Каннаваро: «Энди миллий жамоада ҳеч кимга имтиёз бўлмайди»
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Эронга қарши 3:1 ҳисобидаги ғалабали ўйиндан кейин фикрлари билан ўртоқлашди. Италиялик мутахассис миллий жамоага футболчиларни чақиришда энди аввалги хизматлар учун ҳеч қандай имтиёз берилмаслигини айтди.

Каннаваро: «Энди миллий жамоада ҳеч кимга имтиёз бўлмайди»
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро 24-сентабр куни Эронга қарши (3:1) ўртоқлик учрашувидан кейин матбуот анжуманида қатнашиб, ўз фикрларини билдирди.
«Ўйин осон кечмади. Бу учрашувга тайёргарлик кўриш учун бизда 3 кун вақт бор эди. Шунга қарамай, футболчилар билан кўп ишладик, баҳснинг дастлабки 20 дақиқаси муҳимлигини муҳокама қилдик. Жамоавий ўйин орқали яхши натижага эриша олишимизни тушунтирдим. Ғалаба ёки мағлубият бўлишидан қатъи назар, бирдамлик билан ҳаракат қилишимиз кераклигини таъкидладим».
«Эрон бизга асосан стандарт вазиятларда хавф туғдириши мумкинлигини билардик. Футболчиларим яхши ўйин намойиш этди. Йигитлар билан фахрланаман. Бу натижани имкон қадар тезроқ унутиб, кейинги ўйинлар ҳақида ўйлашимиз керак».
«Дарвозабон Абдувоҳид Неъматовнинг жароҳати? Таркибдаги барча футболчиларга ишонаман. Кеча Неъматов жароҳат олди ва Эронга қарши ўйнамаслиги маълум бўлди. Аммо қолган футболчиларга ишончим комил эди. Владимир Назаровни Осиё Чемпионлар лигасидаги ўйинларида кўргандик ва уни майдонга туширишга қарор қилдик. Йиғинга ким чақирилган бўлса, барчаси тайёр ҳолатда келган. Аввал ҳам айтганимдек, миллий жамоанинг эшиклари барча учун очиқ. Аввалги йиғинларда кимларнинг меҳнати, саралашдаги ёрдами учун «бонус» берган бўлсак, энди бундай имтиёзлар бўлмайди. Ким миллий жамоага муносиб ва тайёр бўлса, шуни чақирамиз. Бизни олдинда Осиё кубоги кутиб турибди. Турнирга муносиб тайёргарлик кўриш учун бир ой вақтимиз бўлади. Ўша йиғинга йигитлар тайёр ҳолатда келади деган умиддаман».
«Эронга қарши баҳсда менга ёқмаган жиҳатлар ҳам бўлдими? Ушбу баҳсда кўплаб ижобий жиҳатларни кўрдик. Аммо бош мураббий сифатида янада яхшилаш имкониятларини излайман. Эрон бизнинг хатоларимиздан фойдалана олмаган бўлиши мумкин. Лекин бошқа рақиблар буни асло кечирмайди. Айниқса, марказий яримҳимоячилардан жамоавий ўйин кўрсатишни сўрадим. Шунингдек, жарима майдонимиз атрофида қоида бузилмасликни талаб қилдим. Аммо барибир бу борада хато қилдик ва голни ҳам шу тариқа ўтказиб юбордик. Ўйлайманки, биз янада яхшилаш мумкин бўлган жиҳатлар бор».
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси Фарғонада Эронни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Голлар Элдор Шомуродов (2) ва Ҳусайн Норчаев ҳисобига ёзилди.
Миллий жамоа ФИФА кунларида яна 2 та ўртоқлик ўйинини ўтказади: 1-октабр куни Тошкентда Сурияга қарши ва 6-октабр куни сафарда Жанубий Кореяга қарши.

