Канар ороллари яқинида қайиқ қутқарилганидан кейин 80 дан ортиқ мигрант ҳалок бўлган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирилмоқда
Қутқарувчилар кема бортида омон қолган 44 кишини топишди, бироқ ноқулай об-ҳаво туфайли бешта жасадни қолдиришга мажбур бўлишди.

Канар ороллари яқинида қайиқ қутқарилганидан кейин 80 дан ортиқ мигрант ҳалок бўлган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирилмоқда
Қайиқ Атлантика океанида 27 кун давомида оқиб юрганидан кейин 80 дан ортиқ киши, жумладан, бир чақалоқ ҳалок бўлган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирилмоқда.
Испания денгиз қутқарув хизмати чоршанба куни Гран-Канариянинг Аргинегин соҳилбўйи шаҳридан тахминан 65 денгиз мили жануби-ғарбда кемани топди ва бортда 44 нафар омон қолганлар ҳамда бешта жасадни аниқлади.
Қайиқ август ойи бошида Ғарбий Африкадаги Гамбиядан бортида 127 киши билан йўлга чиққан деб тахмин қилинмоқда. Испаниянинг «Caminando Fronteras» хайрия ташкилоти асосчиси, ҳуқуқ ҳимоячиси Хелена Малено Гарсон 83 киши ҳалок бўлганини айтди.
Денгиз қутқарув хизмати денгиздаги кучли тўлқинлар туфайли қутқарувчилар бешта жасадни олиб чиқишолмаганини маълум қилди.
Ташкилот кемада дастлаб қанча одам бўлганини тасдиқлай олмаслигини, чунки бу уларнинг ваколатига кирмаслигини билдирди.
Денгиз қутқарув хизмати ўз баёнотида омон қолган 44 киши Саҳрои Кабирдан жанубий Африкалик эркаклар эканини айтди.
«Қутқарув ишлари якунлангач, ҳудуддаги ноқулай об-ҳаво шароити — 20 узелли шамол ва 2,5 метрли тўлқинлар туфайли кема бортида топилган бешта жасадни олиб чиқиш имкони бўлмади», — дея қўшимча қилди ташкилот.
Омон қолганлардан уч нафари оғир аҳволда шифохонага вертолётда етказилган.
Қолганлари денгиз орқали Гран-Канарияга олиб борилди ва улар пайшанба куни эрта тонгда етиб келишди.

