Иқтисодиёт

Кешбекни тўхтатиш ва маркировкани кенгайтириш: солиққа оид таклифлар экспертлар назарида

1 фоизлик кешбек тўхтатилиши эвазига аҳоли нима олади, тежалган 1,8 триллион сўм қаерга сарфланади? Ёғни маркировкалаш харажати кимнинг зиммасига тушади? Ижтимоий солиқ имтиёзлари ходимлар даромадини ҳақиқатан ҳам оширдими, уни бекор қилиш қанчалик тўғри? Солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов ва иқтисодчи Отабек Бакиров Kun.uz билан суҳбатда ҳукумат идораларининг таклифларини муҳокама қилди.

**Кешбекни тўхтатиш ва маркировкани кенгайтириш: солиққа оид таклифлар экспертлар назарида**

**Кешбек бекор қилинса, эвазига нима берилади?**

**Отабек Бакиров:**

Кешбекни бекор қилиш ташаббусини қўллаб-қувватловчи омиллар санаб ўтилган, аммо унга қарши далиллар келтирилмаган. Қарор қабул қилишдан олдин барча жиҳатларни солиштириб кўриш керак. Кешбек жорий этилгач, яширин савдонинг қанчаси расмийлашгани аниқми? Агар у бекор қилинса, бу жараён давом этадими ёки ортга қайтадими? Бу саволларга жавоб берадиган таҳлиллар ҳали тақдим этилмаган.

Йилига 1,8 триллион сўмлик кешбек тўловини бекор қилиш эвазига истеъмолчи нима олади? “Шунча мактаб, шунча боғча қурилади” деган умумий гап етарли эмас. Масалан, тежаладиган маблағ “Ташаббусли бюджет”га йўналтириладими ёки истеъмолчи зиммасидаги бошқа солиқлар камайтириладими? Бунга ҳужжатлаштирилган кафолат керак.

Ҳозир айрим оилалар кешбекни ўз даромадининг бир қисми деб билади, интернет ва уяли алоқа харажатларини ҳам шунга боғлаган.

**Мурод Муҳаммаджонов:**

Мен бу тизим жорий этилаётган пайтдаёқ ҳисоб-китобни сўраганман. Ахир чек бераётган савдо корхоналарининг чеклари учун ҳам харидорга 1 фоиз тўланади. Қўшимча расмийлашган савдодан тушадиган солиқ шу харажатни қоплайдими? Фақат савдо тушумига қараш етарли эмас, бюджетга қанча солиқ тушганини ҳам ҳисоблаш керак.

Балки 1,8 триллион сўм харажат эвазига бюджетга анча кўп тушум келаётгандир. Буни ўрганмасдан бирёқлама хулоса чиқариб бўлмайди. Кешбек суммасининг ўсишини баҳолаганда тизимга кейинчалик киритилган чекловлар ва суиистеъмол ҳолатларининг олдини олиш чоралари ҳам инобатга олиниши керак.

**Отабек Бакиров:**

“Ўрикзор”, “Абу Сахий” ва қурилиш бозорларининг кешбек тўловларидаги улуши тизим бошланганидан бери қандай ўзгарганини билиш қизиқ. Айнан расмийлаштириш мақсад қилинган жойларда натижа қандай?

Кешбек ўрнига лотерея ўтказиш ечим эмас, деб ўйлайман.

Муқобил таклифим — маблағ қайси ҳудудда йиғилган бўлса, ўша ҳудуднинг “Ташаббусли бюджет” жамғармасига қўшимча йўналтириш. Масалан, туманда бир миллиард сўмлик кешбек шаклланса, шу маблағ ўша ердаги лойиҳаларга сарфлансин. Одамлар чек талаб қилишдан ўз ҳудуди манфаат кўришини билади. Тежалган маблағларнинг мақсадли ишлатилишига ишонч бўлиши керак.

## Ўсимлик ёғини маркировкалаш ва бизнес зиммасидаги харажатлар

**Отабек Бакиров:**

Ўсимлик ёғини маркировкалаш таклифига муносабатим салбий. Лойиҳада бозор ҳажми, яширин айланма ёки контрафакт улуши, кутилаётган иқтисодий самара ҳақидаги ҳисоб-китобларни кўрмадим. Бизнес, савдо ва истеъмолчи қанча харажат қилади, бунинг эвазига нима олади — шу саволларга жавоб керак. Ёғ кундалик зарур маҳсулот, унинг қимматлашиши кам даромадли оилаларга қандай таъсир қилиши ҳам баҳоланиши лозим.

