Канадалик бокс афсонаси вафот этди: у фаолияти давомида умуман нокдаун ҳолатига тушмаган

Канадалик бокс афсонаси ҳаётдан кўз юмди: у фаолияти давомида ҳеч қачон нокдаун бўлмаган
Профессионал бокснинг оғир вазн тоифасида икки карра Жаҳон чемпионлиги учун даъвогар бўлган канадалик Жорж Чувало 89 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Жаҳон бокс кенгаши (ВБС) маълум қилди.
Чувало 12-сентябр куни — айнан туғилган кунида оламдан ўтди. Унинг ўлим сабаби ошкор этилмади.
Боксчи профессионал рингдаги фаолиятини 1956-йилда бошлаган ва оғир вазн тоифасида беш марта Канада чемпиони бўлган. Унинг ҳисобида 73 ғалаба (64 таси нокаут билан), 18 мағлубият ва 2 дуранг бор. Канадалик 93 та жангдан иборат фаолияти давомида бирор марта ҳам нокдаунга тушмаган.
Чувало Жаҳон чемпионлиги учун икки бор жанг қилган. У 1965-йилда америкалик Эрни Терреллга, 1966-йилда эса Муҳаммад Алига ютқазган. Канадалик боксчи 1972-йилда Али билан яна бир бор рингга чиққан. Ҳар икки жангда ҳам у ҳакамларнинг якдил қарори билан мағлуб бўлган. Кейинчалик Али канадалик рақибини “мен жанг қилган энг чидамли йигит” деб атаган.
Шунингдек, Чувало америкалик афсонавий боксчилар Жорж Форман ва Жо Фрейзерга қарши ҳам рингга чиққан.

