Маҳаллий

Кастрация, умрбод қамоқ жазоси ёки ўлим: педофилияга қарши қандай курашиш керак?

Педофилияга қарши жазо кучайтирилиши яхши, аммо бу фақат жиноят содир этилганидан кейинги чора, дейди ҳуқуқшунос Камола Алиева. У болалар билан ишлайдиган ҳар қандай тизимда зўравонликнинг олдини олиши учун муҳит бўлиши, жиноятчилар эса жазо муқаррарлигини ҳис қилиши кераклигини таъкидлади.

Кастрация, умрбод қамоқ жазоси ёки ўлим: педофилияга қарши қандай курашиш керак?

Наманганнинг Учқўрғон туманидаги давлат боғчасида 5 ёшли қизалоқ жинсий зўравонликка учраганидан сўнг, педофилияга қарши жазо чоралари яна муҳокама қилина бошланди.

Суҳбатда ҳуқуқшунос Камола Алиева дунё тажрибасига таянган ҳолда, педофилияга қарши самарали кураш йўллари ҳақида фикр билдирди.

Ҳуқуқшуноснинг айтишича, кастрация, ўлим ва ҳатто умрбод қамоқ жазоси ҳам муаммога ечим бўла олмайди.

“Дунё тажрибасида кимёвий кастрацияни қўллайдиганлар ҳам бор. Кастрация ўзи нима дегани? Бу — эркакларнинг жинсий майлини йўқотиш, яъни болага нисбатан агар жинсий майли бўлса, педофил ҳисобланса, шу шахснинг жинсий майли махсус дорилар орқали туширилади”.

Камола Алиева жиноятчини кастрация қилиш дунё тажрибасида унинг қамоқ жазоси тугаётган пайтда, озодликка чиқишидан олдин ўз хоҳишига кўра амалга оширилишини қайд этди. Бироқ ҳуқуқшуноснинг айтишича, бу ҳолат қайтиши, яъни жинсий майл тикланиши эҳтимоли ҳам мавжуд.

“Дейлик, ҳар 6 ойда бу амалиётни такрорлаб туриш керак. Лекин шу орада бундан бош торца, жинсий майл яна тикланаверади. Педофил кастрация қилмайман деса, бунга ҳеч ким қаршилик қилолмайди. Яъни Ўзбекистон шароитида бу ҳам ечим эмас”, — дейди у.

“Агар давлат мазкур тиббий жараён ўтказилишини бўйнига олиб, кимёвий кастрацияни йўлга қўйса, буджетдан катта миқдорда пул ажратилиши керак бўлади. Яъни бу — қиммат жараён. Иккинчидан унинг сифати масаласи ҳам бор. Учинчидан, педофил одам ҳеч қачон „мен педофилман, мени кастрация қилинглар“ деб келмаса керак. Мен унақасини кўрмаганман. Дунё тажрибасида ҳам катта эҳтимол йўқ”, — дея қўшимча қилди Алиева.

Шунингдек, Камола Алиева ижтимоий тармоқларда илгари сурилган ўлим жазосига ҳам тўхталиб ўтди. “Бу бизнинг қонунчиликка ҳам, халқаро мажбуриятларимизга ҳам, инсонийликка ҳам тўғри келмайдиган жазо тури ҳисобланади”, — дейди мутахассис.

“Албатта, ҳаммамиз ғазабдамиз. Ҳаммамиз педофилларни жазолаб, йўқ қилиб юборишни истаймиз. Лекин ўлим билан эмас. Ҳуқуқий жиҳатдан олиб гапирсак, биз 2008-йилда ўлим жазосига мораторий эълон қилганмиз. Бу Конституцияда ҳам белгилаб қўйилган”.

Бундан ташқари, ҳуқуқшунос мамлакатдаги суд тизимидаги муаммолар сабаб ўлим жазоси “айрим инсофсиз одамларнинг қўлида қурол бўлиши, „ноқулай“ бўлган одамларни йўқ қилиш учун инструментга” айланиши мумкинлигини ҳам таъкидлади. “Яъни бу вариант ҳам бизга тўғри келмайди”, — деди у.

Камола Алиева АҚШ ва Хитой каби давлатларда айрим жиноятлар учун ўлим жазоси мавжудлигини эслатиб, бироқ олий жазо жиноятлар камайишига, жиноятчилик йўқолиб кетиб, жинсий зўравонликларнинг тўхташига олиб келмаётганини қайд этди.