Аввал маркировкаланган товарлар бўйича мустақил экспертиза ўтказиш керак. Нархлар қандай ўзгарди, иқтисодий наф қанча бўлди, яширин айланма қисқардими? Баҳолашни операторга ва бошқа манфаатдор томонларга алоқаси бўлмаган мустақил экспертлар ўтказиши, натижалар очиқланиши керак. Шунгача янги маҳсулотларни мажбурий маркировкалаш рўйхатига қўшишга мораторий жорий қилиш тарафдориман.

**Мурод Муҳаммаджонов:**

Мен аввало мавжуд тизим тўғри ишлаяптими, деб сўраган бўлардим. Ишлаб чиқаришда кодни ўқишдаги хатолик сабаб бутун линия тўхташи, уни қайта ишга туширишга тўғри келиши мумкин. Логистика, блок ва доналаб ҳисоб юритиш, код бошқа жойда ишлатилган бўлиб чиқиши билан боғлиқ муаммолар бор. Шуларни ҳал қилмасдан тизимга яна маҳсулот қўшиш муаммони кенгайтириши мумкин.

Харажатни фақат маҳсулот нархига нисбатан кичик улуш деб баҳолаш ҳам нотўғри. Шартли мисол: маҳсулот 7 минг сўмга сотилиб, ундан 700 сўм фойда қолса, 70 сўмлик қўшимча харажат сотув нархининг 1 фоизи, лекин ишлаб чиқарувчи фойдасининг 10 фоизи бўлади. Корхона буни ё нархга қўшади, ё фойдаси камаяди, ёки ҳар иккаласи. Фойданинг камайиши янги технология ва иш ўринларига инвестиция имкониятини чеклайди.

Кичик ишлаб чиқарувчиларга юк оғирроқ тушади. Бир хил ускунанинг харажати катта ҳажмда ишлаб чиқарувчида кўпроқ маҳсулотга тақсимланади, кичик корхонада эса маҳсулот бирлигига қимматроққа тушади. Шу сабаб бир завод мисолида ишлаб чиқаришдан охирги истеъмолчигача бутун жараённи синаб, харажат, вақт йўқотилиши ва техник муаммоларни ҳужжатлаштириш керак. Кейин оммалаштириш ҳақида хулоса қилса бўлади.

**Отабек Бакиров:**

Давлат бизнесни муайян оператор (СРПТ Турон) хизматидан фойдаланишга мажбур қилаётган экан, операторнинг ўзи ҳам ҳисобдор бўлиши керак. Унинг молиявий ҳисоботлари, тушуми, харажати ва дивидендлари жамоатчиликка кўриниши лозим. Мен маркировка операторини жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар рўйхатига киритиш масаласини кўтаряпман. Парламент ҳам ундан иқтисодиётга қанча манфаат ва қанча юк келтирганини сўраши керак.

## Ижтимоий солиқ имтиёзларидан ким манфаат кўряпти?

**Отабек Бакиров:**

Пенсия тизимини мувозанатлаштириш учун меҳнаткашлар ва бўлажак пенсионерларга ёқмайдиган чораларни муҳокама қилар эканмиз, йирик бизнесга берилган ижтимоий солиқ имтиёзларини ҳам кўриб чиқишимиз керак. Бир томондан оддий одамга юк ошиб, иккинчи томондан айрим компанияларга нол ёки 1 фоизлик ставка сақланиши икки хил стандарт бўлади.

Имтиёз муддатли бўлиши керак. Уч йилга берилдими, муддат тугагач натижа сарҳисоб қилинсин: маошлар қанча ошди, нечта ищи расмийлашди? Шундан кейин қарор қабул қилиш лозим. Менинг кузатувларимга кўра, имтиёзлар айрим ҳолларда ходим даромадидан кўра компания эгаларининг фойдасига хизмат қилди. Лекин менда тўлиқ маълумотлар йўқ. Аксини кўрсатадиган далиллар бўлса, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси очиқ эълон қилсин.

**Мурод Муҳаммаджонов:**

Маълумот эълон қилинмаганини натижа бўлмаган деб қабул қилишга қўшилмайман. Кенгашдаги муҳокамаларда чакана савдо ва умумий овқатланишда ходимларни расмийлаштириш тенденсияси ошгани ҳақида маълумотлар кўрилган. Иш ҳақи ўсиши ҳамма жойда кузатилмаган бўлса-да, расмий бандликда ижобий ўзгариш бўлган. Умумий статистикани ҳозир айта олмайман, лекин бу масала муҳокама қилинган.

