Лайфстайл

Кайфиятни кўтариб, ҳаётни бироз енгиллаштирадиган 7 та филм

Кайфиятни кўтарувчи ва ҳаётни енгиллаштирувчи 7 та филм

Филм томоша қилиш – ҳиссий кечинмаларни енгишнинг кенг тарқалган усулларидан биридир. Кинолар кайфиятни кўтариши, муаммолардан чалғитиши ва ўз ҳис-туйғуларимизга бошқача назар билан қарашга ёрдам бериши мумкин. Баъзан экранда ўзимизга таниш кечинмаларни кўриш ҳам ўзимизни яхшироқ англашга ва бироз руҳий енгиллик ҳис қилишга ёрдам беради. Қуйида кайфиятни кўтариши, ҳис-туйғуларни тушунишга ёки шунчаки мияга дам беришга ёрдам берадиган 7 та филмни жамладик.

1. “Бошқотирма” (2015)

Баъзан инсоннинг руҳий ва ҳиссий ҳолатини тушуниш учун унга бола нигоҳи билан қарашнинг ўзи кифоя. Пихарънинг машҳур “Бошқотирма” мултфилми миямизда яшайдиган қувонч, қайғу, ғазаб, хавотир, қўрқув ва жирканиш каби туйғулар ҳақида ҳикоя қилади. Филм қайғу ёки тушкунликни ҳам қабул қилиш кераклигини кўрсатади. Чунки қайғуни бошдан кечириш руҳий тикланиш, улғайиш ва ҳаётда олдинга интилиш учун муҳим.

2. “Уолтер Миттининг ғаройиб ҳаёти” (2013)

Бу филм тушкунлик, стресс ва хавотирни енгишда ёрдам берадиган картиналардан бири. Бир хил ҳаёт тарзига тушиб қолган Уолтер Митти янги таассуротлар ва саргузаштларни орзу қилади ва ҳақиқий саёҳатга отланади. Филм ҳаёти гўё ёнидан ўтиб кетаётгандек туюлган инсонларга яна маъно излаш, мақсад сари интилиш ва орзу қилишдан тўхтамаслик учун жасорат беради.

3. “Амели” (2001)

“Амели” — руҳий тушкунликдан чиқишга ёрдам бериши мумкин бўлган машҳур филмлардан бири. Воқеалар Парижда кечади. Тортинчоқ ва уятчан қиз бошқаларга ёрдам бериш орқали ҳаётдан қувонч топади. Филм инсоннинг кичик эзгу амаллари ҳам ҳаётни мазмунли қилишини кўрсатади. Ёрқин ранглар, ўзига хос муҳит ва оддий лаҳзалар эса картинага алоҳида жозиба беради.

4. “Паддингтоннинг саргузаштлари 2” (2017)

Ёқимтой айиқча Паддингтоннинг ҳаёти ва саргузаштлари ҳақидаги иккинчи филм меҳрибонлик ва оптимизмга бой. Содда, кулгили ва илиқ муҳитга эга ушбу картина чалғишга эҳтиёж сезган пайтда айни муддао. Филм кундалик муаммолардан бироз узоқлашишга, дўстлик ва меҳрга тўла оиланинг қадрини эслашга ёрдам беради.

5. “Тафаккур ўйинлари” (2001)

“Оскар” мукофотига сазовор бўлган филм шизофрения билан курашган математик Жон Неш ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Яқинларининг меҳри, қатъияти ва уни қўллаб-қувватлаган инсонлар ёрдамида у ўз ҳолати билан яшашни ўрганади ҳамда ҳаётдаги ўз ўрнини қайта топади. Филм руҳий касалликлар ҳақида сўз юритиб, қийинчиликлар йўқолмаса ҳам ҳаёт мазмунли бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

6. “Жули ва Жулия” (2009)

Ҳаёт зерикарли ва бир жойда қотиб қолгандек туюлса, баъзан ошпазлик, қўл меҳнати ёки янги ижодий машғулот ёрдам беради. Филм Жули Пауеллнинг Жулия Чайлд рецептлари асосида таом тайёрлаши ва шу билан бирга ишдаги босим, стресс, ишончсизлик ҳамда ўзига бўлган шубҳалар билан курашиши ҳақида. Қаҳрамоннинг ўзини англаш йўли ҳаётни қайтадан бошлаш ҳеч қачон кеч эмаслигини эслатади.

7. “Келажакдаги севгилим” (2013)

Филм Тим Лейк исмли йигит ҳақида. У 21 ёшга тўлганида отасидан оиласидаги эркаклар ўтмишга саёҳат қила олишини билиб олади. Дунё тарихини ўзгартиришнинг иложи йўқ, аммо ўз ҳаётингдаги айрим воқеаларни қайта бошдан кечириш мумкин. Енгил романтика, ҳаётнинг қадрига етиш ва шукроналик каби чуқур мавзулар уйғунлашган ушбу филм руҳий ҳордиқ учун яхши танлов.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.