Маҳаллий

Касб-ҳунар таълимида янги тартиб: ўқиш, қабул ва баҳолаш тизими ўзгаради

Ўзбекистонда касбий таълим тизимини тартибга солувчи янги низомлар тасдиқланди. Унга кўра, касб-ҳунар таълими меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштирилади, ўқувчиларни қабул қилиш, педагогларни ишга олиш ва билимни баҳолаш тартиби янгиланади.

Касб-ҳунар таълимида янги тартиб жорий этилди: ўқиш, қабул ва баҳолаш тизими янгиланади

Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 29-сентабрдаги 526-сон қарори билан касбий таълим соҳасига доир бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, касбий таълим тўғрисидаги низом; касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тартиби; касбий таълим ташкилотларига педагог кадрларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби; касбий таълим ташкилотлари ўқувчиларининг билимини баҳолаш тартиби тасдиқланди.

Янги низомлар Ўзбекистонда касбий таълимни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилаб беради. Уларнинг талаблари барча касбий таълим ташкилотларига татбиқ этилади.

Ҳужжатга кўра, касбий таълим иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболлари, устувор вазифалари, замонавий техник ва технологик тенденсиялар, шунингдек, меҳнат бозорида ўрта бўғин кадрларга бўлган эҳтиёж инобатга олинган ҳолда ташкил этилади.

Таълим жараёни иш берувчиларнинг таклифлари ҳамда «ҳаёт давомида таълим олиш» тамойили асосида йўлга қўйилади. Бу фуқароларга муайян касб ёки мутахассислик бўйича билим ва кўникмаларни эгаллаш имконини беради.

Низомда «академик қарздор», «билим», «бошланғич касбий таълим дастурлари», «буюртмачи техникум», «инклюзив таълим дастури», «квалификация», «компетенсия», «кўникма» ва бошқа тушунчаларга аниқ таърифлар берилган.

Касбий таълим ташкилотлари ўқувчиларга бошланғич касбий таълим, ўрта касбий таълим ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича билим беради. Техникумлар эса ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш, ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг малакасини ошириш учун ташкил этилади.

Шунингдек, инклюзив таълим дастурлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг алоҳида эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади. Бундай дастурларда мослаштирилган таълим дастурлари, махсус педагогик ёндашувлар ва қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари назарда тутилади.

Қарор билан илгари қабул қилинган айрим ҳукумат қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Айрим қарорлар эса ўз кучини йўқотган деб ҳисобланди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.