“Кичкина Озодага, оила қуриб, хотиржам яша, деган бўлардим”. Озода Нурсаидова клипга кўчган ҳаёти, армонлари ва араб мухлиси ҳақида

“Кичкина Озодага, оила қуриб, хотиржам яша, деган бўлардим”. Озода Нурсаидова клипга кўчган ҳаёти, армонлари ва араб мухлиси ҳақида
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, поп қўшиқларни маромига етказиб ижро этувчи хонанда Озода Нурсаидова инстаблогер Марям Тиллаевага интервю берди. Суҳбат чоғида у ёшлигида қўшиқчи бўлишни хаёлига ҳам келтирмагани, Ўрта Осиё ва МДҲ давлатлари орасида ҳит бўлган клипидаги воқеалар ўз ҳаётидан олингани ҳамда ҳаммасидан воз кечиб, тинч яшашни исташи ҳақида сўзлаб берди.
“Болалигимда прокурор бўлишни орзу қилганман”
— Болалигимда катта орзулар билан улғайганман. Ҳуқуқшунос, ҳатто прокурор бўлишни хоҳлардим. Ҳеч қачон қўшиқчи ёки ижодкор бўламан, деб ўйламаганман. Мактабни тугатганимдан кейин ўқишга кира олмадим, имтиҳондан йиқилдим. Кейинги йили эса ҳаётимда ҳаммасини ўзгартириб юборган бир воқеа бўлди. Ҳали ҳам ўйласам, эртакдагидек туюлади.
Қўшиқ айтадиган дугонам бор эди. У билан бирга вокал ўқитувчисининг олдига борардик. Бир куни дугонамни кутиб ўтирганимда, ўқитувчиси мендан қўшиқ айтиш-айтмаслигимни сўради. Йўқ, десам, балки уриниб кўрарсан, деди. Мен эса умуман қўшиқ айтмаслигимни, ҳатто бу нарсани тушунмаслигимни айтдим. Шунда у “Кел, дугонанг келгунча озгина куйлаб кўр, эшитиб кўрай”, деди. Мен куйлай бошладим. У менга жўр бўлди, мен ҳам унга эргашдим. Кейин у “Сенда истеъдод бор экан, қўшиқчи бўлишинг мумкин”, деди. Мен ҳайрон бўлиб “Нима деяпсиз, эсингиз жойидами?” дедим. Чиндан ҳам шундайлигини айтди. Аввалига устимдан куляпти, деб ўйладим. Лекин унинг менда истеъдод борлигини айтгани хаёлимда қолиб кетди.
Орадан уч ой ўтиб, консерваториянинг мақом факултетига тайёрлов курсига ўқишга кирдим. Икки йил тайёрлов курсида ўқиб, биринчи курсга қабул қилиндим. Ўшанда ҳаётим бутунлай бошқа томонга ўзгарди. Ҳуқуқшунос бўламан, деб юрган қиз эдим. Бугун эса мана, шу ердаман, дейди Озода Нурсаидова болалигини хотирлаб.
“Она, менинг ортимдан уялиб қолмайсиз”
Бу жуда қийин йўл. Бунинг учун курашиш керак. Мен ҳам курашганман. Онам мени ҳамшира бўлишимни орзу қиларди. “Мен сени қўшиқчи, артист бўлишингни хоҳламайман. Сени эрга бераман”, деб кўп айтарди. Мен эса доим “Ойи, мен шундай инсон бўламанки, ҳали фахрланиб юрасиз. Мен туфайли ҳеч қачон уялмайсиз”, дердим. Ҳатто “Ҳеч қачон ҳеч ким бизнинг остонамизга келиб, сизни мен сабабли уялтирмайди”, деб ваъда берганман. Ўша ваъдамнинг устидан чиқдим.
Шундай йўлдан ўтган аёл ҳамкасбларим ҳам бунинг нималигини жуда яхши билади. Илгари жамият ҳам аёл санъаткорларни эзарди. Яхши оилалар уларни келин қилишни хоҳламасди. Ҳозир эса вазият анча ўзгарган. Бугун келинларнинг блогер ёки санъаткор бўлиши одатий ҳолга айланиб боряпти. Чунки бу энди нафақат ижод, балки даромад ва бизнесга ҳам айланиб қолган, дейди хонанда.
“ ъКўк жигулиъ қўшиғим ва клип ўз ҳаётимдан олинган”
Бу менинг болалигим, ёшлигим. 16 ёшимда бир йигит билан учрашардим. У билан кинога борардик. Биз яшайдиган кўчада ёзги кинотеатр бўларди, у ерда ҳинд филмларини қўйишарди. Биз ҳам ўша ерга бориб, филмлар кўрардик.
Отасининг кўк “Жигули”си бор эди. У йигит ҳам худди клипда кўрсатганимиздек, машинани уйдан олиб қочарди. Шунинг учун клипдаги воқеаларнинг деярли барчаси ҳаётимдан олинган.
