Кескин тормозланиш электромобил аккумулятори эскиришини 2,5 баробарга тезлаштиради тадқиқот

**Тадқиқот: Кескин тормозланиш электромобил аккумуляторининг эскиришини 2,5 баробарга тезлаштиради**
Шанхай Дянжи университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, электромобил аккумуляторининг эскиришига юқори тезлик эмас, балки кескин тормоз бериш ва жойидан шиддат билан қўзғалиш сабаб бўлар экан. Мунтазам равишда бундай услубда ҳайдаш аккумулятор сиғимининг силлиқ ва тежамкор услубдагига нисбатан қарийб 2,5 баравар тезроқ йўқолишига олиб келади.
Тадқиқот гуруҳи 2022-йил давомида Гуанчжоу шаҳри бўйлаб ҳаракатланган 15 та электромобилнинг маълумотларини таҳлил қилди. Автомобилларнинг борт тизимлари ҳар 10 сонияда тезлик, аккумулятор токи кучи, қувват даражаси, кучланиш ва ҳароратни қайд этиб борган. Олимлар ушбу кўрсаткичлар асосида ҳайдовчининг қанчалик кескин тезланиш ва тормозланишини аниқлаганлар.
Ҳайдаш услубининг аккумулятор эскиришига таъсирини бошланғич қувват, ҳарорат ва бўш туриб қолиш вақти каби бошқа омиллардан ажратиб олиш учун тадқиқотчилар машинавий таълим моделини қўлладилар. Натижада маълум бўлишича, энг тажовузкор ҳайдаш услуби аккумуляторнинг эскиришини тежамкор услубга қараганда 18,4 баравар тезлаштирар экан.
Бу механизм электрокимёгарларга маълум: токнинг кескин сакрашлари батареяни совишга улгурмасидан аввал қиздириб юборади, электродларда эса литий қатлами ҳосил бўлиши тезлашади. Бу эса сиғимни қайтариб бўлмас даражада камайтирадиган салбий таъсирдир. Шу сабабли электромобил ишлаб чиқарувчилари, батарея аппарат жиҳатдан кўпроқ қувват бера олса-да, разряднинг энг юқори қувватини дастурий равишда чеклаб қўйишади.
Узоқ муддатли прогноз янада яққолроқ бўлди: тежамкор ҳайдашда батарея 1000 та зарядлаш-разрядлаш сиклидан сўнг сиғимининг 21 фоизини йўқоца, агрессив ҳайдашда бу кўрсаткич 53 фоизга етади. Қизиғи шундаки, ҳар икки гуруҳ ҳайдовчиларининг ўртача тезлиги деярли бир хил бўлган, бироқ агрессив ҳайдовчилар батареяни ўртача 66,02 ампер ток билан разрядлаган, тежамкор ҳайдовчиларда эса бу кўрсаткич 20,56 амперни ташкил этган.
Олимлар фақат ҳайдаш услуби ўзгариб, қолган барча шароитлар бир хил бўлиб қоладиган вазиятни алоҳида моделлаштирдилар. Агрессив услубдан тежамкор услубга ўтиш батареяга тушадиган қисқа муддатли юкламани 91 фоизга камайтирган.
"Натижалар шуни кўрсатадики, ҳайдаш услубини оптималлаштириш — қувват батареяларининг эскиришини секинлаштириш ва уларнинг хизмат муддатини узайтиришнинг самарали усулидир", дейилади муаллифларнинг Ссиентифис Репорц журналида эълон қилинган мақоласида. Тез-тез кескин тезланиш ва тормозланишлар аккумуляторга фойда келтирмайди, аксинча унинг эскиришини сезиларли даражада тезлаштириши мумкин.
Қизиғи шундаки, шанхайлик тадқиқотчиларнинг хулосалари Натуре Энергй журналидаги шов-шувли тадқиқот натижаларидан фарқ қилади. Унда олимлар лаборатория синовларида батареяга тушадиган ўзгарувчан юклама, аксинча, унинг хизмат муддатини узайтириши мумкинлигини аниқлаган эдилар. Айрим оммавий ахборот воситалари буни сўзма-сўз талқин қилиб, тажовузкорона ҳайдаш аккумулятор учун фойдали бўлиши мумкин, деган хулосага келди. Лекин бу ундай эмас. Батареялар диагностикаси билан шуғулланувчи Австриянинг АВИЛОО компанияси ушбу масалани реал автомобилларда синаб кўриб, фарқни тушунтирди: лаборатория тажрибасидаги динамик юклама билан йўлда кескин тезланиш бир нарса эмас. Шу сабабли лаборатория синови натижаларини бевосита ҳайдаш услубига татбиқ этиб бўлмайди.
Электромобил эгаси учун эса бу жуда амалий масала: батарея — унинг энг қиммат қисмларидан бири. Шу сабабли доимий кескин тезланишлар нафақат энергия сарфини оширгани, балки аккумуляторнинг тезроқ ейилишига олиб келгани учун ҳам ўйлаганингиздан қимматга тушиши мумкин.

