Кескин оширилгандан сўнг аэропортга кузатиб қўйиш тўловлари қайта кўриб чиқилади
Текширувни тасдиқлар экан, ҳукумат "саёҳатлар ҳамёнбоп бўлиб қолишини ва йўловчиларга адолатли муносабатда бўлинишини таъминлаш жуда муҳим" эканини айтди.

Ҳукумат сўнгги йиллардаги кескин ўсишдан сўнг аэропортларда йўловчиларни тушириб қолдириш тўловларини ўрганиб чиқади.
Ўтказилган таҳлиллардан бирига кўра, йирик аэропортлардаги нархлар 2025 йил ёзидан бери ўртача учдан бир қисмга ошган. Гатвик ва Станстед аэропортларида йўловчиларни тушириб қолдириш тўлови 7 фунт стерлингдан 10 фунт стерлингга кўтарилгач, улар энг қиммат аэропортлар деб топилди.
Эдинбург аэропортида бу тўлов 6 фунтдан 8,50 фунт стерлингга ошган бўлса, Борнмутда тўлов 5 фунтдан 8 фунтгача кўтарилиб, Лидс Брэдфорд ва Лондон Сити нархларига тенглашди.
Транспорт вазирлиги кўриб чиқиш мажбуриятини олганини маълум қилиб, "саёҳатлар ҳамёнбоп бўлиб қолишини ва йўловчиларга адолатли муносабатда бўлинишини таъминлаш жуда муҳим" эканини таъкидлади.
Ҳукумат, шунингдек, аэропортлар "айниқса жамоат транспорти муқобиллари чекланган жойларда нархларни оширишда вазминлик кўрсатишига" умид қилишини билдирди.
Жорий йилнинг июль ойида ушбу таҳлилни ўтказган RAC ташкилоти узоқ вақтдан бери йўловчиларни тушириб қолдириш тўловларининг оширилишига қарши кампания олиб бормоқда. Ташкилотнинг таъкидлашича, "кузатиб қўйиш ва учиб кетиш" тўловларининг кўриб чиқилиши "хайдовчилар учун жуда хушхабар" бўлади.
"Биз аэропортларда йўловчиларни тушириб қолдириш тўловлари тобора ортиб бораётган ғазаб ва норозилик манбаи эканини биламиз", деди RAC тўнг сиёсий офицери Род Деннис.
"Биз сўров ўтказган ҳайдовчиларнинг бешдан тўрт қисми буни 'шилиш' деб ҳисоблайди, фақат 10 кишидан бири аэропортлар нега бундай нарх белгилашини тушунади."
RAC тадқиқоти шуни кўрсатдики, тўловларни фақат 2026 йилда жорий қилган Лондон Сити аэропорти дақиқабай ҳисобланганда энг қиммати бўлиб чиқди.
Унинг беш дақиқа учун белгиланган 8 фунтлик тўлови дақиқасига 1,60 фунтга тўғри келади. Белфаст халқаро аэропорти энди йўловчиларни тушириб қолдириш ҳудудида 10 дақиқа учун 5 фунт ундиради, бу ўтган йилгидан 2 фунтга кўп.
RAC маълумотларига кўра, Европа Иттифоқидаги энг яхши 10 та аэропортнинг ҳеч бири йўловчиларни тушириб қолдириш учун тўлов олмайди.
Ташкилотнинг таъкидлашича, халқаро аэропортлар йўловчиларни тушириб қолдириш учун тўлов олмаслиги керак, гарчи соҳа вакиллари бу тўловлар аэропортлар бизнес моделларининг зарур қисми эканини важ қилишса-да.
Тўловлар тарафдорлари, шунингдек, бу саёҳатчиларни транспортнинг атроф-муҳит учун хавфсизроқ турларидан фойдаланишга ундашини айтмоқда.
"Буюк Британиядан ташқаридаги аэропортлар одатда давлат мулки ҳисобланади ҳамда давлат субсидиялари ва солиқ имтиёзларини олади, Буюк Британия аэропортлари эса одатда хусусий мулк бўлиб, тижорат солиқ ставкаларининг тўлиқ тўпламига тортилади", деди аэропортлар манфаатини ифода этувчи Airports UK бош жамоатчилик директори Карен Ди.
Унинг қўшимча қилишича, аэропортлар "терминалларга саёҳат қилувчилар учун турли хил имкониятларни, жумладан, бепул тушириб қолдириш шохобчаларини" таклиф этади ва ҳукуматнинг "ҳар қандай текшируви" аэропортларнинг "тирбандлик ва ҳаво ифлосланишини бошқаришнинг турли усулларидан аъло даражада фойдаланишини" кўрсатади.
Aviation Environment Federation кампания гуруҳи илгари бу тўловларни ҳимоя қилиб, улар аэропортлар атрофидаги тирбандлик ва ҳаво ифлосланишини камайтиришга ёрдам беришини айтган эди.
Шу ой бошида ҳукумат кейинги йилги ёзги таътилгача самолётда фарзандлари билан бирга ўтирадиган ота-оналар учун қўшимча тўловлар бекор қилинишини эълон қилди.
Бош вазир Енди Бернхем бу ўзгаришлар хонадонлар учун турмуш даражаси босимини енгиллаштиришга қаратилган "кундалик ечимлар" туркумининг бир қисми эканини айтди.

