Кам таъминланганларга 9 ойда 191,4 млрд сўм ижтимоий кешбек тўланди
Энг кўп ижтимоий кешбек Андижон вилояти аҳолисига тўлангани маълум қилинди

Кам таъминланганларга 9 ойда 191,4 млрд сўм ижтимоий кешбек тўланди
2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида 651,3 минг нафар истеъмолчига жами 191 млрд 474 млн сўм ижтимоий кешбек тўлаб берилди.
Мазкур даврда ижтимоий кешбек олиш учун 7 млн 520,1 мингта харид чеки рўйхатдан ўтказилган. Ижтимоий кешбекнинг энг катта улуши Андижон вилоятига тўғри келган. Бу ҳудудда истеъмолчиларга 96,9 млрд сўм тўланган.
Тошкент шаҳрида 17,8 млрд сўм, Самарқанд вилоятида эса 15 млрд сўм ижтимоий кешбек ажратилган.
Кейинги ўринларда Тошкент вилояти — 13,7 млрд сўм, Фарғона вилояти — 9,8 млрд сўм, Сурхондарё вилояти — 6 млрд сўм ва Қашқадарё вилояти — 5,9 млрд сўм билан қайд этилган.
2023-йил 1-майдан бошлаб «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган жисмоний шахсларга чакана савдо обьектларидан белгиланган айрим маҳсулотларни харид қилишда одатдаги 1 фоизлик кешбек ўрнига 12 фоиз миқдоридаги ҚҚС қайтарилади. Бунинг учун «Солиқ» мобил иловасида харид чекининг ҚР-кодини сканер қилиш керак.

