Кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқовга Президент совғаси – Янги Тошкентдан хонадон берилди
Бугун, 26 октябрда бўлиб ўтган тадбирда Президентнинг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ёшлар масалалари

Кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқовга Президент совғаси сифатида Янги Тошкентдан хонадон берилди
Президент Шавкат Мирзиёев таниқли кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқовга Янги Тошкент ҳудудида барпо этилаётган кўп қаватли уйлардан 3 хонали хонадон ҳадя қилди.
Бугун, 26-октябр куни ўтказилган тадбирда Президентнинг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Олимжон Давлатов кинорежиссёрга 88 квадрат метр майдонга эга хонадон калитини топширди.
Кутилмаган совғадан ҳаяжонини яширмаган Зулфиқор Мусоқов давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, ижод аҳлига кўрсатилаётган эътиборни алоҳида қайд этди.
«Бизга жуда ёқди, бошимиз осмонга етди. Чунки ҳаммаси жойида. Бир соат олдин бундай воқеа бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Бу мен учун кутилмаган совға бўлди», — деди режиссёр.
Унинг айтишича, ўзи ва оиласи 45 йилдан буён уч хонали хонадонда яшаб келади. Фарзандларини шу уйда вояга етказган, неваралари ҳам шу ерда улғаймоқда.
Кинорежиссёр Президентнинг санъат ва маданият вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларига ҳам тўхталди. У ижодкорлар учун солиқ имтиёзлари, уй-жой ва ижтимоий шароитларни яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирлар муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
«Актёрларимиз бор, режиссёрларимиз бор, ёзувчиларимиз бор. Улар бутун умрини мана шу соҳага бағишлаган. Масалан, мен ҳам кино олишдан бошқа ишда ўзимни тасаввур қилолмайман. Бутун умр шу соҳада ишладим.
Ўйлайманки, бугунги эътибор санъаткорлар ва бутун ижодкорлар учун бир дебоча», – деди Мусоқов.
Режиссёрнинг турмуш ўртоғи ҳам янги хонадондан мамнун эканини билдириб, Президентга оиласи номидан миннатдорлик билдирди.
Маълумот учун, бугун, 26 октябр куни Президент Шавкат Мирзиёев «Ренессанс» кино уйига ташриф буюриб, кинематография соҳаси ходимлари билан учрашиши режалаштирилган. Учрашувда соҳада амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар муҳокама қилиниши, шунингдек, Зулфиқор Мусоқовга Президент совғаси сифатида хонадон берилгани жамоатчиликка эълон қилиниши кутилмоқда.

