Катта Чимёнда адашиб қолган 7 киши қутқарилди
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Катта Чимён тоғига сайр қилиш учун чиққан 7 нафар фуқаро йўлдан адашиб, тоғдан тушолмай қолди. ФВВ қутқарувчилари уларни топиб, соғ-саломат хавфсиз ҳудудга олиб чиқди.

Катта Чимён тоғида йўлдан адашган 7 нафар фуқаро қутқарилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, кеча Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармасига 112 тизими орқали Бўстонлиқ туманидаги Катта Чимён тоғида фуқаролар ёрдамга муҳтожлиги ҳақида мурожаат келиб тушган.
Аниқланишича, 7 киши сайр қилиш учун тоғга чиққан ва йўлдан адашиб қолган. Шу сабабли улар тоғдан мустақил равишда туша олмаган.
Хабар келиб тушгач, қутқарувчилар кўрсатилган манзилга етиб бориб, ҳудудда қидирув-қутқарув ишларини бошлаган.
Ўтказилган қидирувлар натижасида адашиб қолган барча фуқаролар топилиб, хавфсиз жойга олиб чиқилган.
ФВВ маълумотига кўра, ушбу ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.