Ўз амалиётимда ҳам шуни кўрганман: корхона ҳужжатда 70 ходим кўрсатиб, амалда 300 кишини ишлатаётган бўлса, ижтимоий солиқ ставкаси пасайгани ҳисобига ҳаммасини расмийлаштиришга ундаганмиз. Нега бу таҳлиллар очиқ эълон қилинмаганига мен ҳам жавоб бера олмайман. Аммо маълумот очиқ эмаслиги унинг умуман йўқлигини англатмайди.

Солиқнинг вазифаси фақат бюджетга пул йиғиш эмас, иқтисодиётни рағбатлантириш ҳамдир. Чекка ҳудудга корхона олиб бориш, ривожланиши қийин соҳада иш ўрни яратиш учун имтиёз керак бўлиши мумкин. Ҳаммасини бекор қилишдан олдин қайси ҳудуд ва соҳага қандай таъсир қилишини ўрганиш зарур. Шу билан бирга, алоҳида компанияга индивидуал имтиёз беришни қўллаб-қувватламайман.

**Отабек Бакиров:**

Сўх ва Мўйноқ каби ҳудудларда ҳам имтиёз берилган даврда расмий ишловчилар ва солиқ тўловчилар сони қандай ўзгарганини кўрсатишсин. Асосий талабим — натижанинг очиқлиги. Алоҳида компанияларга ёпиқ қарор билан имтиёз берилишига қаршиман. Агар субсидия билан солиқ имтиёзини таққосласак, қисқа муддатга, аниқ шартлар ва натижа талаби билан бериладиган солиқ имтиёзини маъқулроқ деб биламан. Бу чексиз имтиёз беришни давом эттириш керак дегани эмас.

## “Углерод солиғи ҳам истеъмолчи зиммасига тушмасин”

**Мурод Муҳаммаджонов:**

Углерод солиғи мавжуд солиқларга қўшимча қилиб жорий этилса, нархларга таъсир қилади. Ёқилғи ишлаб чиқарувчига ёки шу ёқилғидан фойдаланадиган тадбиркорга солинган юк охир-оқибат истеъмолчига боради. Шу сабаб фақат қанча солиқ ундирамиз ёки чиқиндини қанча камайтирамиз, деб қараш етарли эмас. Аҳолига таъсирини ҳам ҳисоблаш керак.

Мавжуд аксизнинг бир қисмини углерод солиғига алмаштириш вариантини кўриб чиқиш мумкин. Шунда масала шунчаки яна бир солиқ қўшишдан кўра, амалдаги юкни қайта ташкил этиш доирасида ҳал қилинади. Акс ҳолда қўшимча харажат корхонанинг даромадини камайтириб, филтрлаш ускуналарини янгилаш имкониятини ҳам чеклаши мумкин. Солиқ киритишдан олдин шу таъсирлар ўрганилиши лозим.

**Отабек Бакиров:**

Углерод солиғининг мақсади бюджетга қўшимча даромад топиш эмас, атроф-муҳитни ифлослантираётган корхоналарни технологияларини ўзгартиришга, экологик стандартларга яқинлашишга ундаш бўлиши керак. Мен бу солиқнинг жорий этилишига қарши эмасман. Лекин мавжуд солиқларни мутаносиб ўзгартириб, юкни қайта тақсимлаш масаласи бирга кўрилиши зарур.

Яна бир муҳим савол — чиқиндиларни адолатли баҳолаш имкониятимиз борми? Кўмир ёқадиган электр стансияси ёки нефт-газни қайта ишловчи корхонани қайси ўлчов асосида солиққа тортамиз? Эмиссияларни ўлчаш ва баҳолаш воситалари етарлими? Таклифни илгари сураётганлар муайян корхона мисолида буни ҳисоблаб, далилларни кўрсатиши керак.

Экологик талаблар ҳақида гапирганда иссиқхоналар масаласини ҳам унутмаслик лозим. Уларнинг фаолиятини тўхтатиш ўрнига қатъий стандартлар белгилаб, ишлаб чиқаришни сақлаган ҳолда талабларни бажаришга эришиш мумкин эди. Иссиқхоначиларнинг ҳам эшитилмаган муаммолари бор. Янги солиқ улар зиммасига ҳам тушиб, кейин маҳсулот нархи орқали аҳолига ўтиб кетмаслигига эътибор бериш керак.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.