Канададаги ҳақиқат ва ярашув тадбирида пиёдаларни машина уриб юбориши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
Полициянинг маълум қилишича, Британ Колумбиясида ҳайдовчи тўрт нафар пиёдани уриб юборишдан олдин «тўсатдан соғлиғи ёмонлашган».

Канадада ҳақиқат ва ярашув кунига бағишланган тадбирда пиёдалар уриб юборилиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
Ҳодиса Канададаги интернат-мактаблар қурбонлари ва омон қолганлар хотирасига бағишланган миллий байрам — Ҳақиқат ва ярашув куни муносабати билан ўтказилган юриш пайтида содир бўлган.
Британ Колумбиясида Канаданинг Миллий ҳақиқат ва ярашув кунига бағишланган жамоатчилик юриши пайтида автомобиль пиёдаларни уриб юбориши оқибатида икки киши ҳалок бўлди, яна икки киши жароҳатланди.
Тўқнашув Ванкувер жанубида, АҚШ-Канада чегараси яқинидаги Тсаввассен биринчи миллати (туб аҳоли) ҳудудида юз берган.
Полициянинг маълум қилишича, ҳайдовчи тўқнашувдан олдин "тўсатдан соғлиғи ёмонлашган бўлиши мумкин" ва жамоат хавфсизлигига ҳеч қандай таҳдид йўқ.
Шунингдек, улар ушбу ҳодисанинг туб аҳоли болаларини мажбурий ассимиляция қилишга қаратилган Канада интернат-мактаблари қурбонлари ва омон қолганлари хотирасига бағишланган миллий байрам — Ҳақиқат ва ярашув кунига алоқаси бор деб ҳисоблашмаслигини билдиришди.
Ҳодиса содир бўлган ҳудудга масъул Дельта полиция бошқармаси тўқнашув маҳаллий вақт билан тахминан 10:25 да (Британ ёзги вақти билан 16:25) маҳаллий автотураргоҳда юз берганини маълум қилди.
Полиция воқеа жойида тергов олиб бораётганини ва аҳолидан ушбу ҳудудга яқинлашмасликни сўраганини билдирди. Шунингдек, жароҳатланган икки киши шифохонада даволанаётгани қўшимча қилинди.
"Бизнинг фикру хаёлимиз ушбу фожиали ҳодисадан жабр кўрганлар, уларнинг оилалари ва яқинлари билан бирга", — деди Дельта полицияси.
Воқеа жойидаги CBC News мухбирларининг гувоҳлик беришича, ҳодиса жойига ўндан ортиқ тез ёрдам машинаси етиб келган.
Ўтган ҳафта тадбирни тарғиб қилувчи ижтимоий тармоқдаги постда Тсаввассен биринчи миллати Миллий ҳақиқат ва ярашув куни шарафига жамоатчилик юриши ва ундан кейин уй устунининг очилиш маросимини режалаштирганини маълум қилган эди.
Тадбир маҳаллий вақт билан соат 09:30 дан 13:00 гача давом этиши керак эди.
Канада энергетика вазири Тим Хожсон ҳозирда ўчириб ташланган Х тармоғидаги постида ушбу юришда иштирок этганини маълум қилган ва тадбирдан иккита сурат улашган эди.
Тўқнашув юз берган вақтда у ҳали ҳам ўша ерда бўлган-бўлмагани номаълум.
Расмий сайт маълумотларига кўра, Тсаввассен биринчи миллати 491 аъзодан иборат бўлиб, уларнинг ярми Тсаввассен ерларида, қолганлари эса яқин атрофдаги ҳудудларда, жумладан, чегара ортидаги Беллингемда (Вашингтон штати) яшайди.
Канада собиқ интернат-мактаблар ҳудудида белгисиз қабрлар топилганидан кейин, 2021 йилдан бошлаб Миллий ҳақиқат ва ярашув кунини нишонлашни бошлаган.
Ушбу байрам интернат-мактабларда бедарак йўқолган ёки ҳалок бўлган болалар хотирасига бағишланган туб аҳоли ташаббуси билан ташкил этилган "Тўқ сариқ кўйлак куни" билан бир кунга тўғри келади.

