“Каляри” ҳужумчиси бассейнда чўкиб кетишига сал қолди: футболчи реанимацияда

“Каляри” ҳужумчиси Яел Трепи бассейнда чўкиб кетиш хавфи остида қолди ва ҳозирда реанимацияда.
Италиянинг “Каляри” футбол клуби ҳужумчиси Яел Трепи бассейнда чўкиб кетишига бир баҳя қолди ва оғир аҳволда касалхонага ётқизилди. 20 ёшли франсиялик футболчи айни дамда Сардиниянинг Сассари шаҳридаги “Сантиссима Аннунзиата” шифохонасининг реанимация бўлимида даволанмоқда. Бу ҳақда Ал Жазеера нашри маълум қилди.
Воқеа 17-август куни Сардиниянинг Порто-Черво ҳудудида содир бўлган. Манбага кўра, Яел Трепи бассейнда кўп миқдорда сув ютиб юборган ва қутқарувчилар томонидан сувдан чиқариб олинган. Шундан сўнг у зудлик билан шифохонага етказилган. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, футболчи ҳозирда сунъий кома ҳолатида.
“Каляри” футболчининг соғлиғи билан боғлиқ бошқа тафсилотларни ошкор қилмаган. Бироқ клуб баёнотида Трепининг ҳозирда реанимацияда экани ва жамоа тиббиёт ходимлари ҳамда футболчининг оиласи билан доимий алоқада бўлиб тургани қайд этилган. Шунингдек, клуб жамоатчилик ва ОАВдан футболчининг шахсий ҳаётига ҳурмат билан муносабатда бўлишни сўради.
Маълумот учун, Трепи 2006-йил 20-майда Франсиянинг Вилленеуве-Саинт-Жорж шаҳрида туғилган. Футболчилик фаолиятини Франсияда бошлаган Трепи 2022-йилда “Каляри” академиясига қўшилган. 20 ёшли ҳужумчи 2026-йилдан “Каляри”нинг асосий жамоасида мунтазам майдонга туша бошлади.