“Демак, асосий масала — жазонинг оғирлигида эмас, жазонинг муқаррарлигида. Яъни ўша инсон мана шу жиноятни қиляптими, қилмоқчи бўляптими, уни 100 фоиз топишлари, жазога тортишларини билиши керак. Ана шундагина у орқага чекиниши мумкин. Яъни бутун тизим унга қарши ишлашини тушуниши керак. Зўравонликни қилиб, қутулиб кетаман деган ишонч бўлмаслиги керак. Менимча, нафақат болага нисбатан бўлаётган, ҳар қандай зўравонликда ҳам қутулиб кетаман деган ишонч бор. Тизимда шундай муҳит бор. Жазо муқаррарлигини ҳис қилишмайди”, — дейди Алиева.

Намангандаги мудҳиш ҳодиса фонида Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун жазони кучайтиришга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис депутатлари ва сенаторларининг тасдиқ ва маъқулловидан ўтди. Унга кўра, педофилларга умрбод қамоқ жазосини қўллаш ҳам таклиф қилинган. Амалдаги қонунчиликда ҳозирча бу жиноят учун узоғи 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган.

Камола Алиева жазонинг кучайтирилиши тарафдори эканини айтаркан, лекин бу ҳам жиноят содир этилганидан кейинги чора эканини эслатди.

“Нега умрбод қамоқ жазоси таклиф қилиняпти ўзи. Эсингларда бўлса, 2025-йилнинг 10 куни ичида Оҳангарон ва Наманганда 2 та кейс кузатилган. Айнан 14 ёшгача бўлган шахснинг номусига тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш (Жиноят кодексининг 118−119-моддалари) билан жазосини ўтаётганлар муддатидан аввал озодликка чиққач, биринчи қилган иши — болани зўрлаш бўлган. Биттаси 9 ёшли қизни, иккинчиси тоғасининг набираси бўлган 7 ёшли қизни зўрлаган. Шу 2 та ҳолатдан кейин бу рецидивистлар учун нега енгил жазо берилаётгани савол остига олинганди. Шундай шахсларни жамиятдан ажратиш, изоляция қилиш мазмунида умрбод қамоқ жазоси таклиф қилинганди”, — дейди ҳуқуқшунос.

Эслатиб ўтамиз, болаларга нисбатан зўравонликни қайта содир этган шахслар учун умрбод қамоқ жазосини белгилашга оид топшириқ 2026-йил 16-февралдаги Ўзбекистон — 2030 стратегиясини амалга ошириш тўғрисидаги (ПФ-22-сон) президент фармонида назарда тутилганди.

Уни бажариш муддати 2026-йил 1-апрелгача этиб белгиланган. Тегишли ўзгартиришларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан 29-сентабр куни — белгиланган муддатдан қарийб олти ой ўтиб биринчи ўқишда қабул қилинди.

“Бу [масала] ўтган йили ҳам кўтарилганди. Лекин вақтида киритилмади, кечикди. Амалиётда кечикиш ҳолатлари жудаям кўп. Лекин резонанс ўтган йили ҳам бўлган-ку, ундан кейин ҳам бўлди. Қанча ҳолатлар бор. Охирги 4 йилда 445 тадан ҳам кўпроқ жинсий зўравонлик жиноятлари содир этилган. Бу — биз билганларимиз, холос”, — деди мутахассис.

Камола Алиева зўравонликнинг олдини олиш учун тизимда аввало муҳитнинг ўзи бунга йўл қўймаслиги кераклигини таъкидлади.

“Камералар 100 фоиз бўлиши, ишлаши лозим. Ишга қабул қилаётганда, кимни қабул қиляпсиз, у одам ким ўзи, олдин қаерда ишлаган — мана шу маълумотларни иш берувчи билиши керак, бу унинг масъулияти бўлиб қолади. Айниқса таълим тизимида болалар билан ишлашга кираётган ҳар бир ходим ким ўзи деган саволни ҳар бир бошлиқ, ҳар бир тизим, масъул ходимлар, раҳбарлар ўзига савол сифатида бериши керак”, — деди суҳбатдош.

Газета олдинроқ дунё амалиётида болаларни ҳимоя қилиш барча муассасалар ва ходимлар учун мажбурий бўлган қатъий стандарт ва протоколларга асосланиши, Намангандаги боғчада қизчага қилинган зўравонлик Ўзбекистон таълим ва тарбия тизимида бундай механизмлар йўқлигини кўрсатгани ҳақида ёзган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.