Спорт

Килиан Мбаппе ўзи ҳақидаги “диктатор” мемларига муносабат билдирди

Килиан Мбаппе ўзи ҳақидаги “диктатор” мемларига муносабат билдирди

Франсия терма жамоаси ҳамда Мадриднинг “Реал” клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе ўзини диктатор қиёфасида кўрсатадиган мемлар борасида фикр билдирди.

“Бошқаларни ўлдирган ёки миллионлаб одамларни бахциз қилган инсонларга қиёсланиш... Ҳаётимда бундай ишлар қилганман деб ўйламайман. Шундай экан, бу ерда ҳамма нарса аралашиб кетган. Бир томондан, буларнинг бари шунчаки енгил ҳазил экани ва чуқур маъно касб этмаслигини биламан, аммо баъзида бу нарса одамларда сиёсий ва инсоний онг етишмаслигини кўрсатиб қўяди”, дейди Мбаппе.

Футболчи, шунингдек, уни ҳазил тариқасида “Мобут” (1965–1997-йилларда Заирда, ҳозирги Конго Демократик Республикасида ҳукмронлик қилган диктатор Мобуту Сесе Секога ишора) деб атайдиган терма жамоадаги шериги Усмон Дембеледан ранжимаганини алоҳида қайд этди:

“Усмон — бошқа масала. У буни ижтимоий тармоқлардан олган, шунчаки ҳазиллашади, холос”, деб қўшимча қилди ҳужумчи.

Маълумот учун, Мбаппе илк бор 2024-йилда Марселдаги кабобхона билан боғлиқ суд иши сабабли “диктатор” деган ном олган эди: ўшанда футболчининг адвокатлари унинг исмидан таомнома рўйхатида рухсациз фойдаланилгани учун судга бериш билан таҳдид қилган, муассаса эгаси эса спортчини омма олдида диктатор деб атаган эди.

Бу образ ЖЧ—2026 вақтида Мбаппега бутунлай ёпишиб олди. Турнир давомида тармоқ фойдаланувчилари сунъий интеллект яратган “Килиан — диктатор” треки остида оммавий равишда видеолар тайёрлай бошлади. Мухлислар Мбаппени ҳарбий либосда ва орденлар таққан ҳолда тасвирлаб, унинг майдон ичидаги ва ташқарисидаги хатти-ҳаракатларини “фармонлар” сифатида талқин қилди. Бунга бир нечта ҳолат сабаб бўлганди: ироқликларга қарши ўйинда Мбаппе стадион ходимларига майдоннинг қаеридан сувни тозалаш кераклигини кўрсатган бўлса, Норвегия билан баҳсда ҳакамдан сардорлик боғичини шеригига олиб беришни сўраганди.

Эслатиб ўтамиз, Мбаппе ЖЧ—2026 да турнирнинг энг яхши тўпурарига айланди. У Франсия терма жамоаси сафида 8 та ўйинда 10 та гол ва 4 та голли узатмага муаллифлик қилди. Шунингдек, у 66 та гол билан миллий терма жамоа тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.