.
Агар ҳокимият талаблари бажарилмаса, солиқ идораси қарзни ундириш чораларини ишга туширади. Биринчи навбатда, барча тўрт клубнинг банк ҳисоблари музлатилади. Бу эса жамоаларни мавсум оралиғида таркибларини кучайтириш учун молиявий имкониятлардан маҳрум этади.
Агар бу чоралар ҳам самара бермаса, кейинги босқичда клубларнинг активларига тақиқ ва чекловлар қўйилади. Зарурат туғилса, солиқ ислоҳоти доирасида қабул қилинган янги чора қўлланилиб, қарздорларга тегишли бинолар муҳрланиши мумкин.
Маркидис билан учрашган юқоридаги клублар вакиллари солиқ комиссарининг огоҳлантиришларига жиддий муносабат билдиришди ва белгиланган муддатгача қарзларни тўлаш учун зарур маблағни йиғишга ваъда беришди.
Учрашув давомида Маркидис Кипр футбол клубларининг қарздорликлари бўйича норозилигини яширмаган. Бу ҳолат ўтган йилнинг май ойида Кипр футбол федерацияси уларга мамлакат чемпионати ва Еврокубокларда иштирок этиш учун “яшил чироқ” ёқиб, клублар УЕФА мезонларига жавоб беришини тасдиқлаганидан кўп ўтмай юз берган эди.