Ҳатто клипни суратга олаётганимизда ҳам ўша пайтларни эслаб турардик. Унинг ҳозир ўз оиласи бор, лекин баъзан кўришиб қолганимизда “Эсингдами, ъЖигулиъда кинотеатрга борардик”, деб ўша кунларни эслаймиз. Қўшиқдаги воқеалар ҳам, клипдаги деталлар ҳам менинг ҳаётимдан. Ҳатто энг майда тафсилотларигача ҳақиқий, дейди Озода Нурсаидова машҳур клипи ҳақида.
“Ёшлар мени янги хонанда деб ўйлашди”
— “Кўк Жигули” қўшиғини чиқарганимда, ёшлар мени янги хонанда деб ўйлашган. Бир дугонам менга айтиб қолди: “Набирам янги хонанда чиқибди, ъКўк Жигулиъ деган қўшиқ айтибди, шуни қўйиб беринг, деяпти”, дебди. Набираси хонанданинг исмини сўраганида, “Озода”, дебди. Шунда дугонам “Бу хонанда мен ёшлигимда ҳам қўшиқ айтарди. Қандай қилиб янги бўлиши мумкин?” дебди.
Мен буни ёш авлод ҳақида айтяпман. Улар мени янги хонанда деб ўйлашади, чунки мен ижоддан бироз узоқлашган пайтда улар мени билмаган, кўрмаган. Энди эса бошқача ишлашга тўғри келяпти. Биз ижод бошлаган пайтимизда бутунлай бошқа авлод эди. Уларнинг қадриятлари ҳам, диди ҳам бошқача бўлган. Ҳозирги авлоднинг қарашлари ва қизиқишлари эса анча ўзгарган. Шунинг учун биз ҳам замонга мослашишга ҳаракат қиляпмиз. Уларнинг қизиқишларини ўрганиб, ўз ижодимиз билан уйғунлаштиряпмиз. Албатта, бунинг учун изланишда давом этамиз, дейди у.
“Стилистим бир ойлик кийимларимни саралаб беради”
Хонанда либослари устида ишловчи дизайнерлар ва стилисти ҳақида ҳам гапириб берди.
— Менинг стилистим бор. У баъзан келиб, бир ойлик кийиниш жадвалимни тузиб беради. Кундалик ҳаётда эса баъзан кийимларимни ўзим танлайман. Кийимларни тайёрлаб, илгичларга илиб қўйишади, мен эса ўзимга ёққанларини танлайман. Бирор нарсаси ёқмаса, ўзим ҳал қиламан. Тўй учун нима кийишимни, суратга олиш ишлари учун образларимни ҳам алоҳида мутахассислар танлайди. Лекин барибир ҳаммаси менинг хоҳишимдан келиб чиқади.
Масалан, клип суратга олмоқчи бўлсам, аввалдан ўзимнинг хаёлимда қандайдир образ бўлади. Улар эса шу образни янада мукаммаллаштиришади.
Саҳна образим билан эса профессионаллар ишлайди. Уч йилдан бери улар билан ҳамкорлик қиламан. Аввал ҳам стилистлар билан ишлаганман, лекин кейинчалик услубимни ўзгартирдим. Ҳозир Европадаги мутахассислар билан ишлаяпман. Энди эса Суҳроб Муратов билан ҳам ишлашни хоҳлайман. Бу борада музокаралар кетяпти, насиб қилса, кейинги йил ҳамкорликни бошлаймиз, дейди Озода Нурсаидова дизайнерлари ҳақида.
Ҳозир кичкина Озодани кўриб қолсангиз, унга нима деган бўлардингиз?
— “Эй, қизалоқ, бор, турмушга чиқ, тинч ҳаёт кечир”, дердим. Албатта, бу ҳазил. Лекин баъзан ҳаётимга назар ташлаб, буларнинг ҳеч бири керак эмас эди, деган пайтларим бўлади. Шу билан бирга, босиб ўтган йўлимдан афсусланмайман ҳам. Шунчаки, айрим пайтларда ҳаммасидан воз кечиб, тинчгина яшагим келади. Шундай имкон бўлганида, кичкина Озодага “Бор, турмушга чиқ, тинч ҳаёт кечир”, деган бўлардим, дейди Озода Нурсаидова.
“Араб чегарачи мухлисим эканини айтган”
— Менинг мухлисим эканини айтган энг кутилмаган одам бу Дубай аеропортидаги араб чегарачи бўлган. Бир куни Дубай чегарасидан ўтаётганимда, чегарачи мени тўхтатиб, паспортимга қаради-да, “Озода Нурсаидовамисиз?” деб сўради. Мен “Ес”, дедим. Ўша пайт қўрқиб кетдим, ҳозир мени қамаб қўйишади, деб ўйладим.
Кейин у жиддий қиёфада “Қўшиқчимисиз?” деб сўради. Яна “Ес”, дедим. Шунда у “Мен сизнинг қўшиқларингизни яхши кўраман”, деди. Мен шокда қолдим. Қўшиғингизни яхши кўраман, деб, ҳатто икки-учта қўшиғимни куйлаб берди. Унга кўпроқ “Севгилим” деган қўшиғим ёқар экан. Ростини айцам, ўша вазиятда нима дейишни ҳам билмай қолгандим, дея эслайди хонанда кутилмаган вазият ҳақида.

