Лайфстайл

Кинотавсия: Музейдаги ўғриликлар ҳақидаги 5 та қизиқарли филм

Кинотавсия: Музейдаги ўғриликлар ҳақидаги 5 та қизиқарли филм

Шу йилнинг 8-сентябр куни Франсиядаги Ренуар музейидан қиймати 9 миллион еврога тенг бўлган учта расм ўғирлаб кетилди. Айни пайтда музей фаолияти тўхтатилган, ўғрилар эса ҳанузгача қўлга олинмаган. Қуйида музейлар инсоният маданиятининг хазинаси бўлиши билан бирга, кино ижодкорлари учун ғаройиб ўғриликлар содир этиладиган маскан эканини кўрсатиб берувчи филмларни жамладик.

Ушбу саргузашт филмда бош қаҳрамон Бенжамин Франклин Гейц ролини Николас Кейж ижро этиб, хазина излаш сафарига чиқади. Тадқиқот жараёнида у кўплаб тарихий сирлар ва жумбоқларга дуч келади, уларнинг аксарияти музейлар ҳамда тарихий ашёлар билан боғлиқ. Қаҳрамонлар аждодлари яшириб кетган қимматбаҳо буюмларни топиш учун АҚШ Мустақиллик декларациясини ўғирлашларига тўғри келади.

Режиссёр Жон Тертелтауб динамик ва қизиқарли асар яратган, унда сюжетнинг ҳар бир бурилиши томошабинни ҳаяжонда ушлаб туради. 2007-йилда “Миллат хазинаси: Сирлар китоби” номли филмнинг давоми суратга олинган.

Санъат асарларини қалбакилаштириш билан шуғулланувчи миллионернинг қизи отасининг фош бўлишининг олдини олиш учун фирибгар билан бирга музейдан унинг асарларидан бирини ўғирлашга уринади. Филм ҳазил-мутойибага бой диалоглар, кутилмаган воқеалар ривожи ва романтик кайфият билан тўла.

Режиссёр Уилям Уайлер Одри Хепберн ва Питер ЎТул экранда ажойиб уйғунлик намойиш этадиган енгил ва нафис асар яратган. “Катта бойлик изидан” ҳанузгача кўплаб томошабинларнинг севимли филми бўлиб қолмоқда.

Ушбу замонавий жангари филмда Интерпол агенти қидирувдаги жиноятчини қўлга олиш учун икки ўғри билан ҳамкорлик қилади. Филм воқеалари Франсия, Италия ва Миср каби бир нечта мамлакатларда кечади ва ноёб санъат асарларининг ўғирланиши билан боғлиқ.

Бош ролларда Рян Рейнолдс, Дуейн Жонсон ва Гал Гадот филмга юқори рейтинг ҳамда томошабинларнинг ижобий фикрларини таъминлаб берди. Маълум бўлишича, филмнинг иккита давоми ишлаб чиқилмоқда, бироқ суратга олиш ишлари ҳақида батафсил маълумот ҳозирча йўқ.

Шотландиялик миллионер Майк МакКензи (Дуглас Хеншелл) компютер фирмасини сотгач, дўсти — Стивен Фрай ижросидаги профессор Роберт Гиссингдан ғайриоддий таклиф олади. У идеал жиноят режасини таклиф этади: Шотландия миллий галереясида жой етишмагани сабабли расмлар вақтинча жойлаштирилган Мидлотҳиан омборхонасидан қимматбаҳо санъат асарларини ўғирлаш. Майк терговни чалғитадиган ва мукаммал натижани кафолатлайдиган айёр усуллардан фойдаланиб, бу дадил режани амалга оширишга қарор қилади.

Режани амалга ошириш учун МакКензи мутахассисдан ёрдам сўрайди ва улар биргаликда мураккаб операцияни ишлаб чиқади. Филм детектив, жиноят комедияси ва саргузашт унсурларини уйғунлаштириб, зиддиятли ва қизиқарли воқеалар ривожини юзага келтиради. “Очиқ эшиклар куни” ақл ва топқирлик музейдаги ўғриликни чин санъатга айлантириши мумкинлигини намойиш этади.

Ушбу триллерда тажрибали ўғри ва суғурта агенти бир қатор санъат асарларини ўғирлаш учун тил бириктиради. Филм кескин лаҳзалар, кутилмаган сюжет бурилишлари ҳамда бош қаҳрамонлар ўртасидаги ишқий муносабатларга бой. Воқеалар Буюк Британия, Франсия ва АҚШда бўлиб ўтади.

Режиссёр Жон Эмиел ўзига хос муҳитга эга кескин картина яратган бўлиб, унда Шон Коннери ва Кетрин Зета-Жонс ажойиб жуфтликни намойиш этишган. “Қопқон” филми ўзининг динамиклиги ва қизиқарли сюжети учун танқидчилар ҳамда томошабинлар томонидан ижобий кутиб олинган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.